Бундан уч йил олдин ИллуминатиПирате тахаллусли аноним фойдаланувчи тармоқда зарур маълумотларни топиш мураккаблашгани, нофаол сайтлар, ташландиқ аккаунтлар кўплигидан: “Интернет улкан, лекин ичи бўш ҳаво шарига, бесамар рақамли саҳрога айланиб қолгандек”, дейди ва илк бор интернетнинг “жони узилаётгани” ҳақида огоҳлантиради.
Дарё колумнисти Дилшод Нуруллоҳ сохта аккаунтлар “қўшини”, шилта контент ва қўрқинчли “чурналистика” ҳақида фикр юритади.
Агар ушбу мақолани ўқиётган бўлсангиз, демак интернетдаги энг сўнгги инсон — сизсиз. Бошқалар, дейлик, подкастлардаги одамлар, қайсидир пост остида бир-бирининг гўштини ғажиётган фойдаланувчилар, ўша постни қўйганлар, Африканинг иттопмас ерида сизга миллион доллар мерос қолдирилганидан хабар берган фирибгарлар ва ҳоказолар — ботлар, яъни автоматик равишда дастурлаштирилган ҳаракатларни бажарадиган виртуал роботлардир.
Веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлардаги маза-бемаза контент-чи, уларнинг муаллифи ким? Топдингиз, ҳаммаси ботларнинг иши. Унда мен нима қиляпман, дейсизми? Сиз, азизим, кўринмас ва пулсираган кучнинг оқибати ҳали номаълум тажрибасидаги довдир қуён ролини ўйнаяпсиз. Ишонмаяпсиз, лекин, дўстлар, “Ўлик интернет назарияси” тарафдорлари бу гаплар ростлигига, худди Колумб Ҳиндистонни очганига шубҳа қилмай ўлиб кетгани каби иймони комил.
Умуман, жуда яқин-яқинларгача ушбу назария “замонавий телескопларга тупурдим, ер ошлагандек теп-текис” мазмунидаги ғирт фитнаангиз таълимотлардан бири эди. Аммо нуфузли илмий тадқиқот марказлари, рақамли хавфсизлик жонкуярлари айни мавзуга тобора кўпроқ мурожаат қилаётганидан пайқаш мумкинки, хавотирлар йўқ эмас.
“Улкан, аммо ичи бўм-бўш ҳаво шари”
2021 йили интернет-форумларнинг бирида ИллуминатиПирате тахаллусли аноним фойдаланувчи тармоқда зарур маълумотларни топиш мураккаблашгани, нофаол сайтлар, ташландиқ аккаунтлар кўплигидан: “Интернет улкан, лекин ичи бўш ҳаво шарига, бесамар рақамли саҳрога айланиб қолгандек”, дейди ва илк бор интернетнинг “жони узилаётгани” ҳақида огоҳлантиради.
Ўша йили АҚШнинг олди-қочди мавзулардан узоқ турадиган Тҳе Atlantic журналида эълон қилинган “Сиз буни сезмаётган бўлишингиз мумкин, аммо интернет беш йил олдин ўлган” сарлавҳали мақолада журналист Кейтлин Тиффани СИ инсонларнинг интернетдаги онлайн фаоллигини муваффақиятли сиқиб чиқаргани, натижада тармоқ фақат маҳсулот ва ғояларни сотишга хизмат қилувчи алгоритмик матоҳга айланиб қолганини таъкидлаган.
2024 йил май ойида Влада Розова ва Жейк Ранзелла Sciencealert журналида “Интернетдаги ҳар қандай мулоқот, тенденция ва, айниқса, умумий кайфият сохта бўлиши мумкин. Сунъий контент дунёқарашингизга таъсир этиш мақсадида атайин яратилаётгани эҳтимолдан холи эмас”, дея баёнот берди.
“Мабодо ўлмаган бўлса ҳам, оғир бетоб”
2022 йил охирларидан ChatGPT ва инсон каби контент ярата оладиган дастурлар оммалаша бошлади. Шу йил АрсTechnicа компанияси одамларга улар билан гап сотадиган, тасалли берадиган, қўллаб-қувватлайдиган виртуал “бот-дўстлар” топиб берувчи СоcиалAI иловасини тақдим этди: кимдир ўзини ёлғиз ҳис қилса, марҳамат, юракциз ошнасига ҳасратини тўкиб-сочиши мумкин.
Мета эса Instagramъдаги машҳур инфлюенсерларни СИ асосида ишлайдиган чат-ботларга айлантириш имконини берувчи дастур устида ишлаяпти. Эндиликда оддий фойдаланувчи билан ҳақиқий Instagram-блогер эмас, унинг рақамли клони бемалол мулоқот қилаверади.
TikTok ҳам қараб тургани йўқ. Компания пачакилашиб ўтирмай, биратўла сунъий инфлюенсер-блогерларни ишга туширмоқчи. Мақсад пул — турли брендларга: “маҳсулот ёки хизматингни катта аудитория — реал одамларга реклама қилдирсанг, фалон доллар тўлайсан, ундан кўра мана, ўзимизда ҳам сунъий кўзлар бор, нархиям ҳамёнбоп” деган мессеж бериш.
— Интернет ўзининг ўттиз йиллик тарихи мобайнида инсониятга беназир хизмат қилди. Аммо унинг энг муҳим таркибий қисми, яъни ижтимоийлиги аста-секин йўқолиб боряпти, дейди россиялик медиа-мутахассис Екатерина Рябова. — Ваҳоланки, глобал тармоқ, аввало, инсонлар ўртасидаги ижтимоий алоқаларни кенгайтириш мақсадида яратилган. Мен радикал-конспирологик қарашларни ёқтирмайман, аммо воқелик шуни кўрсатяптики, интернет мабодо ўлмаган бўлса ҳам, жуда оғир бетоб.
