Темирйўлда йўловчи ташиш хизматлари бўйича қўмита чиқарган қарор суд инстанциялари томонидан қўллаб-қувватланди ва қонунбузилиш ҳолати бартараф этилди, деб хабар бермоқда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси.

Қўмита махсус комиссияси томонидан 2024 йилда олиб борилган ўрганиш натижаларига кўра, “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ ва "Шаҳар атрофида йўловчи ташиш" МЧЖ томонидан сотилган чипталардан воситачилик йиғим қиймати бўйича умумий ҳисобда жами 792 186 нафар истеъмолчидан ортиқча ҳақ ундирилгани аниқланган.
Қўмита мазкур жамиятларга
- ортиқча ундирилган пулларни истеъмолчиларга қайтариш;
- қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш;
- келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик тўғрисида кўрсатма берган.
Ушбу хизмат кўрсатувчи корхоналар қўмита қарори юзасидан норози бўлиб, судга мурожаат қилган. Бироқ бир неча суд инстанцияларининг ҳал қилув қарорлари билан “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ ва “Шаҳар атрофида йўловчи ташиш” МЧЖларнинг аризаларини қаноатлантириш рад қилиниб, қўмита махсус комиссиясининг қарори ва кўрсатмаси ўз кучида қолдирилди ортиқча олинган маблағларни қайтариши ва молиявий жарима тўлаши белгиланди.
Изоҳ (0)