Журналист этикаси қонуний равишда расмийлаштирилмаган бўлса-да, жамият тасдиқлаган қонун-қоидалар ОАВ томонидан аниқ белгилаб қўйилган. Унга кўра, ҳар қандай маълумотни узатишда, энг аввало, унинг тўғрилиги, аниқлиги ва объективлигига жиддий эътибор қаратиш керак. Лекин журналистика тарихида шон-шуҳрат кетидан қувиб, фаолияти давомида турли кўринишдаги касбий товламачиликларга йўл қўйган ва далилларни сохталаштириш, қисман ёки бошдан оёқ уйдирмага қурилган хабарларни омма эътиборига ҳавола қилишдан тоймаган ОАВ вакиллари ҳам учраб туради. «Дарё» улар ичида энг таниқлилари ҳақида сўз юритади.
Клаас Релотиус
Der Spiegel ҳафталик журнали ходими, Германиянинг энг таниқли журналистларидан бири Клаас Ҳендрик Релотиус 1985 йил 15 ноябрда Гамбург шаҳрида туғилган.У мустақил мухбир сифатида Cиcеро, Frankfurter Allgemeine Соннтагсзеитунг, NZZ am Sonntag ва бошқа бир қанча немис нашрларида фаолият юритган. 2017 йилда Der Spiegel журналига ишга жойлашиб, 60 га яқин мақола чоп эттирган. Клаас 2014 йили CNN канали томонидан ўтказилган танловда «Йилнинг энг яхши журналисти» мукофотини ҳамда бошқа бир қатор нуфузли совринларни қўлга киритган.
Бахтга қарши, унинг касбий фаолиятидаги кирдикорлари у қўлга киритган ютуқлар салмоғидан кам эмасди. 2018 йилда Клаас Der Spiegel’даги репортажлари учун ҳодисалар ва қаҳрамонлар билан суҳбатларни ўзи ўйлаб топгани фош қилинади. Der Spiegel бўлиб ўтган воқеани «ўзининг 70 йиллик тарихидаги энг оғир қулаш» сифатида баҳолаган.
Ёлғонни Релотиус билан ҳамкорликда ишлаган Ҳуан Морено фош қилган. Айнан у биринчи бўлиб ҳамкасбининг шубҳали ҳаракатларини пайқаб қолганди. 2018 йилнинг 16 ноябрь куни журнал икки ҳамкасбнинг АҚШ ва Мексика чегарасидан тайёрлаган репортажини эълон қилади. Унда америкаликларнинг мексикалик муҳожирларга муносабати ёритилган бўлиб, Морено ҳамкасбининг ишлаш услубини бошдаёқ ёқтирмаганди ва бу ҳақида Der Spiegel’га хабар берганди. Лекин нашриёт унинг гапларига жиддий эътибор бермайди.
Мақола матнини диққат билан ўқиб чиққан Морено ҳикоянинг катта қисми аввалроқ американинг Мотҳер Жонес журналида чоп этилган мақола билан бир хил эканига гувоҳ бўлади. Журналист ўз гумонларини журналнинг далил текширувчиси ва Релотиус ишлайдиган бўлим муҳарририга билдиради. Бироқ Der Spiegel’га кўра, журналист ўзини шу қадар усталик билан, ишидаги баъзи камчиликларни тан олган ҳолда ҳимоя қилган ва нитижада Моренонинг ўзи ёмон отлиққа чиқиб қолган.
Морено яна бир иш юзасидан иккинчи бор Америкага сафарга отланаётганди. Шу баҳонада у ўз шубҳаларини текшириб кўришга қарор қилади. Сафар давомида Тим Фули исмли шахс, кейин яна бошқа бир киши камера қаршисида Клаас Релотиус билан ҳеч қачон учрашмаганини айтиб беради.
