Европа давлатлари ўт очиш тўхтатилганидан кейин Украинага 100 минггача қўшин юборишни муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда манбаларга таяниб, Reuters хабар берди.
Бунда асосий кучларни Франция, Германия, Италия, Польша ва Буюк Британия ҳарбийлари ташкил этиши эҳтимоли юқори. Европа контингентини Украинага юбориш бўйича музокаралар дастлабки босқичда. Аммо мамлакатлар ўртасида аллақачон келишмовчиликлар мавжуд.
Айрим Европа раҳбарлари бу Россия президенти Владимир Путинда музокаралар вақти келгани ва у жанг майдонидаги позициясини сақлаб қолиши мумкинлиги ҳақида таассурот уйғотишни хоҳламайди. Парда ортида баъзи амалдорлар Европа иттифоқи Украинага бера оладиган эҳтимолий кафолатларни ҳам кўриб чиқмоқда.
Reutersънинг украиналик манбаларидан бири Европанинг тийиб турувчи кучлари беш-саккизта давлатдан иборат бўлишини айтмоқда. Айрим таҳлилчилар Европа контингенти таркибида 40 мингга яқин ҳарбий бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.
Халқаро стратегик тадқиқотлар институтида ишлайдиган, Австриянинг собиқ ҳарбий режалаштириш мутахассиси Франс-Стефан Гади фикрича, ротацияга тахминан 100 минг ҳарбий жалб этилиши мумкин. Исмини ошкор қилмасликни сўраган Европа хавфсизлик офицери ҳам бунга қўшилади.
Россиянинг прогнози
Ноябрь ойи охирида Россия Ташқи разведка хизмати ҳам 100 минг ҳарбий ҳақида маълумот берганди. Жумладан, Ғарб мамлакатлари урушни “музлатиш” ва у ерга 100 минггача тинчликпарвар юбориши мумкинлигини билдирган.
Reuters агентлиги таъкидлашича, Европа кучларининг иштироки Россия билан тўғридан-тўғри тўқнашув хавфини оширади. Шунингдек, улар БМТ ҳомийлигида бўлиши керакми, деган масала ҳам кўтарилмоқда. Амалдорлар фикрича, бу Россияга ҳаддан ташқари катта таъсир ўтказиши мумкин.
Изоҳ (0)