Америкалик журналист Такер Карлсон Россия президенти Владимир Путиндан интервью олди. Асосий суҳбат “махсус ҳарбий операция” нима учун бошлангани, қандай кетаётгани ва қандай якунланиши мумкинлиги ҳақида кечди. “Дарё” интервьюнинг матн шаклини қисқартирилган ҳолатда эътиборингизга ҳавола этади.
“Кичик тарихий эслатма”
Путин интервьюни Россия ва Украина ўртасидаги муносабатлар, Украина қандай пайдо бўлгани тарихи билан бошлади.
“Россия давлати марказлашган давлат сифатида жамлана бошлади ва 862 йил Россия давлати ташкил топган йил ҳисобланади, ўшанда мамлакат шимоли-ғарбий қисмида Новгород аҳолиси Скандинавиядан варяжск князи Рюрикни ҳукмронлик қилишга таклиф қилган. 1862 йилда Россия ўз давлатчилигининг 1000 йиллигини нишонлади, Новгородда эса мамлакатнинг 1000 йиллигига бағишланган ёдгорлик бор”, — деди Путин.
Карлсон билан суҳбатда Путин Польшанинг “қаттиқ жазолаш усуллари”ни қўллаган ҳолда, тили ва маданиятини сингдириш орқали замонавий Украина ҳудудларини “мустамлака қилишга тарихий уринишлари”ни эслади.
“Кейин бу ҳудудларда ҳокимиятни назорат қилган одамлар Варшавага мурожаат қилиб, рус миллатига мансуб православ ҳукмдорларини юборишни талаб қилишди”, — дея Путин бу Москва ўша одамлар устидан назоратни ўз қўлига олиши учун қилинганлигини айтди.
Кейин Путин америкалик журналистга Богдан Хмелницкийнинг Варшавадан ушбу ҳудуд аҳолиси ҳуқуқларини ҳурмат қилишни талаб қилган мактубларини, шунингдек, Москвага бу ерларни ҳимоясига олишни сўраб юборган хатларини кўрсатди.
“Украинлаштириш”, дея қўшимча қилди Россия президенти, Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари орасида давом этди.
“Улуғ ватан урушидаги ғалабадан сўнг, замонавий Украинанинг бутун ҳудуди СССР назоратига ўтди, аммо Ленин даврида ҳар бир республика мустақиллик ҳуқуқига эга бўлиши тўғрисида қарор қабул қилинди ва янги ташкил этилган Украина ССРга тарихий жиҳатдан унга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган катта ҳудудлар берилди”, — дейди Путин.
НАТО билан ҳамкорлик
1991 йилда Россия раҳбарияти ташаббуси билан бошланган Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг, Россия НАТО ва коллектив Ғарб билан ўзаро ҳамкорлик ва иттифоқчиликни кутган эди, деди Путин.
“Россия “цивилизациялашган халқлар”нинг биродар оиласига қабул қилиниши кутилган эди, лекин бундай бўлмади”, — деди у.
Унинг сўзларига кўра, Европада СССР парчаланишидан олдин ҳам Германиянинг бирлашишига ёрдам берадиган янги хавфсизлик тизимини яратиш ва АҚШ, Канада, Россия ва бошқа Европа давлатларини қамраб оладиган тизимни шакллантириш керак эди. Аммо НАТОнинг тарқалиши “ҳамма нарса Совуқ урушдаги каби, фақат Россия чегараларига яқинроқ бўлишига олиб келди”.
Путиннинг таъкидлашича, альянс шарққа томон кенгаймаслиги бир неча бор таъкидланган ва бунинг натижасида “бешта кенгайиш тўлқини” юзага келган.
Россия президенти 2000 йилда давлат раҳбари этиб сайланганидан сўнг Путин Ғарб давлатлари билан муносабатларни яхшилашга уринганини ва АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтон билан суҳбатда Россиянинг НАТОга қўшилиши масаласини кўтарганини айтди. АҚШнинг собиқ раҳбари бунинг имкони борлигини айтган, бироқ кейинчалик фикридан қайтган.
