“Афросиёб” чипталари нархи 20 фоизга, ётоқли поездларники эса 10 фоизга оширилди. Темирйўлда йўловчи ташиш соҳасида монопол компания бу сафарги нарх кўтарилиши сабабини темирйўл инфратузилмаси харажатлари, электр энергияси, шунингдек, янги юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларни харид қилиш харажатларни қоплаш билан боғлади. Умуман олганда, 12 ой давомида ташкилот поезд чипталари нархини 3 (!) марта оширди ва нарх бир йилда 60 фоизга қимматлади. “Дарё” нархлар нима учун бу қадар тез ўсаётгани сабаблари ва халқаро бозордаги ҳолатни ўрганди. Хулосалар сизни ҳайратда қолдириши аниқ.
Ўзи нима гап?
Ўзбекистон президентининг 2023 йил 10 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси темирйўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2024 йил 1 январдан бошлаб юқори тезликдаги ва тезюрар поездларда йўловчиларни ташиш хизматлари тарифларини давлат томонидан тартибга солиш амалиётидан воз кечиш, шунингдек, уларни бозор тамойиллари асосида тартибга солиш механизмига ўтиш амалга оширилган. Аммо бу йўловчи ташиш хизмати учун нархларни истаганча ошириш ҳуқуқини берадими?
Масалан, Тошкент—Самарқанд йўналишидаги “Афросиёб” электропоезди чиптаси нархи 2023 йилнинг ноябридан 170 минг сўмга етказилган эди. 2024 йил 20 январдан бошлаб нархлар 20 фоизга ошди.
2024 йил 15 майга бориб эса “Афросиёб” чипталарининг нархи эконом класс учун 20 фоиз, бизнес класс учун 30 фоиз ва VIP класс учун 40 фоиз миқдорида ошди. 2025 йилнинг февралидан нархлар яна 20 фоизга ошмоқда. Шундай қилиб оддий (эконом классидаги) поезд чиптаси нархлари 60 фоизга, бизнес ва VIP классидагиларники эса 80-100 фоизга қимматлаяпти.
Ташкилот нархлар ошишига электропоездларни харид қилиш ва йўловчи вагонлари паркини янгилаш, темирйўл вокзаллари фаолиятини янгича замонавий талабларга мувофиқ олиб бориш ва йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш ва инфляцияни важ қилиб кўрсатган.
Йўловчи ташиш хизматлари шу кунгача зарарга ишлаб келарди. Кўрилган зарарлар эса юк ташиш ҳисобидан қопланарди. Ҳозирда бу амалиётдан воз кечилди ва ўзини ўзи қоплаш тамойилига ўтилди. Бунинг учун эса нархни оширмасдан бошқа илож йўқ, дейди “Ўзтемирйўлйўловчи” акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Фозилбек Машарипов.
Энг кам ойлик “Афросиёб”да Бухорога бир марта бориб-келишга етади
Шу ўринда ўзбекистонликларнинг топиш-тутиши ҳам тобора ошиб бораётган нархларга мувофиқ ўсдими, деган савол туғилиши табиий. Келинг, масаланинг шу жиҳатини таҳлил қилиб кўрамиз.
2023 йил 17 ноябрдаги “Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги президент фармони билан 2024 йил 1 декабрдан иш ҳақи, пенсиялар ва ижтимоий нафақалар 7 фоизга оширилди. 2024 йил 1 октябрдан эътиборан эса бюджет ташкилотлари ходимларининг маоши 10 фоизга, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг маоши эса 15 фоизга кўтарилди. Демак, аҳоли даромадларида мисли кўрилмаган ўсиш бўлмади.
Айни пайтда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори — ойига 1 155 000 сўм. Бу пулга “Афросиёб” поездининг эконом тарифида Тошкентдан Бухорога 1 маротаба бориб келиш мумкин, холос.
Аҳоли норози бўлса, “Афросиёб” поезди борадиган жойга оддий поездлар ҳам боради. Марҳамат, арзон поездларда юриб, тегишли хизматлардан фойдаланиши мумкин, дейди Фозилбек Машарипов.
Иккинчи сабаб сифатида йўловчилар эҳтиёжини қондириш назарда тутилган эди. “Афросиёб” поездига октябрь, ноябрь ойида бирорта чипта топиб бўлмасди. Сиз чипта олиш учун 6 ой олдин режа қилмасангиз, “Афросиёб” поездидан чипта топишингиз амримаҳол эди.
