Жорий йил ярмида телефон импорти бир йил аввалгидан 273 мингтага қисқарди. Бу ҳақдаги маълумотлар Божхона қўмитаси сайтида келтирилган.

2025 йил I ярмида Ўзбекистонга умумий қиймати 194,4 млн долларлик 1,87 млн дона телефон импорт қилинди. Таққослаш учун, 2024 йил мос даврида қиймати 200,9 млн долларлик 2,15 млн дона уяли алоқа воситаси олиб келинган.
2023 йилнинг дастлабки олти ойида 129,6 млн долларлик 1,87 млн дона (жорий кўрсаткич билан тенг) телефон хориждан харид қилинган.
“Телефонларни ноқонуний йўллар билан мамлакатга олиб киришга уринишлар ҳам йўқ эмас. 2025 йилнинг ўтган даврида божхона органлари томонидан қиймати 16,4 млрд сўмлик 44 минг донадан зиёд телефонларни ноқонуний олиб киришга уринишлар олди олинди”, дея маълум қилди Божхона қўмитаси.
Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонга энг кўп телефон импорти Хитойдан амалга оширилмоқда. Масалан, 2025 йил январь май ойларида импорт қилинган 1,56 млн телефондан 1,2 млн донаси Хитойдан келтирилган. Яна 304,5 мингтаси Вьетнамдан, 47,3 мингтаси БААдан импорт қилинган.
Изоҳ (0)