Путиннинг таъкидлашича, у “йўқ”, деган жавоб олган, гарчи ижобий жавоб яқинлашувга олиб келиши мумкин эди.
“Охир-оқибат, агар шерикларнинг буни амалга оширишга бўлган самимий истагини кўрсак, бу содир бўлиши мумкин эди. Лекин бундай якун бўлмади”, — деди у.
2008 йилда Украинада бўлиб ўтган сайловларда мамлакат бетараф давлат бўлиб қолиши айтилган эди. Россия президенти кенгайиш бўлмайди, деган ваъдаларга қарамай, 2008 йилда “НАТО учун эшиклар” Украина ва Грузия учун очиқ бўлганини айтди.
“Мана бу қизиқарли фильм! Биз келиша олмадик”, — деди у.
Путиннинг сўзларига кўра, Россия томони бу ҳолатда Украина билан чегараларни ёпиш имкониятини эълон қилганидан сўнг, мамлакатда “мухолифатнинг бузғунчи ҳаракатлари” бошланган ва бу охир-оқибат “давлат тўнтаришига” олиб келган.
Украинадаги можаронинг бошланиши
Путиннинг таъкидлашича, дастлаб конфликтни қўзғатган давлат тўнтариши бўлган. Унга кўра, ўшанда Европа Иттифоқининг уч мамлакати вакиллари ўша пайтдаги президент Виктор Янукович ва мухолифат ўртасидаги келишувнинг кафиллари сифатида қатнашган. Аммо мухолифат давлат тўнтаришини амалга оширган ва бу давлатлар “вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишнинг кафили эканини унутган”.
Россия президентининг сўзларига кўра, буларнинг барчаси бефойда эди, чунки Янукович “унинг ғалаба қозониш имконияти йўқ бўлган” барча шартлар ва сайловларга рози бўлган.
“Лекин нега давлат тўнтариши, нима учун қурбонликлар, Қримга таҳдид, Донбассдаги операция керак эди? Мен буни тушунмайман”,— деди у.
Президент Марказий разведка бошқармаси ўз ишини шу тарзда бажарганини ва давлат котиби ўринбосарларидан бирининг сўзларига кўра, операция 5 миллиард долларга тушганини айтди. Россия президентининг фикрича, ҳамма нарсани “қонуний, ҳарбий ҳаракатларсиз, Қримни йўқотмасдан” амалга ошириш мумкин эди.
Унинг қўшимча қилишича, Россия Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин давлат чегараси собиқ республикалар чегаралари бўйлаб ўтишига рози бўлган.
“Аммо биз НАТОнинг кенгайишига, Украинанинг НАТОга қўшилишига ҳеч қачон рози бўлмаганмиз, НАТОнинг Украинадаги базаларига ҳам қаршимиз”, — деди у.
Путинга кўра, Кейинги воқеаларга сабаб Украина раҳбариятининг Донбассда тинч йўл билан тартибга солиш усули сифатида Европа Иттифоқи иштирокида келишилган Минск келишувларидан воз кечиши бўлган. Аммо улар бунга амал қилмоқчи эмас эдилар, “бизни шунчаки бурнимиздан тортиб судрашди”, дейди у.
Путин Россия урушни тўхтатишга ва Минск келишувини амалга оширишга чақирганини айтди. У Донбасс аҳолисини Украина таркибига қайтишга ишонтириш мумкинлигига “мутлақо ишонган”.
“Улар урушни 2014 йилда бошладилар. Бизнинг вазифамиз бу урушни тўхтатишдир. 2022 йилдаги урушни биз бошлаганимиз йўқ, биз уни тўхтатишга уриняпмиз”, — деди Россия раҳбари.
Тинчликка эришиш мумкинми?