Шу каби кўплаб далиллардан сўнг Релотиус айбини тан олишдан бошқа чораси қолмайди. 2018 йил 19 декабрда Der Spiegel Клаас Релотиус ўз мақолаларини сохталаштирганини, Der Spiegel учун ёзган ўндан ортиқ мақоласида далиллар, қаҳрамонлар ва иқтибосларни ўзи тўқиб чиқарганини тан олгани ҳақида маълум қилган.
Жанет Кук
Жанет Леси Кук — америкалик собиқ журналист. 1954 йил 23 июлда Огайо штати, Толидо шаҳрида туғилган.1980 йили The Washington Post газетасида иш бошлаган Жанет тез орада «Жиммининг дунёси» (Jimmy’s world) номли мақоласини эълон қилади. Унда саккиз ёшли гиёҳванд болакай ҳақида сўз борарди.
«Қўлчалари игнадан илма-тешик бўлиб кетган Жимми» ҳикояси бутун Америкада шов-шув бўлиб, 1981 йилда журналист Пулитцер мукофоти билан тақдирланади. Лекин орадан кўп ўтмай мақола бошдан оёқ уйдирма эканлиги ойдинлашади. Бундай бола аслида йўқ эди ва барчаси Жанет томонидан ўйлаб топилганди.
The Washington Post раҳбарияти Жанет Кукни ишдан бўшатиб, ҳодиса муносабати билан, катта анжуман ўтказади. Тадбирда газета ношири Дональд Грэм шундай дейди:
Ўқиганларимга ишонгандим ва уни нашр қилгандик. Мақола ажойиб эканига қарамай, афсуски, уйдирма.Журналист ундан яхшироқ ишлашни талаб қилган муҳаррирлар босими остида ушбу воқеани ўйлаб топганини айтиб, ўзини оқлашга уринган. 1996 йилда мақола ҳамда ўзининг таржимаи ҳоли ҳақида фильм суратга олиш ҳуқуқини Tri-Star Pictures компаниясига 1,6 миллион долларга пуллаган. Лекин фильм суратга олинмаган.
Жейсон Блэр
The New York Times’нинг собиқ мухбири Жейсон Блэр 1976 йил 23 мартда Мериленд штатида туғилган.Блэрга бошданоқ келажаги порлоқ журналист сифатида қарашганди: университетда ўқиб юрган кезларида профессионал журналистлар жамиятининг 4000 долларлик грантини ютиб олади, маҳаллий нашрларда амалиёт ўтайди ва The Diamondback газетасида тарихдаги иккинчи қора танли муҳаррир сифатида иш бошлайди.
1999 йилда The New York Times газетасида амалиёт ўтай бошлагач, Блэр университетни ташлайди. Амалиёт вақтида муҳаррирлар унинг материалидан бир нечта хатоларни топганига қарамай, 2001 йилда у The New York Times’нинг штатли мухбири сифатида ишга қабул қилинади.
Ёзган мақолалари ўқувчиларга манзур бўлиб, у муҳаррирлик лавозимигача кўтарилади. Лекин 2003 йил апрель ойида Техасдаги The San Antonio Express-News газетаси Блэрнинг мақоласидаги плагиатни сезиб қолади. Шундан сўнг The New York Times ички текширув ўтказиб, сўнгги олти ой ичида Жейсон Блэр томонидан ёзилган 73 та мақоланинг ярмидан кўпроғида даллиларни қалбакилаштириш ва плагиатга йўл қўйилганини аниқлайди. Боз устига, у ўзини журналистик хизмат сафарларида юргандай кўрсатиб, аслида ҳеч қаерга бормагани ойдинлашади. Масалан, ўзининг Нью-Йоркдаги кавартирасидан туриб Ироқдаги ҳодиса ҳақида гўё воқеа жойида тургандай репортажлар тайёрлаган.
