Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида маст фуқаро пичоқлаши оқибатида ҳалок бўлган профилактика инспектори Абдурасул Абдувалиев “Жасорат” медали билан мукофотланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Абдурасул Абдувалиевга вафотидан сўнг берилган “Жасорат” медалини топширган.
1 июль куни “Юксалиш” маҳалласида ҳудуд профилактика инспектори катта лейтенант Абдурасул Абдувалиев ўз оила аъзоларига пичоқ билан таҳдид қилаётган маст фуқарони зарарсизлантираётганида кўкрак қисмидан оғир жароҳат олганди. Кўрсатилган ёрдамга қарамасдан, шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган. Воқеа жойидан қочиб кетган 65 ёшли гумонланувчи Й.Холбозоров эса қидирувга берилганди.
У 4 июль куни соат тахминан 06:30 ларда Хўжаобод туманида жойлашган “Юксалиш” маҳалласи “Сўқолоқ” қабристонидаги маккапоя ичида яшириниб ётгани аниқланган. Қўлга олиш жараёнида у ўзининг қорин қисмига пичоқ билан жароҳат етказган ҳамда биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага олиб борилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “г” банди (ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсни қасддан ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жиноят кодексига кўра, ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсни қасддан ўлдириш 15 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Изоҳ (0)