Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида МЧЖни қасддан банкротликка олиб келиш ҳолати аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департаментнинг Янгиқўрғон туман бўлим томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда “Б.Ф.” МЧЖ раҳбари Н.М. ва “А.” МЧЖнинг Наманган филиали сотув бўлими собиқ менежери Г.И. дори воситаларини нақд пулга сотишдан тушган 6,7 миллиард сўмни назорат касса машинасидан ўтказмасдан “Б.Ф.” МЧЖни тўловга қобилиятсизлигини қасддан юзага келтиргани, шунингдек “А.” МЧЖ ва бошқа МЧЖларга 3,4 миллиард сўм миқдорида моддий зарар етказгани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 181-1-моддаси (қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш) ва 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Январь бошларида Сурхондарё вилояти Термиз туманида раҳбар қарзларни тўламаслик учун ўз корхонасини банкротликка олиб келгани маълум бўлганди.
Изоҳ (0)