Тошкент метрополитени ижтимоий тармоқларда “Чилонзор бекатида поезд тўхтаб қолди” мазмунида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, 1 апрель санаси соат 11:48 ларда метро йўналишларида қарийб 38 йилдан буён фойдаланиб келинаётган 21-сонли ҳаракат таркибининг компрессори ҳаво билан таъминланишида қисқа узилишлар кузатилган.
Шу боисдан, белгиланган йўриқномага асосан, машинист томонидан ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўловчилар “Чилонзор” бекатига туширилган. Шундан сўнг ортдан келаётган бошқа ҳаракат таркиби орқали тиркамага олинган ҳолда текширув йўлаги томон юборилган.
Ҳозирги вақтда йўналишда поездлар ҳаракати белгиланган жадвал асосида амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил октябрь охирларида Тошкент метрополитенининг “Шаҳристон” метро бекатида поезд таркиби техник носозлик сабаб тўхтаб қолганди. Ноябрь бошларида эса Тошкент метросида унутиб қолдирилган буюм поездларнинг кечикишига сабаб бўлгани айтилган эди.
Изоҳ (0)