Юқумли касалликдан вафот этган XVIII аср руҳонийсининг мумиёланган жасади топилди. У ўлимидан бир неча йил ўтгач қабрдан олиб чиқилган ва Австриянинг Дунай дарёси шимолидаги қишлоқда жойлашган Авлиё Томас Блазенштейн черковидаги дахмага кўчирилган. Бу ҳақда маҳаллий маълумотларга таяниб CNN хабар берди.

Жасаднинг мўжизавий сақланганлиги — тери ва тўқималар бутунлиги – тарихда зиёратчиларни жалб қилган. Улар жасад қолдиқлари шифобахш хусусиятларга эга бўлиши мумкин деб тахмин қилган.
Бир гуруҳ олимлар “ҳавода қуритилган руҳоний” деб номланган сирли мумиё атрофидаги кўплаб жавобсиз саволларга янгича жавоблар тақдим қилмоқда. Қабрга сув сизиб кириши натижасида таъмирлаш ишлари бошланган. Бу эса мурдани замонавий илмий таҳлил қилишга туртки бўлган.
Германиянинг Мюнхен Людвиг-Максимилиан университети тиббиёт профессори Андреас Нерлих ва унинг ҳамкасблари компьютер томографияси, радиоуглеродли аниқлаш ҳамда суяк ва тўқима намуналарининг кимёвий таҳлили орқали мумиёнинг шахсини тасдиқлаган. Натижада жасаднинг узоқ вақт давомида қандай қилиб яхши сақланиб қолганини аниқлашга муваффақ бўлинган. Тадқиқот натижалари 2 май куни Frontiers in Medicine журналида чоп этилган.
Фанга номаълум мумиёлаш усули
Компьютер томографияси натижаси барчани ҳайратда қолдирган. Мумиёнинг қорин ва тос бўшлиғи арча ва қорақарағай дарахтларининг ёғоч бўлаклари, зиғир, каноп ва зиғир толали мато, шу жумладан нозик кашта тикилган мато каби материаллар билан тўлдирилгани аниқланган. Қўшимча токсикологик таҳлил мурдада рух хлорид ва бошқа элементларнинг изларини топган.
“Танага умуман тегилмаганлиги жуда ҳайратланарли, дейди жасадни ўрганган олимлар. Сабаби мумиёлаш учун тана очилиши керак.
Ушбу қарама-қаршиликка изоҳ бериш учун жамоа ушбу материаллар мумиёга тўғри ичак орқали киритилган бўлиши мумкин, деган тахминни илгари сурган. Тадқиқотчилар фикрича, айнан шу материаллар аралашмаси мумиёни ҳавода қуритилгандек ҳолатда сақлаб қолган.
Ёғоч бўлаклари ва матода сув бўлади. Рух хлориди қуритувчи таъсир кўрсатиб, ичакдаги бактерияларни камайтирган, деди Нерлих.
Олимнинг қўшимча қилишича, мурдани мумиёлашнинг бундай усули қадимги Мисрдагидан кескин фарқ қилади. Сабаби, Мисрда мумиёлаш учун жасадни очиш зарур бўлган. Бу руҳоний жасадида қўлланилган техника илмий адабиётларда илгари қайд этилмаган.
Унинг сўзларига кўра, бу усул XVIII асрда жасадни ташиш ва бошқа мақсадларда кенг қўлланилган бўлиши мумкин.
Янги таҳлил усуллари билан текширилганда, мумиёлар фақатгина скелет бўлибгина қолмай, улар ўтмишни ўрганиш учун ажойиб манбаа бўла олади. Масалан, касалликлар ва тиббий муолажаларни ўрганиш, дори-дармон истеъмоли, ўлим ҳамда танага бўлган муносабат каби маданий жиҳатлар ҳақида атрофлича маълумот олиш мумкин.
Яна бир олимга кўра, мумиёда рух хлоридидан ташқари оз миқдорда анъанавий мумиёлаш воситаси — маргимуш ҳам аниқланган.
Мумиё шахси аниқланди
Мумиёланган жасад аристократ Франц Хавер Сидлер фон Розенегг экани маълум. У Авлиё Томас Блазенштейн черковини олти йил давомида бошқарган. Тарихий қайдномаларда ёзилишича, руҳоний 1746 йилда 37 ёшида шу лавозимда вафот этган.
Радиоуглеродли таҳлил натижаси унинг ўлим санасини 1734 ва 1780 йиллар оралиғида деб белгилаган. Жасад таҳлиллари эса ўлим ёши 30 дан 50 гача бўлганини кўрсатган.
Бундан ташқари, руҳонийнинг чекиш одати бўлгани ва у сурункали сил касаллигидан азият чеккани, бунинг оқибатида ўткир ўпка қон кетиши сабабли вафот этганлиги ҳам ошкор бўлган. Номаълум сабабларга кўра жасад кўмилмасдан черков дахмасида қолдирилган.
Изоҳ (0)