Россия Украинага ҳарбий қўшин киритишидан бир неча кун олдин ўзининг стратегик тўхтатувчи кучлари билан машғулотлар ўтказди. Уруш бошланганидан кўп ўтмай ядровий кучларини «махсус режим»га солиб, охиригача боришга қарор қилгани ҳақида бутун дунёга очиқчасига сигнал берди. Сиёсатшунос ва хавфсизлик бўйича халқаро эксперт Павел Лузин Meduza’нинг ностратегик ядровий қурол стратегик ядровий қуролдан нимаси билан фарқ қилиши, улардан фойдаланиш эҳтимоли қанчалик юқори экани ҳақидаги саволларига жавоб берди. «Дарё» бу суҳбатни ўзбек тилига ўгирди.
Стратегик ва ностратегик ядро қуроллари ўртасидаги фарқ нимада?
Стратегик ядро қуроли деганда, қоидага кўра, рақибга ўнглаб бўлмас даражада талафот етказадиган «классик» ядро қуроли тушунилади. Россия ва НАТО тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашувлардан қочишининг сабабларидан бири ҳам шу: агрессия юз берса, бунинг касрига ер шаридаги борингки тирик жонзот қирилиб кетиши кафолатланади. Ностратегик ёки тактик ядровий қурол эса тўғридан-тўғри операциялар вақтида фойдаланиш ва ҳатто жанг майдонидаги муаммоларни ҳал қилиш учун мўлжалланган.Россиянинг бугунги ҳарбий стратегиясида (қуйида батафсилроқ) унинг қўлланилиши ўзаро қирғинни кафолатламайди, яъни бу шунчаки кучлироқ анъанавий қуролдир. Аммо совуқ уруш вақтида бу ажратиш шартли эди, чунки ҳар қандай ядро қуролидан фойдаланиш деярли муқаррар равишда икки томонлама тўлиқ вайронагарчиликка олиб келадиган ядровий урушга сабаб бўлади, деб ишонилган.
Лекин 1969–1979 йилларда стратегик қуролларни чеклаш бўйича СССР ва АҚШ ўртасида ўтказилган бир неча босқичли музокараларда қитъалараро масофани қамраб олувчи, яъни таъсир кучи 5500 километрдан ошувчи ядровий кучлар алоҳида тоифага ажратилади. Шу масофага етмайдиган ҳар қандай қурол ностратегик ядровий қурол бўлиб қолади.
1980 йиллар охири ва 1990 йилларда қуролсизланиш бўйича бир қанча Совет-Америка шартномалари тузилгандан сўнг тактик ядровий қуролнинг бир нечта синфлари йўқ қилинади. Россия ҳам, АҚШ ҳам ўзидаги тўлиб-тошган тактик ядро қуроллари арсеналларини фаол равишда камайтира бошлайди. Мисол учун, 1990 йилларнинг бошида СССРда 21 700 тагача тактик ядровий қурол бирликлари мавжуд бўлган, бу эса ядровий арсенални сақлаш, техник хавфсизлик ва назорат қилишда катта муаммоларни келтириб чиқарган. Шу жиҳатдан арсеналларни бир неча баробар қисқартириш ҳар икки давлат манфаатларига мос эди.
Бугунги кунда Россия ихтиёридаги тактик ядровий қуроллар сони қанча?
Қолган тактик ядровий қуроллар сони шартномаларда кўрсатилмагани ва Россия ҳам, АҚШ ҳам аниқ рақамларни келтирмагани сабабли биз фақат экспертларнинг тахминий рақамларига суяна оламиз, холос. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, Қўшма Штатларда бугунги кунда 230 та эркин тушадиган авиабомбалар мавжуд бўлиб, улардан 100 таси Европадаги базаларда жойлашган. Ўз навбатида, кенг миқёсдаги тактик ядровий қуролга эга бўлган Россия учун рақамлар сони жуда катта фарқ қилади: 860–1040 дан 1912 бирликкача.Бироқ ҳозирги ташувчилар сонига кўра баҳоланса (Ту-22М3 бомбардимончи самолётлари, Су-34 қирувчи бомбардимончи самолётлари, Ил-38 ва Ту-142 сув ости кемаларига қарши самолётлар, 949А «Антей» лойиҳасининг қанотли ракеталар ҳамда ракета крейсерларига эга сувости кемалари, шунингдек, «Искандар» ракета комплекслари), унда Россиянинг фойдаланишга яроқли тактик ядровий қуроли бирликлари сони 520–550 бирликдан ошиши даргумон.
