2027 йил 1 январдан бошлаб санъаткорлардан даромад солиғи мажбурий тартибда ундирилади. Бу ҳақда бугун, 1 апрель куни Тошкент шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида Солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев маълум қилди.

Мубин Мирзаевнинг айтишича, айни пайтда Ўзбекистонда санъаткорлардан солиқ ундириш механизми ишлаб чиқилмоқда.
Санъаткорлар, қўшиқчилар амалдаги тартиб бўйича декларация тўлдириши ва ўз даромадларини кўрсатиши керак. Шу асосда солиққа тортилиши лозим. Тан олиш керакки, жуда кўп санъаткорлар бунга риоя қилмаяпти. Ўз даромадларини тўлиқ декларацияламаяпти. Шу сабаб улардан солиқ ундирилмаяпти. Ҳозир хуфиёна иқтисодиётга қарши курашиш доирасида қарор лойиҳасини тайёрлаяпмиз. Биз санъаткорларга 2025 ва 2026 йилларда даромадлар декларациясини тўғрилаб, топшириш бўйича имконият берамиз. Яъни камчиликлари бўлса, кўрсатиб, тўғрилашга ёрдамлашяпмиз. 2027 йил 1 январдан бошлаб агар улар ўз даромадларини тўлиқ кўрсатмаса ёки солиқлардан қочса, биз солиқ назорати текширувлари ўтказиб, солиқларни ҳисоблаймиз ва ундирамиз”, деди қўмита маъсули.
Мубин Мирзаевнинг айтишича, Ўзбекистонда 18 миллион нафардан ортиқ жисмоний шахслар даромадга эга ва уларнинг барчаси солиқ тўлаши керак.
Изоҳ (0)