Фарғонада Миллий гвардия формасини кийган шахс фуқарога қўпол муомала қилгани акс этган видеолар тарқалди. Вилоят бўйича Миллий гвардия бошқармаси ҳолат юзасидан маълумот берди.
Келтирилишича, Янги Фарғона кўчасида яшовчи фуқаро Қ.З. Марғилон шаҳридаги автотураргоҳда Миллий гвардия (Қўриқлаш бўлими) органига тегишли бўлган кийим-бошда, йўловчилар билан турли хил мавзуларда гаплашиб, Миллий гвардия органи шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этган.
Ҳолат юзасидан фуқаронинг хатти-ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўриш учун бошқарма мансабдор шахслари томонидан ўрганилган. Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмаси руҳий-асаб касалликлар бўлими томонидан берилган маълумотномада у 1992 йилдан буён назоратда турувчи, умрбод 2-гуруҳ ногирони экани аниқланган ҳамда унда бўлган кийим-бошлар олиб қўйилган.
Келгусида фуқаролар томонидан бу каби сохта форма кийишнинг олдини олишга қаратилган назорат тадбирлари олиб борилади.
Фарғонада бу каби ҳолат биринчиси эмас
2024 йил Марғилон шаҳридаги банкда сохта Миллий гвардия ходими қўлга тушган эди. Олиб борилган дастлабки суриштирув ишлари давомида, ўзини қўриқлаш хизмати ходимиман, деб юрган ушбу шахс аслида Марғилон шаҳар “Янги ҳаёт” маҳалласида яшовчи 20 ёшли фуқаро Ш.Х. экани аниқланган. Ушбу фуқаро Марғилон шаҳар ИИБ масъул ходимларига топширилиб, ҳарбий кийим-кечаклари ва бошқа анжомлари олиб қўйилган.
Изоҳ (0)