Россия президентига кўра, “махсус ҳарбий операция” мақсадларига ҳали эришилгани йўқ, улар орасида Россия ташаббуси билан эмас, Истанбулдаги музокараларда муҳокама қилинган “денацификация” ҳам бор. Ўшанда Германия ва Франция ҳукумати Россияни ўз қўшинларини олиб чиқишга чақирган, чунки Украина “қурол остида” тинчлик шартномасини имзолай олмас эди.
“Яхши, биз қўшинларимизни Киевдан олиб чиқиб кетдик, аммо қўшинларимизни Киевдан олиб чиқишимиз биланоқ украиналик музокарачилар Истанбулда эришилган барча келишувларни бекор қилди ва АҚШ ҳамда Европанинг сунъий йўлдошлари кўмагида узоқ муддатли ҳарбий тўқнашувга тайёргарлик кўра бошлади. Вазият шундай ривожланди ва ҳозир ҳам шундай”, — деди Путин.
Путин раҳбари тинчлик музокараларида юқори даражадаги келишувга эришилганини, бироқ ҳозирда Украинада Россия билан музокаралар ўтказишга мамлакат президенти Владимир Зеленский томонидан киритилган қонунчилик тақиқи мавжудлигини таъкидлади.
“Агар у буни тақиқлаган бўлса, биз қандай музокара қиламиз?”, — дея мурожаат қилди у.
Путиннинг қўшимча қилишича, Россия томони Зеленский “баъзи ғояларни илгари сураётганини” билади, бироқ келишувга эришиш учун музокаралар олиб бориш керак.
“Шимолий оқим” газ қувурларини ким портлатди?
Карлсоннинг “Шимолий оқим”ни ким портлатгани ҳақидаги саволига Путин “сиз, албатта”, деб жавоб берди. Америкалик журналист ўша куни банд бўлганини айтиб ҳазиллашди; президент табассум билан: “Сизнинг алибингиз бўлиши мумкин, аммо Марказий разведка бошқармасида йўқ”, — деди.
Путиннинг қайд этишича, бу ҳолатда ким бундан манфаатдор ва кимнинг Болтиқ денгизи тубида портлашни ташкил қилиш учун техник имкониятлари борлигини кўриб чиқиш керак. Карлсон портлашни “саноат терроризмининг энг йирик акти” ва энг катта CO2 чиқиши деб атади. У Россия пропаганда урушида ғалаба қозониши учун АҚШ ва НАТО буни қилганига далил сўради.
Россия президентига кўра, АҚШни тарғибот урушида мағлуб этиш жуда қийин, чунки у дунёнинг кўплаб оммавий ахборот воситаларини назорат қилади ва давлатлар ҳам Европа ОАВларининг манфаатдорлари ҳисобланади. Москва ўзининг ахборот манбаларини кўрсатиши мумкин, аммо ахборот уруши нуқтаи назаридан, Россия раҳбарининг фикрича, ҳеч қандай натижа бўлмайди.
“Бутун дунё нима бўлганини тушунади, ҳатто америкалик таҳлилчилар ҳам бу ҳақда тўғридан-тўғри гапиришади”, — деди у.
Карлсон газ қувурлари НАТОдаги ҳамкорлари томонидан портлатилганини билган ва иқтисодиётига катта зарар етган Германия нега бунга индамаётганини сўради. Президентнинг фикрича, бу ҳам уни ҳайратда қолдиради.
“Аммо бугунги Германия раҳбарияти миллий манфаатлардан кўра, жамоавий Ғарб манфаатларидан келиб чиқади”, — деди у.
“Шимолий оқим”даги портлашдан сўнг Германия суюлтирилган газни ўта юқори нархларда сотиб олади, бу эса мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини нолга туширади. Путин бу қарорлар мантиғини тушунтириб бера олмаслигини қайд этди.
Иқтисодий ўзгаришлар
Россия президенти сўзларига кўра, у Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 200 миллиард долларга етказиш мақсадини қўйган ва бу кўрсаткичдан ошиб кетган.
