Ўзбекистонда қарздорлик ҳисобига банклар балансига олинган мол-мулклар реализацияси тезлаштирилади. Бу ҳақда “Қарздорлик ҳисобига банклар балансига олинган мол-мулклар реализациясини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида белгиланди.

Қарорга кўра, 2025 йил 1 майдан устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган банкларга ва улар ҳузуридаги инвестиция компанияларига аукционда сотилмасдан қарздорликларни сўндириш эвазига банк балансига олинган мол-мулкларни бозор қийматида тўғридан тўғри сотишга, шу жумладан, кредит, бўлиб-бўлиб тўлаш, лизинг шартномалари ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа битимлар орқали сотишга рухсат этилади.
Тижорат банкларига қарздорликларни сўндириш эвазига банк балансига қабул қилинган бино-иншоотлар, технологик ускуналар ва бошқа мол-мулклар негизида тижорат банклари ҳузуридаги инвестиция компаниялари орқали тўхтаб қолган ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) фаолиятини тиклаб, уларни тайёр бизнес сифатида салоҳиятли инвесторларга сотиш ҳуқуқи берилади.
2025 йил 1 сентябрдан даъво аризаси бўйича ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш учун даъвонинг максимал баҳоси
- юридик шахсларга нисбатан БҲМнинг 150 бараваригача (56 миллион 250 минг сўмгача),
- якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан 100 бараваригача (37,5 миллион сўмгача),
- жисмоний шахсларга нисбатан 50 бараваригача (18 миллион 750 минг сўмгача) оширилади.
Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистон банкларида муаммоли кредитлар миқдори бир йилда 3,5 триллион сўмга ортди. 2025 йил 1 март ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги тижорат банкларининг муаммоли кредитлари (NPL) 24 триллион 348 миллиард сўмга етди. Таққослаш учун, 2024 йил мос даврида муддати ўтган қарзлар улуши 20 триллион 850 миллиард сўм бўлган.
Изоҳ (0)