Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва А.И.Герсен номидаги Россия давлат педагогика университети ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
![](/static/2025/02/14/photo_2025-02-13_17-13-06-qZBsgzDY.jpg)
Маълум қилинишича, агентлик раҳбарияти ва университети ректори Сергей Валентинович Тарасов ўртасида учрашув ўтказилиб, унда томонлар инклюзив ва коррексион таълим соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш истиқболларини муҳокама қилди. Сурдопедагогика, тифлопедагогика, логопедия ва олигоэфренопедагогика каби асосий йўналишларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Россия давлат педагогика университети ўзининг кўп йиллик тажрибаси ва илмий салоҳияти билан ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, педагогларнинг малакасини ошириш ҳамда инклюзив таълимнинг халқаро стандартларини жорий этишда фаол иштирок этади.
![](/static/2025/02/14/photo_2025-02-13_17-13-06 (2)-pcPvuKMS.jpg)
Ҳамкорлик йўналишларидан бири сифатида жисмоний имконияти чекланган шахсларни ижтимоий интеграция қилишнинг самарали воситаси сифатида адаптив жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди. Ўтган йили Ўзбекистонда Адаптив спорт турлари ассоциацияси ташкил этилгани ва университет бу соҳада мутахассислар тайёрлашга катта ҳисса қўшиши мумкинлиги таъкидланди. Хусусан, Тошкентдаги университет филиали адаптив спорт бўйича алоҳида факультет очиш режалаштирилмоқда. Ушбу факультет жисмоний ногиронлиги бор ёшларга ишловчи мураббий ва методистларни тайёрлаш марказига айланиши кутилмоқда.
Таълим йўналишларидан ташқари, томонлар битирувчиларнинг касбий мослашуви масаласини ҳам муҳокама қилди. Шу муносабат билан агентлик стажировка ўташ имкониятларини яратиш ва мутахассисларни ишга жойлаштиришда кўмаклашишга тайёрлигини билдирди. Қайд этилишича, бу битирувчиларнинг меҳнат бозорига самарали интеграция қилинишига хизмат қилади.
![](/static/2025/02/14/photo_2025-02-13_17-13-06 (3)-zsge-rwZ.jpg)
![](/static/2025/02/14/photo_2025-02-13_17-13-06 (4)-jbi3X8nF.jpg)
Россия давлат педагогика университетининг Тошкентдаги филиалида адаптив спорт бўйича алоҳида факультет очилиши ҳақида 13 февраль куни Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеселектор йиғилшида ҳам қайд этиб ўтилганди.
Мажлисда Адаптив спорт турлари ассосиацияси А.И.Герсен номидаги Россия давлат педагогика университети билан ҳамкорликда ногиронлиги бўлган ёшларни спорт билан қамраб олиш бўйича илмий асосланган методика ва стандартларни ишлаб чиқиши, университетнинг Тошкентдаги филиалида адаптив спорт бўйича алоҳида факультет очилиши маълум қилинган.
Давлат раҳбари ногиронлиги бўлган шахсларни спортчи қилиб тайёрлашда илмга асосланган методика, стандартлар, ўқув адабиётлари етишмаслиги, содда қилиб айтганда, соғлом спортчилар учун талаблар шундай кўчирилиб қўйилгани сабабли бу соҳада “катта сакраш” бўлмаётганини таъкидлаб ўтганди. Шу боис ҳар йили камида 100 нафар ногиронлиги бўлган спортчилар ва уларнинг мураббийлари малака ошириш учун хорижга юборилади. Шунингдек, ҳудудлардаги 39 та спорт мактаби параспорт турларига ихтисослашади.
Ўзбекистонда адаптив спортни ривожлантириш
Шавкат Мирзиёев Париждаги Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан ўтказган учрашувида мамлакатда имконияти чекланган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларга инклюзив шароит яратиш бўйича улкан ишлар амалга оширилаётганини айтганди.
Адаптив спортни ривожлантириш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни спортнинг ушбу йўналишига жалб этиш мақсадида Адаптив спорт турлари ассоциацияси ташкил қилинди. 2024 йил ноябрида Адаптив спорт турларини ривожлантириш дастури тасдиқланди.
Президент 5 ноябрь куни ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этишга оид таклифлар тақдимоти билан танишган эди. Мамлакатда 19 та параспорт тури билан шуғулланишга шароит яратилган. 25 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар спорт билан шуғулланиб келмоқда. Бу борадаги имкониятларни кенгайтириш мақсадида қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган. Хусусан, давлат спорт мактабларида адаптив спорт бўйича гуруҳлар ташкил этиш, маҳаллалардаги майдончаларни ногиронлиги бўлган шахсларга ҳам мослаштириш таклиф этилганди.
Адаптив жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини тайёрлашга ҳам эътибор кучайтирилиши айтилган эди.
Изоҳ (0)