Ривожланган давлатларда одамлар ўзининг ҳаракатланишини ярим йил олдин режалаштиради, поездга чипталарни ҳам ярим йил аввал харид қилади. Ҳаммаси режали бўлади. Албатта, бу табиий ҳол. 38 млн аҳолимиз бор. Биз поездларга суткасига 1000–1200 кишига таклиф бераётганимиздан кейин, рейсга 5–10 кун қолганда, табиийки, улгурган одам чипта сотиб олаверади, деган эди транспорт вазири Илҳом Маҳкамов.
Январда жараён нормаллашди. Ҳозир ҳаттоки бир кундан кейинги санага ҳам чипталарни топиш мумкин.
Сенатнинг 58-ялпи мажлисида Абдураҳим Эркаев тезюрар поезд чипталарининг нархи самолёт чипта нархларидан қиммат бўлиб кетганига эътибор қаратди. Унинг эътирозига жавобан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Зуфар Нарзуллаев бундай ҳолат нормал экани, дунё миқёсида ҳам шундай тартиб жорий этилганини таъкидлаганди.
Унинг сўзларига кўра, ўтган йилнинг ўзида “Афросиёб” тезюрар поезди 238 млрд сўм зарар кўрган. Темирйўл тизими масъули Европада, умуман, жаҳон миқёсида тезюрар поездларнинг чипта нархи оддий поездлар ва самолёт чипта нархларидан қимматлигига урғу берган.
Бироқ жаноб Нарзуллаев ўзи бошқараётган компания айнан нима сабабдан бундай катта зарарда эканига ойдинлик киритмаган, харажатларини очиқламаган.
Бошқа давлатлардаги нархлар
Зуфар Нарзуллаев зўр бериб таъкидлаётганидек, жаҳон амалиётида тезюрар поездлар чиптасининг нархи чиндан ҳам қимматми? Аҳолининг реал даромадларидан шу даражада фарқ қиладими? Келинг, бу саволларга айрим давлатлар мисолида жавоб излаб кўрамиз.
Масалан, Тошкентдан Самарқандга “Афросиёб”да 245 мингга (масофа 343 км, тахминан 20 АҚШ доллари), пойтахтдан Бухорога 400 мингга (масофа 599 км, 32 доллар) борасиз. Биринчи февралдан бу нархлар яна 20 фоизга ошади.
Ўзбекистондаги нархлар ва Европа нархлари тенглашиб қолган. Баъзи ҳолатларда бизнинг чипталар қимматроқ ҳам. Ушбу нархлар актуаллигини интернет орқали текшириб кўриш мумкин.
Масалан, Мадриддан Севилья шаҳригача бўлган масофа 500 км дан ортиқроқ ва сиз бу масофага 25 евро ёки 320 минг сўмга борасиз. Худди шунча масофадаги Тошкент—Бухоро поезди эса янги нархда 484 минг (38 евро) бўлади.
Берлиндан Франкфурт шаҳригача бўлган масофа 500 км дан ошади ва бу масофага сиз 35 евро эвазига (Афросиёбдан 3 евро арзонга) билет топишингиз мумкин. Бир йўналиш бўйича кунига 4-5 та рейс йўлга қўйилган.
Европа мамлакатларидаги поездлар фақатгина байрам кунлари ва дам олиш кунларида 80-100 фоиз тўлиб ҳаракатланади. Қолган пайтда 30-50 фоизга тўлиб ҳаракатланади. Бизда ҳаракатланаётган Афросиёб поезди эса доим тўлиб ҳаракатланган. Мутасаддилар 2021—2024 йиллар ўртасида 95 фоиз ҳолатда тўлиб ҳаракатланганини баён қилди (бу ҳақда кейинроқ тўхталамиз).
Бундан ташқари, ушбу давлатларда ишчи кучи, электр нархлари қиммат. Бизда бу нархлар 2-3 баравар арзон. Юқорида мисоли келтирилган давлатларда бу борада вазият қандай?
Даромад ва буромад ҳақида қисқача
Статиста порталида келтирилган маълумотга кўра, темирйўл орқали йиллик энг кўп даромад олувчи бешта давлат қуйидагилар:
Боя юқорида келтириб ўтилганидек, чипта нархи Ўзбекистондаги нархлар билан деярли тенг. “Афросиёб” тўлиб ҳаракатланиши инобатга олинса, демак, мамлакатимиз поездлари улардан кўпроқ ёки уларга тенг миқдорда даромад қилишини тахмин қилиш мумкин.