The New York Times’да тўрт йил фаолият юритиб, 600 та мақолага муаллифлик қилган Блэр у ердан шармандаларча қувилади. Газета унинг ишини «нашрнинг 152 йиллик тарихидаги энг аянчли воқеа» деб атайди ва бош муҳаррир ва бошқа бир нечта ҳамкасбларини ҳам ишдан бўшатади. Журналист кейинчалик BBC’га берган суҳбатида ўз қилмишини шундай изоҳлаганди:
Бир сафар унча жиддий бўлмаган вазифани бажаришда бироз чегарадан чиқдим. Лекин шундан сўнг ўзимни тўхтатолмай қолдим.Можародан сўнг Жейсон Блэр товламачилик қилиш мумкин бўлган иш жойларидан ўзини олиб қочишга ҳаракат қилади. Масалан, шахсий ривожланиш бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлайди.
2004 йилда у «Хожамнинг уйини ёқдим» (Burning Down my Master’s House) номли хотира китобини нашр эттиради. Ўша китобда Блэр The New York Times газетасида ишлаган вақтлари спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддаларга қарамликдан азият чекканини тан олган.
Стивен Гласс
The New Republic нашрининг собиқ ходими Стивен Гласс фирибгар журналистлар ичида энг машҳури ҳисобланади. У 1972 йил 15 сентябрда АҚШнинг Чикаго штатида таваллуд топган.У университетини битириб, Вашингтондаги нуфузли The New Republic журналига ишга жойлашади. Оддий мухбир сифатида иш бошлаган Гласс шуҳрат қозониш мақсадида ўз материаллари учун кўпроқ ва шов-шувлироқ тафсилотларни тўқиб чиқара бошлайди.
Мақолалардаги ўйлаб топилган қаҳрамонлар куракда турмас турли хил қилиқлари билан муштарийларни ҳайратга соларди. Масалан, Республика партияси ёшлар қаноти қурултойидан тайёрланган репортажда маст делигат аъзолари бир қизни қандай қилиб ўз хонасига олиб кириш ва уни турли қийноқлар билан хўрлаш ҳақида режалар тузганини «ёритиб» берган. Биргина 1990 йиллар охирида Стивен Гласс муаллифлигада турли нашрларда эълон қилинган қисман ёки буткул ёлғонга асосланган материаллар сони 40 дан ошиб кетганди.
Уларнинг ичида энг машҳури Мериленд штатининг Бетесда шаҳрида бўлиб ўтган хакерлар конференциясидан қилган репортажидир. Гласс бу мақолани бошдан оёқ тўқиб чиққан. Айбини хаспўшлаш мақсадида, мақолада тилга олинган, лекин мавжуд бўлмаган компания учун сохта веб-сайт яратади, компания директорининг ташриф қоғозини чоп этади ва ҳатто акасини директор номидан қўнғироқларга жавоб беришга мажбур қилади. Лекин 1998 йилда Forbes журнали мухбири унинг кирдикорларини фош қилади ва Стивен Гласс The New Republic’дан шармандаларча бўшатилади.
Ҳайдалганидан сўнг қаттиқ тушкунликка тушиб қолган журналист, психотерапевт маслаҳати билан, ўзидан жабр кўрган нашриётларга, муҳаррирларга, мақолаларидаги қаҳрамонларга ва бошқаларга ўнлаб кечирим мактубларини ёзиб чиқади. Кейинроқ ҳуқуқшунослик дипломини олганига қарамай, қора ўтмиши туфайли ундан фойдаланолмайди: комиссия Глассга адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия беришдан бош тортади.
2003 йилда Гласс «Уйдирмачи» (The фабулист) номли роман ёзган. Танқидчилар китобни кескин қарши олган. Ўша йили Гласс ҳаётига бағишланган «Гласс кирдикорлари» (Shattered Glass) фильми ҳам намойиш қилинган.
