Андижонда теннис бўйича эркаклар ўртасидаги «Фьючерс» ҳамда Халқаро теннис федерацияси (ITF) мусобақалари тақвимига кирувчи хотин-қизлар халқаро турнирлари якунланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Германия, Франция, Голландия, Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Украина, Беларус сингари ўнга яқин мамлакатдан теннисчилар иштирок этган турнир қизғин баҳсларга бой бўлди.
Хотин-қизлар ўртасидаги халқаро турнирнинг жуфтликлар баҳсида ўзбекистонлик Альбина Хабибулина ва россиялик Вероника Кудрметова жуфтлиги ғолиб чиқди.
Яккаликлар ўртасида россиялик Полина Монова беларуслик Светлана Пироженкони 6:2, 6:4 ҳисобида мағлубиятга учратиб, турнир ғолибасига айланди.
«Фьючерс» турнирининг яккаликлар ўртасидаги ҳал қилувчи баҳсида украиналик Денис Молчанов Россия вакили Ричард Музаевни 6:1, 6:4 ҳисобида мағлуб этиб, ғалаба қозонди. Жуфтлик мусобақаларида украиналик Денис Молчанов ва россиялик Денис Мацукевич бош совринни қўлга киритди.
– Андижондаги турнир мен учун муваффақиятли якунланди, – дейди турнир ғолиби украиналик Денис Молчанов. – Мазкур турнир барча халқаро талаблар даражасида ўтди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Изоҳ (0)