Тошкентда жисмоний имконияти чекланган ёшлар ўртасида бадминтон бўйича турнир ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси ва бадминтон федерацияси томонидан жисмоний имконияти чекланган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар ўртасида бадминтон спорт турини оммавийлаштириш мақсадида ўтказилган мусобақада 60 нафардан зиёд спортчи иштирок этди.
Турнирнинг эркаклар ўртасидаги жуфтлик баҳсларида Владислав Лигай ва Валерий Литвиненко шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Хотин-қизлар ўртасида Элвира Легай ва Олга Комилова олтин медални қўлга киритган бўлса, аралаш жуфтликда Қиличбек Ўролов ва Меҳригиё Амриддинова биринчи ўринни эгаллади.
– Бу каби мусобақалар спортга бўлган қизиқишимизни янада оширади, – дейди турнир иштирокчиси Муродбек Ғафурбеков. – Келажакда халқаро миқёсдаги мусобақаларда ҳам муносиб иштирок этиш ниятидаман.
Мусобақа ғолиб ва совриндорларига медаль, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.