2015 йилда Гласс ўзининг нашриётлардан олган барча гонорарларини қайтаришини эълон қилган ва The New Republic, Rolling Stone, Harper’с ва бошқа бир қанча нашрларга 200 минг доллар (фоизи билан) компенсация тўлаб берган. У ўз хатоларидан ўкиниб, шундай дейди:
Биламан, пулни қайтарсам, қилмишим унутилиб, айбим ювилиб қолмайди. Лекин бу пулларга арзимайман, шунинг учун қайтаришим керак.
Жек Келли
Жек Келли журналистиканинг ҳақиқий юлдузи эди. 1993 йилдан 2004 йилгача USA Today нашрида фаолият юритган журналист 1980 йиллардан бошлаб дунёнинг деярли барча қайноқ нуқталаридан репортажларлар тайёрлаганди. Меҳнатлари самараси ўлароқ, беш марта Пулитцер мукофотига номзод сифатида кўрсатилган (охирги марта 2002 йилда).Бироқ 2004 йилда USA Today ўзининг етакчи мухбирларидан бири Жек Келли газетадаги фаолияти давомида камида саккизта мақолани қалбакилаштиргани ҳақидаги айбномани эълон қилади.
Нашр ходимлари ўша вақтда 43 ёшда бўлган журналист ишини атрофлича кўриб чиқади. Текширув давомида Келли нафақат саккизта мақолани қалбакилаштиргани, балки бошқа нашрлардан ҳам 20 дан ортиқ мақолаларни ўғирлаб, ўзининг номидан эълон қилгани фош бўлади. Бундан ташқари, у текширув олиб бораётган журналистлар ишига ҳалал беришга уринган.
Ўша йилнинг январь ойида Келли ҳамкасбларини чалғитиш мақсадида газета таржимони билан тил бириктирганини тан олиб, ишдан бўшашга мажбур бўлади.
USA Today нашри етти ҳафта мобайнида Келли томонидан 1993 йилдан 2003 йилгача ёзилган 720 дан ортиқ мақолани ўрганиб чиққан. Улардан камида 100 тасида қалбакилаштиришга йўл қўйилгани ойдинлашади. Расмий ҳужжат материаллари, телефон суҳбати ёзувлари, гувоҳларнинг кўрсатмалари Келли ёзган мақолага қисман ёки бутунича тўғри келмаса, ўша мақола уйдирма деб топилган.
Нашрнинг уч нафар собиқ муҳаррири, тахминан, 20 соат давомида Келлини сўроқ қилади, бироқ Келли ўз айбини тан олмайди ва айбни бошқаларга юклашга ҳаракат қилади.
Келлининг энг машҳур уйдирмалари ичида Озодлик оролидан АҚШга қочишга уринаётиб ҳалок бўлган кубалик аёл ҳақидаги ҳикоя ҳам бор. Журналист бу маълумотга АҚШ қирғоқларига етиб олиш мақсадида қайиқда сузиб кетаётиб гўё чўкиб кетган аёл суратини ҳам илова қилганди. Нашриёт ходимлари 2004 йилда бу аёлни топишга муваффақ бўлган. Аёл нафақат ўлмаганди, балки Кубадан қочишга ҳам уринмаган бўлиб чиқади.
Террорчи ўзини портлатиб юборганига гувоҳ бўлгани ҳақида берган маълумоти ҳам ёлғон бўлиб чиқади. Аён бўлишича, у таърифлаган шахс террорчи бўлиши мумкин эмас. Келли айнан шу материал учун Пулитцер мукофотига номзоди қўйилганди.
Тергов натижалари журналистнинг Миср, Россия, Чеченистон, Косово, Исроил ва Покистондан қилган репортажларини ҳам шубҳа остига қўяди. Газета вакилларининг асосли фикрига кўра, Келли репортаж материалларини узатаётган вақтда ўша мамлакатларда ҳатто бўлмаган ҳам.
USA Today муҳаррирлари ёлғон маълумотларни тарқатгани учун ўз ўқувчиларидан расмий равишда узр сўраган.
Изоҳ (0)