Малайзия пойтахти Куала Лумпурга ташриф буюрган ҳар бир сайёҳ шаҳарнинг тунги ҳаётини ҳис қилиш ва ҳақиқий кўча таомларидан баҳраманд бўлиш учун Жалан Алор кўчасига йўл олиши шарт. Бу кўча кундузи одатий кўринишда бўлса-да, кеч тушиши билан бутунлай бошқа оламга айланади. Ёрқин чироқлар, ҳар хил миллатларга мансуб ошпазларнинг қизғин ҳаракати, тамаддихоналар ва кўча сотувчиларининг бетакрор таомлари ҳавони турли хил иштаҳани очувчи ҳидлар билан тўлдиради.
Жалан Алорда Осиё ошхонасининг энг ёрқин таъмларини топиш мумкин. Малай, хитой, таиланд ва ҳинд ошхоналарининг ўзига хос таомлари шу ерда уйғунлашган. Денгиз маҳсулотлари, машҳур сатай шашликлари, ноодли шўрвалар, барбекю усулида пиширилган гўшт ва экзотик мевалар – буларнинг барчаси сайёҳларни ўзига жалб қилади. Айниқса, бу ерга маҳаллий аҳоли ҳам кўп ташриф буюриши таомларнинг сифати ва мазали эканлигидан далолат беради.
Кўчада шовқин тинмайди – ҳар томондан савдогарлар мижозларни жалб қилишга ҳаракат қилса, сайёҳлар ва маҳаллий одамлар стол атрофида тўпланиб, узоқ суҳбат қурадилар. Ўзига хос муҳит ва шаҳар тунги ҳаётининг жозибаси Жалан Алорни Куала Лумпурнинг энг қизиқарли гастрономик манзилларидан бирига айлантиради. Агар Куала Лумпурга борсангиз, бу кўчада ҳеч бўлмаганда бир марта кечки овқатланиб, шаҳарнинг ҳақиқий таъмини ҳис қилишингиз шарт.
Қуйидаги “Дарё” фотомухбири Мадина Нурманнинг ушбу кўчадан тайёрлаган фотолавҳаларини томоша қилишингиз мумкин.
Изоҳ (0)