Қолган ностратегик ядро қуроллари, катта эҳтимол билан, ўзининг ва ташувчиларининг эскириши туфайли фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолган (масалан, ўтмишда иш берган бир қанча ўнлаб Су-24 бомбардимончи самолётлари ёши туфайли энди ишончли эмас). Қолаверса, ташувчиларнинг бир қисмига эндиликда фақат анъанавий, яъни ядровий бўлмаган жанговар каллакларга эга ракеталар ўрнатилган.
Россия чиндан ҳам тактик ядровий қуролдан фойдаланишга тайёрми?
Совет даврида қўмондонлик можаронинг анъанавийдан ядровийгача кучайиб бориши муаммосини ҳал қила олмаган. Йирик армия (уч миллиондан ортиқ киши, улардан 600 минг нафари Варшава шартномасидаги мамлакатлар ва Мўғулистонга жойлаштирилганди) ҳамда улкан ядро арсенали тўлиқ миқёсдаги ядро уруши бошланишидан далолат бериб турарди. НАТО билан орадаги совуқ қарама-қаршилик очиқ урушга айланса, бу юз бериши муқарар эди.Ядро арсенали қисқаргани, қуролли кучлар сони камайгани, қўмондонлик ва бошқарув тизими ўзгаргани сабабли вазият ҳам ўзгарган.Камида 2010 йиллар бошидан бери Россиядаги ҳарбий режалаштиришда муаммонинг «деескалация учун эскалация» ёки «ядровий деескалация» концепциялари мавжуд бўлган. Ушбу парадоксал концепциянинг мавжудлиги бир неча йил олдин айрим мутахассислар томонидан шубҳа остига олинган бўлса-да, баъзи ҳужжатлардан унинг изларини топиш мумкин. Масалан, 2017 йил июль ойида қабул қилинган «Россия Федерациясининг 2030 йилгача денгиз фаолияти соҳасидаги давлат сиёсати асослари»нинг 37-моддасида шундай дейилади:
Ҳарбий можаро кучайган шароитда ностратегик ядровий қурол ёрдамида куч ишлатишга қатъиян тайёрликни намойиш қилиш самарали тўхтатувчи омил ҳисобланади.2020 йил июнь ойида қабул қилинган «Россия Федерациясининг ядровий тўхтатиш соҳасидаги давлат сиёсати асослари» номли ҳужжатда «Россия Федерациясига қарши оддий қурол билан, бироқ мамлакат мавжудлигини хавф остига қўйган ҳолда» қилинган тажовуз ҳам ядровий қуролдан фойдаланиш шартларидан бири сифатида кўрсатилган (17-модда ва 18-модданинг «д» банди). Бундан ташқари, ядровий тўхтатиш нафақат ядро қуролига эга бўлган давлатлар ёки давлатлар коалициясига, балки «умумий мақсаддаги сезиларли жанговар қобилиятга» эга бўлган давлатларга ҳам тегишли (13-модда). Шунингдек, ҳужум қилиш қобилиятига эга учувчисиз учиш аппаратларини юбориш ҳам зарарсизлантириш учун ядровий тўхтатувчи восита қўлланиладиган хавфлар қаторига киритилган (12-модда, «б» банди).
Ушбу ёндашувда можаронинг «ядровий деескалацияси», биринчи навбатда ностратегик ядровий қуролни аҳоли яшамайдиган ҳудудларда ёки душманнинг кема ўтолмайдиган акваторияларада намойишкорона қўллаш имкониятини англатади. Бу орқали душманни руҳан синдириш ва Россиянинг тинчлик ўрнатиш бўйича шартларини қабул қилдириш кўзда тутилган. Бундан маълум бўладики, Кремль можаронинг исталган босқичида эскалацияни назорат қилиш ва ўз сиёсий иродасини билдиришга қодирлигига ишончи комил.
Бу ишонч икки омилга бориб тақалади:
Биринчидан, бугунги кунда Россия ҳарбий раҳбариятида нима иш билан шуғулланаётганини ҳақиқатан ҳам ўзининг шахсий тажрибасида тушунадиган ва шу тушунчани сиёсий раҳбариятга етказишга қодир бўлган ядровий синов иштирокчилари деярли йўқ.