Шунингдек, у БРИСС жадал ривожланаётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, 1992 йилда G7 давлатларининг жаҳон иқтисодиётидаги улуши 47 фоизга, БРИССга аъзо давлатлар улуши 16 фоизга етган. Ҳозир G7 улуши 30 фоиздан кам, BRICS эса бу кўрсаткичдан ошиб кетган.
“Бу Украина билан эмас, глобал иқтисодиётдаги тенденциялар билан боғлиқ”, — деди Путин.
Унинг фикрича, АҚШнинг сиёсий “истеблишменти” дунё ўзгараётганини тушунмайди ва ўз ҳукмронлигини сақлаб қолиш учун ўз вақтида ва тўғри қарор қабул қилиши зарур эди.
“Аммо бундай қаттиқ чоралар, жумладан, Россия ва бошқа давлатларга нисбатан ҳам самарасиз ҳисобланади. Бу очиқ-ойдин факт”, — дея Путин санкцияларга изоҳ берди.
Россия президентининг қўшимча қилишича, Америка жамияти ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳукмронлик қилиш керак деган фикрни сақлаб қолади ва бу фикр элитада ҳам мавжуд. Аммо дунё ўзгармоқда ва унга мослашиш керак.
Зеленский ҳақида
Журналист Путиндан Украина президенти Россия билан тинчлик музокаралари олиб боришда эркинлиги бор-йўқлигини сўради.
Россия раҳбари бунга жавобан, Зеленскийдан Донбассда тинчликка эриша олиши кутилгани, шу йўл билан у конфликтни тинч йўл билан ҳал қилишга ваъда бергани учун ҳокимият тепасига келганини айтди.
“Аммо кейин ҳокимиятга келганида, менинг фикримча, у икки нарсани англаб етди. Биринчидан, неонацистлар ва миллатчилар билан баҳслашмаслик яхшироқдир, чунки улар агрессив ва жуда фаол, сиз улардан ҳамма нарсани кутишингиз мумкин. Иккинчидан, АҚШ бошчилигидаги Ғарб уларни қўллаб-қувватлайди ва Россияга қарши бўлганларни доим қўллаб-қувватлайди. Бу хавфсиз ва фойдали”, — деди Путин
Унинг фикрича, бундай позицияни эгаллаб, Зеленский “сайловчиларни алдаган”.
Путин Зеленский Россия билан музокара олиб боришига ишонади, уни АҚШ, Европа ва деярли бутун дунё тан олади. Россия раҳбарининг сўзларига кўра, томонлар Истанбулда келишув имзолашга тайёр эди, бироқ музокараларни Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Борис Жонсон тўхтатиб, ўз мақсадига жанг майдонида эришиш яхшироқ эканини айтган.
Жонсон нима учун бундай қилди, деган саволга Путин буни билмаслигини, бироқ Ғарбда ўшанда Россияни жанг майдонида мағлуб этиш мумкин деган хаёл пайдо бўлганини айтди. Суҳбат давомида Путин, шунингдек, Зеленскийни музокараларни тақиқловчи қонунни бекор қилишга чақирди ва Россия ҳеч қачон Украина билан музокаралардан бош тортмаганини эслатди.
Россия Европа давлатларига ҳам ҳужум қиладими?
Путин журналистнинг тегишли саволига Россиянинг Польша, Латвия ёки қитъанинг бошқа давлатларига ҳудудий даъволари йўқ, дея жавоб қайтарди. У Польшага қўшин юбориш эҳтимолини эса қуйидагича баҳолади:
“Фақат битта ҳолатда: агар Польшадан Россияга ҳужум бўлса. Нега? Чунки бизнинг Польшада ҳам, Латвияда ҳам — ҳеч қаерда манфаатимиз йўқ. Нега бизга бу керак? Шунчаки манфаатларимиз йўқ. Фақат таҳдидлар. Қандайдир глобал урушга киришиш соғлом фикрга зиддир. Глобал уруш эса бутун инсониятни ҳалокат ёқасига олиб келади. Бу аниқ”, — деди у.
Изоҳ (0)