“Афросиёб” поездларида 280 дан ортиқ йўловчи ўриндиғи мавжуд. Тошкент—Самарқанд йўналишидаги поездга 80 фоизга тўлиб ҳаракатланган тақдирда ҳам, 5000 АҚШ доллари эвазига манзилга етиб боради.
Тошкент—Бухоро йўналишидаги чипта нархи қарийб 32 доллар. У ҳам тахминий 80 фоиз сиғимда ҳаракатланса, бир марта боришга салкам 7000 долларга чипта сотади.
Тошкент—Қарши йўналишидаги чипта нархи эса 338 минг сўм (26 доллар). Поезд ўртача 80 фоиз йўловчи билан ҳаракатланган тақдирда ҳам 5800 доллардан ортиқ даромад қилади.
Хўш, тезюрар поездлар неча пул сарфлайди? Масалан, Жанубий Кореяда бир йўналишда ҳаракатланиш учун қуйидагича харажат қилинади.
- Энергия харажатлари
- Электр энергияси: КТХ поездларининг энергия сарфи тахминан 4-5 кВт/соат (киловатт-соат) масофага боғлиқ. 300 км масофани босиб ўтиш учун 1,500 - 2,000 кВт/соат энергия сарфланади.
- Электр энергияси нархи: Кореяда 1 кВт/соат энергия нархи ўртача 0,08 - 0,10 доллар. Шундай қилиб, 300 км учун энергия харажати тахминан 120 - 200 доллар атрофида бўлиши мумкин.
- Техник хизмат ва таъмирлаш
- Техник хизмат харажатлари йилига тахминан 1 млн доллар атрофида бўлиши мумкин. Ҳар бир саёҳат учун аниқ рақамни белгилаш қийин, лекин бу харажатлар чипта нархида акс этади.
- Ишчилар ва хизматлар
- Поезд ҳайдовчилари, хизмат кўрсатувчи ходимлар ва бошқа ишчилар учун тўловлар ҳам харажатлар ичига киради. Ҳар бир саёҳат учун бу харажат тахминан 1,000 - 3,000 доллар атрофида бўлиши мумкин.
- Станция харажатлари
- Поездлар станцияларида туриш ва хизмат кўрсатиш учун харажатлар ҳам мавжуд. Бу харажатлар ҳар бир саёҳат учун 200 - 500 доллар атрофида бўлиши мумкин.
Умумий харажат
Ўртача қилиб, КТХ (Жанубий Корея) поезди учун 300 км масофани босиб ўтиш харажатлари қуйидагича бўлиши мумкин:
- Энергия харажатлари: 120 - 200 доллар;
- Ишчилар ва хизматлар: 1,000 - 3,000 доллар;
- Станция харажатлари: 200 - 500 доллар;
Умумий харажат: тахминан 1,320 — 3,700 доллар атрофида бўлиши мумкин.
Германияда бу 300 км масофани босиб ўтиш харажатлари қуйидагича:
- Энергия харажатлари: 450 - 600 доллар;
- Ишчилар ва хизматлар: 1,000 - 2,000 доллар;
- Станция харажатлари: 300 - 600 доллар;
Умумий харажат: тахминан 1,750 - 3,200 АҚШ доллари атрофида.
“Афросиёб” харажатлари Европадан икки-уч карра қиммат
“Ўзбекистон темир йўллари” компаниясининг бу борадаги кўрсаткичлари билан ҳам қизиқдик. Мутасаддилар “Дарё”га қуйидаги сметани тақдим этди.
Тошкент—Самарқанд
Харажатлар 1 марта ҳаракатланиш учун:
- Talgo (техник хизмат кўрсатиш) — 2387 доллар;
- Инфратузилма (йўл, электр энергияси, алоқа, хавфсизлик ва бошқа темирйўл харажатлари) — 3746 доллар;
- Озиқ-овқат — 662 доллар;
- Вокзаллар ва чипта расмийлаштириш харажатлари — 663 доллар;
- Ойлик иш ҳақи, солиқлар, кредитлар, материаллар ва бошқа харажатлар — 480 доллар;
Жами: 7938 доллар.
