Франциянинг “Ланс” клуби ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси, 20 ёшли Абдуқодир Ҳусановни ўз сафига қўшиб олишни хоҳлаётган АПЛ клублари сафи яна биттага кўпайди.
Ҳозирда иши юришмаётган ва кетма кет мағлубиятга учраётган Гвардиола бошқарувидаги “Манчестер Сити” Ўзбекистоннинг энг қиммат ўйинчиси трансферига қизиқиш билдирмоқда.
Париж нашри L’Equipe хабарига кўра, “Ланс” Ҳусановни январь ойидаги трансфер ойнасида сотишга тайёр. Фақат 30 миллион евродан кам бўлмаган таклифларни кўриб чиқади. Жорий мавсумда Ҳусанов барча мусобақаларда 15 та ўйин ўтказди. Унинг “Ланс” билан тузган шартномаси 2027 йилнинг ёзига қадар амал қилади.
АПЛнинг “Тоттенҳэм”, “Ньюкасл”, “Челси”, “Вест Ҳэм” ва “Лестер” клублари футболчига қизиқиш билдираётгани ҳақида хабар берилганди.
Бундан ташқари, “ПСЖ” ва Мадриднинг “Атлетико” клублари ҳам ҳимоячи хизматларидан фойдаланиш ниятида.
Transfermarkt портали футболчининг трансфер баҳосини 12 миллион еврога баҳолаган.
Аввалроқ Абдуқодир Ҳусанов Франция чемпионатида октябрь ойининг “Энг яхши ёш футболчиси” деб топилганди.
Ҳусанов ёш бўлишига қарамай, Ўзбекистон терма жамоасининг ҳам асосий таркибидан муқим жой эгаллади. у ҳозиргача 18 учрашувда миллий жамоа шарафини ҳимоя қилди.
Изоҳ (1)
Man city da oynash nasib qilsin