Фаластин раҳбарияти Исроил ҳукуматининг Ғазо сектори шимолий қисмида, гўёки фаластинликларга гуманитар ёрдам етказиш ва тарқатиш учун буфер зона яратиш бўйича ҳар қандай ғоя ва режаларини қабул қилиб бўлмайди, деб ҳисоблайди.
Бу ҳақда Фаластин миллий маъмурияти расмий вакили Набиль Абу Рудейна баёнот берди.
“Исроилнинг Ғазо шимолида ва Жабалия ҳудудида буфер зона деб аталувчи ҳудуд яратиш режалари фаластинликлар томонидан бутунлай рад этилади ва қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат сифатида баҳоланади. Бу режа Ғазо сектори Фаластин давлатининг ажралмас қисми эканлигини тасдиқловчи барча халқаро қонунларни бузади”, деди Рудейна.
Унинг қўшимча қилишича, Ғазонинг келажагини белгиловчи ҳар қандай режалар ёки минтақа аҳолисига ёрдам тақсимоти фақат Фаластин томонидан ва БМТнинг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) ёки бошқа халқаро гуманитар ташкилотлар орқали амалга оширилиши мумкин.
WAFA агентлиги маълумотларига кўра, яҳудий давлати ҳозирда Фаластин анклавининг шимолий қисмида ва Жабалия қочқинлар лагери яқинида буфер зона яратиш режасини ишлаб чиқмоқда, бу эса минтақага гуманитар ёрдамни бемалол етказиш имконини беради. Ёрдамни етказиб бериш, Исроил томонига кўра, чет элдан молиялаштирилган Америка хавфсизлик компанияси томонидан амалга оширилиши керак.
Аввалроқ Ғазода 2023 йил октябрь ойидан буён 17 мингдан ортиқ бола ҳалок бўлгани хабар қилинганди.
Хабарга кўра, ҳалок бўлганларнинг 211 нафари янги туғилган чақалоқлар ва 825 нафари 1 ёшгача бўлган болалардир. Камида 35 060 нафар вояга етмаганлар ота-онасидан бири ёки иккаласидан айрилган, 3500 га яқини сурункали тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури ҳисоботида Исроил армиясининг ҳужуми Ғазо секторининг ривожланишини деярли 70 йил орқага сургани маълум қилинган.
“Ғазо 70 йил олдинги, яъни 1955 йилдаги ривожланиш даражасига қайтди. Ҳозирги вақтда иқтисодиётни бўғиб қўяётган чекловлар олиб ташланиши керак”, деди Тараққиёт дастурининг Фаластин аҳолисига ёрдам кўрсатиш бўйича махсус вакили ўринбосари Читосе Ногучи.
Таъкидланишича, 2023 йил 7 октябрдан бошлаб Ғазода яқин тарихдаги энг йирик гуманитар офатлардан бири рўй бермоқда. Мавжуд вазият мисли кўрилмаган кўп қурбонлар, вайронагарчиликлар, озиқ-овқат хавфсизлиги ва оммавий кўчишларга олиб келди.
Изоҳ (0)