Тошкент—Бухоро
- Talgo (техник хизмат кўрсатиш) — 3947 доллар;
- Инфратузилма (йўл, электр энергияси, алоқа, хавфсизлик ва бошқа темирйўл харажатлари) — 6142 доллар;
- Озиқ-овқат — 662 доллар;
- Вокзаллар ва чипта расмийлаштириш харажатлари — 783 доллар;
- Ойлик иш ҳақи, солиқлар, кредитлар, материаллар ва бошқа харажатлар — 520 доллар;
Жами: 12 054 доллар.
Тошкент—Қарши
- Talgo (техник хизмат кўрсатиш) — 3334 доллар;
- Инфратузилма (йўл, электр энергияси, алоқа, хавфсизлик ва бошқа темирйўл харажатлари) — 5461 доллар;
- Озиқ-овқат — 662 доллар;
- Вокзаллар ва чипта расмийлаштириш харажатлари — 701 доллар;
- Ойлик иш ҳақи, солиқлар, кредитлар, материаллар ва бошқа харажатлар — 500 доллар;
Жами: 10 658 доллар.
Авваллари мавжуд ҳолат ҳақида билмаган киши нархлар ошишини кредит учун тўловга йўналтирилаётган сумманинг катталиги билан боғлашар эди. Бизга тақдим этилган сметада кредитни сўндириш харажатлари энг сўнгги ўринда қайд этилганини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак.
Бир марта йўловчи ташиш учун ҳаракатланган поездга нега ҳар сафар 2-4 минг доллар атрофида техник хизмат кўрсатиш керак? Инфратузилма харажатлари поезд хизматларини кўрсатишда энг кўп суммани ташкил этмоқда. Демак, чипта нархларининг ошишига кредит тўловларини амалга оширишдан ҳам кўпроқ техник хизматлар ва инфратузилма харажатларини қоплаш сабаб бўлмоқда.
Маълумот ўрнида, олинган 6 та тезюрар поезд учун ташкилот 20 млрд сўм миқдорида йиллик тўловни амалга оширади.
Европа ва Осиёнинг ривожланган давлатларидаги харажатлар бизникидан кам экани бу тизимда муаммолар борлигини англатиши мумкин. Ушбу харажатларни Ўзбекистонда камайтиришнинг иложи йўқми?
Мутасаддилар нархни оширишдан бошқа ҳеч қандай ечим йўқ экани ҳақида маълум қилди.
Даромадни ошириш учун рейслар сонини кўпайтириш, қиммат тоифадаги вагонларни эконом типдагиларга алмаштириш каби йўллардан фойдаланиш мумкин.
Ҳозирда душанба-пайшанба кунлари 10 та, жума, шанба ва якшанба куни 12 та рейс амалга оширилади. Юқорида маълум қилинган харажатлардаги рақамларга ишонилса, ҳар қўшилган қатнов рейси ташкилот зарарини оширади.
Бундан ташқари, бугунги кунда темирйўл тармоқларидан максимал даражада фойдаланилмоқда. Қўшимча рейсларни қўшишнинг ҳеч қанақасига иложи йўқ.
Муаммога ечим сифатида таклиф қилинган бизнес ва люкс таърифидаги вагонларни ҳам эконом таърифига алмаштириш компания мутасаддилари томонидан рад этилди. Айтилишича, ушбу типдаги вагонлар учун доимий мижозлар мавжуд.
“Афросиёб” билетлари ростдан тез сотилиб кетадими?
Ушбу мақолани ёзиш давомида 3 ой билетлар ҳолати ўрганилди ва Тошкент—Самарқанд йўналишида билет олишнинг иложи бўлмади.
Ижтимоий тармоқда ушбу билетлар тур фирмалар томонидан сотиб олиб қўйилиши, кўп ҳолатларда онлайн кузатувда йўқ билетлар турли йўллар билан қўлга киритилиши, поездга минган одамлар эса бўш ўриндиқлар қолганини кўргани ҳақида турли норозиликлар учраб туради.
“Дарё” нашри саволларига жавоб берган мутахассислар бўш жойлар рейсларга яқин вақт қолганда билетларни қайтарган ёки кечиккан йўловчилар ҳисобига қолиб кетишини маълум қилди. Таъкидланишича, 2021—2024 йил оралиғида ўртача тезюрар поездлар 95 фоиз тўлиб ҳаракатланган.
Журналист Исомиддин Пўлатовнинг маълум қилишича, 8 январь куни Тошкентдан Самарқандга йўл олган “Афросиёб” поезди 20 миллион сўмга яқин зарар қилди. Чунки ўша рейсда 9 та эконом, 19 та VIP ва 25 та бизнес классидаги билетлар қолиб кетган.
