Археологлар Перу пойтахти Лима шаҳри жанубидаги бадавлат Miraflores аҳоли туманида минг йиллик мумиёни топди, деб хабар бермоқда Reuters археологлар гуруҳи раҳбари Мирелла Ганозага таяниб.
“Бу оёқларини букиб ўтирган катта ёшли одам жасади”, — деди Ганоза агентликка. “Мумиёнинг сочлари узун, жағи деярли тўлиқ сақланиб қолган”.
Қолдиқлар тумандаги Уак Пуклян ҳудудидан топилган, деб ёзади агентлик. Жасад ёнидан археологлар сопол идишлар, матолар ва бошқа нарсаларни топди, деди Ганоза.
Мумиёга айланган одам минг йил олдин, замонавий Перунинг марказий қирғоғида инклар келишидан олдин ривожланган Ичсма маданиятининг гуллаб-яшнаган даврида яшаган бўлиши мумкин, деб тушунтирди эксперт.
Ичсма — Лима жанубидаги Лурин водийсида пайдо бўлган Жанубий Американинг маҳаллий маданияти ва штати. Ичсма давлати милоддан аввалги 1100 йилда пайдо бўлган. 1440—1470 йилларда Инка империяси томонидан эгаллаб олинган.
Изоҳ (0)