Иккинчидан, ядровий арсенални қисқартириш кенг кўламли ядро уруши ва турли миқёсдаги ядровий ҳодисалар хавфини камайтирибгина қолмайди. У, шунингдек, акс таъсирга ҳам олиб келади: тактик ядровий қурол яхши ечим бўлиб кўринадиган чегара пасайиши ҳам мумкин.
Президент тактик ядровий қуролни ишга солишга қарор қилса, нима бўлади?
Бу савол, ўз таъсирчанлиги билан, фақат очиқ манбалар орқали ишловчи фуқаролик тақдиқотчилари учун кўп жиҳатдан номаълумлигича қолмоқда. Лекин шунда ҳам асосий таҳлил учун икки жиҳат мавжуд: логистика ва буйруққа оид.Россиянинг барча ядровий қуроллари ишлаб чиқариш ва логистика тизимига киритилган. Ядро каллаклари Уралдаги «Росатом» заводларидан чиқиб, Мудофаа вазирлигининг 12-бош бошқармаси ихтиёрига ўтади. Ушбу жанговар каллаклар турига ва мўлжалланган вазифаларига қараб, марказий сақлаш базалари (МСБ) ўртасида тақсимланади. Ҳозирда бундай арсеналлар сони 12 тани ташкил этади.
Мазкур МСБларда каллаклар шай ҳолга келтирилиб, тегишли техник хизмат ҳамда таъмирлаш ва техник базалари ўртасида тақсимлаш ишлари амалга оширилади. Бундан ташқари, вақти-вақти билан (10–15 йилда бир) яроқлилик муддати тугаган бир қатор асосий компонентларни янгисига алиштириш учун ядровий каллакларни заводларга қайта юбориш талаб этилади. Ядро қуролининг ўзига хос саёҳати шу тарзда амалга ошади.
Шу билан бирга, тинчлик даврида жанговар навбатчиликда бўлган стратегик ядро кучлари (айниқса, ракета қўшинлари ва стратегик сувости кемалари) ядро каллаклари билан бевосита алоқада бўлиб, уларни назорат қилади, таъмирлаш ва техник базалари эса бевосита уларнинг ҳудудида жойлашган.
Ностратегик ядро қуроллари эса тинчлик даврида, аксинча, Мудофаа вазирлигининг 12-бош бошқармаси офицерлари қўлида бўлиб, уларнинг таъмирлаш-техник базалари ташувчилар базаларидан ташқарида жойлашган. Яъни уларни ишга туширилиши керак бўлган жойга олиб бориш масаласи ҳам бор. Боз устига, бутун постсовет даврида тактик ядровий қурол ташувчиларни назорат қилувчи офицерлар бу қуроллар билан ўзаро алоқада бўлмаган. Офицерлар ундан фойдаланиш бўйича махсус ўқув марказида ўқитилган, холос.
Ўз навбатида, Россия президенти тактик ядровий қуролни ишга туширишни буюрса, буйруқни бажаришда кўплаб кишилар иштироки зарур бўлади. Бу нафақат Мудофаа вазири ва Бош штаб бошлиғи, балки Мудофаа вазирлигининг 12-бош бошқармаси раҳбари, маълум бир сақлаш базасининг командир ва офицерлари, шунингдек, маълум бир таъмирлаш базасининг командир ва офицерларидан ҳам иборат бўлади. Улардан ностратегик ядровий қурол бирлигини ташувчига етказиб бериш ва ушбу бирликни жанговар ҳолатга келтириш талаб этилади.
Бунга параллел равишда ундан фойдаланиши керак бўлган қўшин турлари қўмондони (Ҳаво кучлари, Ҳарбий денгиз флоти ва бошқалар) ҳамда тактик ядровий қуролни ишга туширадиган ҳарбий округ қўмондони жалб қилинади. Ниҳоят, буйруқни бажариши керак бўлган маълум бир бўлинма командири ва офицерлари ҳам бу ишга жалб қилинади. Бу занжирнинг ҳар бир босқичида муваффақиятсизлик, қайсидир офицернинг буйруқни бажаришдан бош тортиши ва ҳатто яширинча саботаж қилиш эҳтимоли мавжуд.
