Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 15 кун ичида Сурияга ташриф буюриши кутилмоқда. Бу ҳақда манбаларга таяниб, Turkiye Gazetesi хабар берди.
Маълум қилинишича, президент “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” (ҲТШ) раҳбари ал-Жулоний билан учрашишни ва умавийлар масжидида намоз ўқишни режалаштирган. Эрдўғоннинг хавфсизлиги учун Хама, Хомс ва Идлиб линиялари бўйлаб фавқулодда ҳаво ва қуруқлик қалқони яратилади. Бундан ташқари, Туркия радарлари фаоллаштирилади ва барча ҳаво ҳаракатлари назорат остида бўлади.
Туркия ҳукумати мазкур маълумотни ҳозирча тасдиқлагани йўқ. Башар Асад режимининг атиги ўн бир кун ичида кутилмаганда қулаши Туркияга Яқин Шарқ минтақасининг келажагини шакллантиришда асосий ўйинчи ролини берди. Сўнгги икки ҳафта ичида Анқара Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Суриядаги вазиятни муҳокама қилиш учун келган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен каби муҳим меҳмонларни қабул қилди.
Туркия Исроилнинг яқинда Сурия жанубига бостириб киришини қоралади. Дамашқдаги янги ҳукумат на Теҳрон, на Тель Авив учун таҳдид бўлишини қайд этди. Анқаранинг Суриядаги муҳим мақсади янги минтақавий тартибни ўрнатишдан иборат.
Сурияда Асад режими қулаши
Ноябрь ойи охирида қуролли исёнчилар Сурия шимолий қисмига юришни бошлади. Улар Идлиб вилоятини, мамлакатдаги аҳоли сони бўйича иккинчи ўринда турувчи Ҳалаб шаҳрини, Хама ва Хомс вилоятлари ҳудудларининг бир қисмини ўз назоратига олди. Шундан сўнг Дамашққа кирди. Президент Башар Асад оиласи билан мамлакатни тарк этди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Башар Асад исёнчилар билан келишувга эришиб, истеъфога чиқишга рози бўлгани, шундан кейин Сурияни тарк этгани ҳақида маълумот берди. Исёнчилар Асадни қўлга олишда ёрдам берадиган маълумот учун 10 миллион доллар ваъда қилган.
Сиёсатчи мамлакатни тарк этганидан кейин исёнчилар Асад қароргоҳига бостириб кирди, одамлар буюмларни талон-торож қилди. Қароргоҳдаги гаражда BMW, Audi, Ferrari, Lamborghini Diablo каби 50 га яқин ҳашаматли ва қимматбаҳо автомобиллар аниқланди.
Кремлдаги манбалар Суриядан қочган президент оиласи билан Москвага келгани, Путин уларга бошпана берганини маълум қилди.
10 декабрь куни Идлиб шаҳрида исёнчиларга раҳбарлик қилган Муҳаммад ал-Башир ўзини Суриянинг ўтиш даври ҳукумати раҳбари этиб тайинлади. У фуқароларга қарата қилган мурожаатида бу лавозимни камида 2025 йил 1 мартгача эгаллаб туришини айтди.
Изоҳ (0)