Украина Ташқи ишлар вазирлиги спикери Георгий Тихий ЖЧ—2026 учун Европа қитъасидаги саралашга қуръа ташлаш маросими трансляцияси чоғида Қрим яриморолининг бир қисми бўлмаган харита кўрсатилгани ортидан баёнот берди.
Департамент вакили яна такрорланган воқеадан норозилигини билдириб, энди бу воқеа учун FIFA’дан омма олдида узр сўрашини кутишини айтган.
“Кеча эфирда халқаро чегараларни хато чизиш орқали сиз нафақат халқаро ҳуқуққа зид ҳаракат қилдингиз, балки Россия пропагандасини, уруш жиноятларини ва Украинага қарши тажовузларни қўллаб-қувватладингиз.
Биз сиз учун харитани тўғриладик ва сиздан оммавий равишда узр сўрашингизни кутамиз”, деди Тихий Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ FIFA расмий сайтида ЖЧ—2026 саралаш турнирига қуръа ташлаш тартиби ҳақида видео эълон қилинган эди. Унда сиёсий сабабларга кўра бир-бири билан учраша олмайдиган жамоалар ҳақида сўз борди. Кўрсатилган харитада Қрим ҳудуди Украина деб белгиланмаган.
Қуръа натижаларига кўра, Украина D гуруҳидан ўрин олди. D гуруҳида Украина миллий жамоасидан ташқари, Исландия, Озарбайжон ва Франция – Хорватия жуфтлиги ғолиби ҳам ўрин олади.
Изоҳ (0)