Япония ҳукумати сешанба куни Украина атрофидаги вазият муносабати билан Россияга нисбатан қўшимча санкциялар эълон қилди. Улар Россия Федерацияси расмий тузилмаларининг 23 нафар вакили ва бошқа шахсларга кириш визалари берилишини вақтинча тўхтатишни назарда тутади. Уларнинг рўйхати кейинроқ эълон қилинади. Бу ҳақда «ИТАР-ТАСС» хабар берди.
Япония санкцияларни еттита саноати ривожланган етакчи давлатлар раҳбарлари томонидан қабул қилинган муштарак қарор доирасида киритди.
18 март куни ҳам Япония Россияга илк санкцияларини жорий қилган эди. У Россиянинг Қримга нисбатан муносабатига боғлиқ бўлиб, виза режимини юмшатиш бўйича консультацияларни тўхтатиш ва инвестицион, коинотни ўрганиш ҳамда хавфли ҳарбий фаолиятнинг олдини олиш бўйича ҳамкорликлар тўғрисидаги битимлар тузишни музлатиб қўйишни назарда тутган.
Изоҳ (0)