Президент Шавкат Мирзиёев энергетика соҳасидаги объектлар ва лойиҳаларни ишга тушириш маросимида нутқ сўзламоқда.
Бугунги лойиҳалар бундан 8 йил аввал энергетика соҳасида бошланган кенг кўламли ислоҳотларнинг узвий давоми экани таъкидланди. Ушбу давр мобайнида Ўзбекистон “яшил энергетика”да катта-катта қадамларни қўйди.
Хусусий секторга кенг йўл очилгани натижасида ўтган 5 йилда энергетика соҳасига қарийб 20 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинди. Аввал тўлиқ давлат тасарруфида бўлган бу тизимда 24 та мустақил энергия ишлаб чиқарувчи субъектлар пайдо бўлди.
“Яшил энергетика” соҳасида бугунга келиб 3,5 минг мегаваттли ёки 10 миллиард киловатт соатга тенг 16 та йирик қуёш ва шамол электр қувватлари ишга туширилди. Бунинг ҳисобига 2024 йилда “яшил энергия” улуши 16 фоиздан оширилди. Яъни, ўтган қисқа даврда экологик тоза энергия қувватларини йилига 2-3 карра кўпайтиришга эришилди.
Ўтган йилда мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард долларлик тарихий маррани забт этди. Кейинги қадам сифатида 2030 йилга бориб иқтисодиётимиз ҳажмини 200 миллиард долларга етказиш режа қилинган.
Ўз навбатида, келгуси 5 йилда юртимизда электр энергиясига бўлган эҳтиёж ҳозиргидан 1,5 баробар ошиб, 120 миллиард киловатт соатга етади. Ўзбекистон Париж битими доирасида 2030 йилгача зарарли газлар эмиссиясини 35 фоизга камайтириш бўйича мажбурият олган. Президент бу мажбуриятни 2050 йилгача янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.
Қолаверса, 2025 йил Ўзбекистонда “Атроф муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” деб эълон қилинди. Давлат раҳбари энергетика соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича режаларга қисқача тўхталиб ўтди.
2030 йилга қадар яна 19 минг мегаватт “яшил қувват”ларни барпо этиб, қайта тикланувчи энергия улушини 54 фоизга етказиш режалаштирилган. Хусусан, 2025 йилда 3,4 минг мегаваттли 18 та қуёш ва шамол станциялари ҳамда 1,8 минг мегаваттли сақлаш тизимлари ишга туширилади. Бунинг натижасида келгуси йили “яшил энергия” ишлаб чиқариш ҳажмлари 12 миллиард киловатт соатга етади.
Бу 5 миллион хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенг ва 6,5 миллион тонна зарарли газларни атмосферага чиқаришнинг олди олинади, деганидир. Келгуси 2 йилда хусусий тадбиркорлар билан бирга 2 мингдан ортиқ кичик ва микро-ГЭСлар ташкил қилиш бўйича катта дастур амалга оширилади.
Бундан кейин ҳам соҳага хусусий сектор кириб келишини рағбатлантириб, электр энергияси бозорини ташкил этиш бўйича катта қадамларни қўйилиши таъкидланди. Хусусан, келгуси йил якунига қадар рақобатли савдолар орқали электр энергияси улгуржи бозори яратилади.
Шунингдек, давлат-хусусий шериклик нафақат йирик электр станцияларида, балки соҳанинг бошқа йўналишларига ҳам кенг жорий қилинади. “Яшил энергетика” йўналишида минтақавий ва халқаро ҳамкорлик кенгайтирилади.
Бу борада биринчи амалий қадам сифатида CОП29 доирасида Қозоғистон, Озарбайжон ва Саудиялик ҳамкорлар билан “яшил энергия”ни Европа минтақасига экспорт қилиш бўйича илк битим имзоланди. Минтақавий энергия тизими барқарорлигини таъминлаш мақсадида қўшни давлатлар билан ягона платформа ишга туширилади.
Изоҳ (0)