Жиззахда алимент тўламаган ота 15 суткага қамалди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор Д.И.дан алиментдан бўлган қарзни ундириш Прокуратура бюросининг Шароф Рашидов туман бўлими иш юритувига келиб тушган. Бўлим давлат ижрочиси томонидан қарздорга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари судига юборилган.
Суд жараёнида қарздор ўз айбига иқрор бўлиб, алимент тўловларини ўз вақтида тўлай олмаганини, оилавий шароити оғирлиги сабабли ҳозир ҳам алимент тўловларини тўлаб бера олмаслигини айтиб, унга қонуний енгиллик беришни сўраган.
Ундирувчи судда, фарзандларининг отаси алимент тўловларини ўз вақтида тўламаслигини, фарзандларини бир ўзи жуда қийналиб, тарбиялаётганини, қарздордан алимент тўловларини тўлиқ ундириб бериб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Суд жараёнида қарздорнинг айби, унинг ўз айбига иқрорлик ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиб берган кўрсатувидан ташқари, тушунтириш хатлари, маъмурий баённома ва ишда тўпланган бошқа ёзма далиллар билан ўз исботини топган.
Суд қарорига асосан қарздор Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Қарздор ота суд залида дарҳол қамоққа олиниб, жазони ўташ учун махсус муассасага жойлаштирилган.
Изоҳ (0)