Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон Республикалари ўртасида “Яшил йўлак” лойиҳаси доирасида таъсис шартномаси имзоланди, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Шартнома 27 декабрь куни мамлакатларнинг тизим операторлари (Ўзбекистондан — “Ўзбекистон миллий тармоқлари” АЖ, Қозоғистондан — KEGOC АЖ, Озарбайжондан — Azerenerji ОАЖ) томонидан имзоланди.
Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон давлат раҳбарлари томонидан 2024 йил 13 ноябрь куни имзоланган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон Республикалари ўртасида “яшил” энергия ишлаб чиқариш ва узатиш” лойиҳаси бўйича битимни амалга ошириш мақсад қилинган.
-yqT0oPoc.jpg)
Хабарда таъкидланишича, “Яшил йўлак” деб ҳам аталадиган ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Европа иттифоқининг “Яшил битим” каби янги ташаббусларини ҳисобга олган ҳолда савдо имкониятларини оширади. Ушбу лойиҳа энергетика тизимлари барқарорлигини мустаҳкамлашга ёрдам беради, шунингдек, “яшил” инвестициялар орқали иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш бўйича экологик мақсадларга катта ҳисса қўшади.
Томонлар Озарбайжоннинг Боку шаҳрида лойиҳани амалга ошириш бўйича қўшма корхона ташкил этиш таклифини қабул қилди. Хусусан, CESI компанияси лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш учун консалтинг компанияси сифатида иштирок этади.
2023 йилнинг ноябрида Бокуда электр энергиясини ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон вазирлари уч томонлама учрашуви бўлиб ўтганди. Унда томонлар Озарбайжон орқали Марказий Осиё давлатларидан Европага электр энергиясини экспорт қилиш имкониятларини кўриб чиққан. Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон Европага “яшил” энергия экспорт қилиш бўйича техник шартларни тайёрлашга, шунингдек, лойиҳани амалга ошириш учун қўшма корхона яратиш истиқболларини ўрганишга келишилганди.
2024 йилнинг августида Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев “яшил” энергия ишлаб чиқариш ва уни Озарбайжон орқали Европа мамлакатларига экспорт қилиш бўйича кенг кўламли минтақавий лойиҳани амалга оширишни тезлаштиришга келишди.
2024 йил ноябрь ойида Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон раҳбарлари “яшил” энергияни ривожлантириш ва узатиш лойиҳасига старт берди. Тадбирда сўзга чиққан Шавкат Мирзиёев қайта тикланувчи энергия иқтисодий мақсад эмас, балки келажакка қўшилаётган ҳисса, келгуси авлодлар олдидаги масъулият туйғусининг натижаси эканлигини таъкидлади.
Энергетика вазирлиги раҳбари Жўрабек Мирзамаҳмудов Каспий денгизи туби бўйлаб электр кабелини ўтказиш бўйича Қозоғистон—Ўзбекистон—Озарбайжон қўшма уч томонлама лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилса, Ўзбекистон 2030 йилдан бошлаб ортиқча электр энергиясини Европага экспорт қила олишини айтганди.
Изоҳ (0)