Шу билан бирга, Россия сиёсий раҳбариятининг ўз армиясига ишончсизлиги (учрашувларда президент, мудофаа вазири ва Бош штаб бошлиғи бир-биридан кулгили тарзда узоқ ўтириши ҳам шундан далолат беради) тактик ядровий қуролдан фойдаланишда қўшимча тўсиқ бўлиб хизмат қилади. Бу шуни англатадики, агар тактик ядро қуролини ишлатишга топшириқ бўлса, амалга оширишнинг барча босқичларида бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан Кремлга яқин бўлган бир гуруҳ офицерлар гуруҳи уни ўз назорати остига олишига тўғри келиши мумкин. Мисол учун, Миллий гвардия ва Махсус операция кучларига (Путин учун бошқа стратегик жиҳатдан муҳим бўлган хизматлар) ФСО ва ФСБ ходимлари раҳбарлик қилади.
Лекин бундай «назоратчилар» мавжудлиги ядровий таъминот ходимларининг ғайратига ҳисса қўшиши даргумон. Гарчи тактик ядровий қуролни қўллашга топшириқ берилиши мумкин бўлса ҳам (бугунги шароитда бунинг эҳтимоли, афсуски, йўқ эмас), унинг бажарилиши эҳтимоли 100 фоиздан узоқдир.
Россия шунда ҳам тактик ядровий қуролни ишга туширса, нима бўлади?
Бундай ҳаракатнинг моддий ва сиёсий оқибатлари ҳақида олдиндан аниқ бир нима дейиш қийин. Агар «ядровий деескалация» тушунчасидан келиб чиқсак, у жиддий моддий зарар етказишга эмас, балки душманни руҳан таслим қилишга қаратилган. Аммо бу концепцияни ишлаб чиққан одамлар рус ҳарбийлари ва муҳандислик билимига эга бошқа мутахассисларнинг анъанавий заиф гуманитар тайёргарлигини инобатга олган ҳолда алоҳида шахслар ва ҳамжамиятлар психологиясини тўғри тушунишига кафолат йўқ. Ҳеч бўлмаганда, Украинадаги жорий кампания мисолида Украина жамиятидаги кайфиятни мутлақо нотўғри тушунилаётганини кўриш мумкин.Ностратегик ядровий қуролдан фойдаланиш, аксинча, ғазабни янада кучайтириб, жанг майдонида Россияни ўнглаб бўлмас даражада мағлубиятга учратишга тайёрлик кайфиятини келтириб чиқариши мумкин. Боз устига, ундан фойдаланиш Россия қуролли кучларининг ўзини, Россия раҳбарияти ва жамиятини руҳий тушкунликка солиб қўйиши эҳтимолини ҳам истисно қилиб бўлмайди.
Бу қандай содир бўлиши мумкин?
(Ҳали ҳам) фантастик сценарийни кўриб чиқамиз: украинлар қуролни ташламаса, Россия ядровий зарба бериш билан таҳдид қилади ва режаси жиддийлигини исботлаш учун аввал океанга ядровий зарба беради. Бу сценарийнинг ҳар қандай босқичи ва ҳар қандай нуқтасида эҳтимолий муаммоларни кутиш мумкин:
Украина қўшинлари зарбадан сўнг ҳақиқатан ҳам қуролларини ташлашига ким кафолат беради?
Ҳар қандай босқичда саботаж қилиш имкониятини ҳисобга олсак, Россия зарбани амалга ошира олишига 100 фоиз кафолат борми?
Ва ниҳоят, Ғарб (НАТО) ва бошқа катта таъсир кучига эга давлатлар (Хитой, Ҳиндистон, Япония ва бошқалар) Россиянинг таҳдидларига кескин жавоб бериб, Россиянинг барча стратегик ядровий кучларини йўқ қилиб юбормаслигига кафолат борми? Масалан, Япония денгиз флоти ҳатто ядро қуролига эга бўлмай туриб ҳам, назарий жиҳатдан Охота денгизида Россиянинг стратегик сувости кемаларини мустақил равишда мағлуб эта олади. Бунинг учун японларда етарлича имкониятлар мавжуд (яширин сувости кемалари, разведка учун мўлжалланган сунъий йўлдошлар ва ҳоказо). Россия Тинч океани флотида эса, ўз навбатида, сувости кемаларини тўлиқ ҳимоя қилиш учун ресурслар унчалик кўп эмас.
Айтилганларнинг барчасини ҳисобга олсак, Кремлнинг ядровий шантаж муваффақиятли амалга ошиши мумкинлиги ҳақидаги ғояси, шунингдек, умуман, муаммонинг «ядровий деескалация» тушунчаси, Украина ёки бошқа давлатлардан ҳам кўра Россиянинг ўзига каттароқ хавф туғдирадиган қалтис хато эканини тан олиш керак.
Изоҳ (0)