Ҳақиқатда эса бугунги (12 январь) ҳолатда ҳам эконом классидаги 146 та билет сотилгани йўқ. Нархларнинг ошиши йўловчилар оқимини камайтириши, корхона зарари эса ортиб кетиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўришдимикан?
Расмийларга кўра, январь ойида кузатилган ҳолат вақтинчалик. Февраль ойида Ўзбекистонда туристлар оқими бошланади ва яна билетлар тўлиқ сотилиши бошланар экан.
Декабрь—январь ойида шунақа ҳолатлар содир бўлади. Совуқ сабаб ҳеч ким сафарга боришни хоҳламайди. Февраль ойида туристик мавсум бошланади, деди Фозилбек Машарипов
Тезюрар поездларга белгиланган янги нархлар февраль ойидан амал қилади. Айнан ўша кундан бошлаб йўловчилар оқимини ўрганиш, уларни ким ташкил этаётганини таҳлил қилиш мумкин.
2025 йил сўнгида Жанубий Кореядан 390 ўриндиқли поездлар олиб келиниши режалаштирилган. Бу корхонага битта рейс учун кўпроқ даромад олиш имконини беради. Аммо янги поездлар ҳам кредит эвазига сотиб олинади. Корхона вакиллари иддао қилаётганидек, бу қарзларни “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тўланишини инобатга олсак, чипта нархлари яна оширилиши мумкин.
“Темирйўлекспресс” АЖ ва Hyundai Rotem корхоналари ўртасида 6 та электропоезд сотиб олиш бўйича шартнома тузилган ва 56,7 млн доллар бошланғич бадал тўлаб берилган. Бу поездларнинг умумий қиймати 220 млн еврони ташкил этади. Шундан Ўзбекистон Республикасининг улуши 21, 3 млн евро ва “Ўзбекистон темир йўллари” Ажнинг улуши — 13,5 млн еврони ташкил қилади.
Қолган сумма (185, 18 млн евро) 10 йиллик имтиёзли муддат билан йиллик 0,05 фоиз ставкада кредит маблағларидан тўланади.
Мутасаддиларга оширилган нарх 2025 йил сўнгигача амал қиладими, деган савол билан юзланганда улар бу ҳақда ҳеч нарса дея олишмаслигини айтди.
Нарх ошишини аҳоли тўғри қабул қилиши керак. Агар нархларни оширмасак, 5-10 йил ўтиб фуқаролар фақатгина автотранспортдан фойдаланишига тўғри келиб қолади, дейди Фозилбек Машарипов.
Темирйўл чизмаларининг кўпайиши, ҳаракатланувчи поездлар сонининг ортиши келажакда рейслар сони ошишига сабаб бўлади. Аммо харажатларнинг асосий қисми техник хизматлар кўрсатиш ва инфратузилма харажатлари эканини инобатга олсак, тизимдаги муаммолар талайгина.
- Ҳозирги кунда Испаниядан келтирилган поездларга ҳар бир километр учун 8 долларга яқин харажат қилинмоқда. Келгусида олиб келинаётган Жанубий Кореядан келган поездларга ким ва неча пулдан техник хизмат кўрсатиши номаълум. Қизиқарлиси, нега бундай хизмат кўрсатиш маҳаллий мутахассислар орқали таъминланмаяпти?
- Инфратузилма харажатлари нега ҳалигача автоматлаштирилмади ва айнан қайси соҳага бунча кўп харажат қилинмоқда? Ўзбекистондаги нархлар Европада сарфланаётган харажатлардан каррасига ортиқ.
- Ташкилот нархларни оширишдан бошқа яна қандай чоралар ишлаб чиқариляпти? Ўзбекистон ҳаво йўллари 334 минг сўмга Самарқанддан Тошкентга чипта таклиф қилмоқда. Лоукостер нархдаги самолётлар ҳаракатланишни бошласа, темирйўл чипталарига талаб камайиши мумкин. Бу борада компания нархни оширишдан бошқа чора-тадбирлар кўриб чиқишни режа қилганмикан?
Тизимдаги муаммолар чуқур таҳлил қилиниши шарт. Акс ҳолда “Афросиёб” поездига миниш ўзбекистонликлар орзулари қаторидан жой олиши мумкин.
Изоҳ (0)