Биринчи симптом: путеноид ботлар
Имперва Бад Бот ҳисоботига кўра, 2024 йил дунё бўйлаб барча веб-трафикнинг қарийб 50 фоизини ноинсоний манбалар — ботлар тўлдирган, Cябра Twitter фойдаланувчиларининг 11 фоизини спам-аккаунтлар ва ботлар ташкил этади, деган хулосага келди.
Ботлар интернет пайдо бўлибдики бор ва шу пайтгача “Шум бола”га ўхшаб майда-чуйда хизматларни қилиб юрган. Аммо СИ такомиллашиб, уларнинг ҳам “кўксига шамол тегди”: энди ботлар истаганча сохта аккаунт ва контент яратиш/бошқариш, лайк, коммент, репост хизматини таклиф этиш, дезинформация, пропаганда, спам-реклама, фишинг дастурлар тарқатиш, жамоатчилик фикрини манипуляция қилиш каби “обрўли” вазифаларга жалб этиляпти.
2016–2017 йиллардаги ўн ойлик давр мобайнида “Х” (Twitter) тармоғида қолдирилган 14 миллиондан ортиқ хабарлар таҳлили ботлар томонидан яратилган аккаунтлар ишончсиз маълумотларни тарқатишда реал фойдаланувчилардан кўра кўпроқ фаол бўлганини кўрсатган, шунингдек, охирги тадқиқотларда ўн мингдан ортиқ бот-профиллар АҚШ ва европалик таниқли шахслар номидан Россиянинг Украинага қаратилган ҳарбий ҳаракатларини қўллаб-қувватловчи саноқсиз кремлбоп твитлар тарқатгани маълум бўлган.
— Сунъий интеллект бошқарадиган аккаунтлар, албатта, минглаб сохта кузатувчиларга ҳам эга бўлади, катта аудитория саҳифани ҳақиқий фойдаланувчига ишончли қилиб кўрсатади, “шунча одам кузатаркан, алдамаса керак” деган таассурот пайдо бўлади, дейди Австралиянинг Янги жанубий Уэлс университети лектори Жейк Ранзелла. — Бу эса қайсидир бот-фермаларда улкан аккаунтлар қўшини яратилаётганидан дарак беради. Энг юқори нарх таклиф қилганлар фойдаланиши мумкин бўлган, миллионлаб “аудиторияли” аккаунтлар...
Иккинчи симптом: Google = Потёмкин қишлоқлари
Ўлик интернет назарияси Google қидирув тизимидаги “жонли контент инқирози”да ҳам намоён бўляпти. Мутахассисларнинг қайд этишича, тизимда “чириган”, яъни ўқимоқчи бўлсангиз, фақат Эррор сўзи чиқадиган ҳаволалар кўпайган, дейлик, сиз 2001 йилда содир бўлган воқеалар ҳақида маълумот қидирсангиз, ўша даврда яратилган кўплаб саҳифалар очилмайди.
Шундан бўлса керак, 2023 йили чоп этилган “Метаweb — Интернетнинг кейинги босқичи” китобида Google ўша машҳур “Потёмкин қишлоқлари”га қиёсланади. Яна унда айтилишича, “қидирув тизими биз ўйлагандан анча кичик, фойдаланувчига эса танланган ҳамда потенциал сунъий контент тақдим этилмоқда”.
2024 йилда компания ўзининг платформаси инсонлар учун эмас, қидирув тизими натижаларининг олд қаторида туриш учун яратилган сунъий сайтлар билан тўлиб бораётгани, яъни СИ ижодига мансуб спам-саҳифалар инсон яратган муқобилларни сиқиб чиқараётганини тан олди. Оригиналитй.аи таҳлил маркази тадқиқотига кўра, айни пайтда улар жами ресурсларнинг 13 фоизини ташкил этмоқда.
Қидирув натижаларининг юқори қисми жуда қиммат — шунчалик қимматки, рақобатлашаётган компанияларда мақола ёзиш учун ортиқча маблағ қолмаяпти. Уларнинг бахтига ChatGPT бор, сонияларда “бир нималар” тайёрлаб беряпти. Албатта, ўша “бир нима”, уни реал одам ўқисагина фойдали, ёмон хабар шуки, интернетда тирик жондан кўра ботлар кўпроқ..., деб ёзганди Гуардиан шу йилнинг апрелида.
Учинчи симптом: шилта контент
Оксфорд луғатида одам миясининг ахлатга айланишини ифодаловчи “Brain рот” (Брейнрот) деган ибора бор. Гап, бошдаги суюқликнинг табиий айниши эмас, балки сўнгги йилларда интернетдаги сифатсиз, бефойда маълумотлар, бир кирганда узоқ вақт ғиз этиб ўтиб кетадиган қисқа рилсларга “ўтириб қолиш” оқибатида юзага келаётган интеллектнинг пасайиши тенденцияси ҳақида.
Хуллас, шу сўз “2024 йил сўзи” деб топилди. Бу учун “Ўлик интернет назарияси”га ҳам алоҳида “раҳмат” дейиш керак. Чунки, ижтимоий тармоқлар “канализацияси”дан потирлаб кеча-ю кундуз оқаётган алгоритмик шилта контент ботларни “одамлаштириб”, одамларни — “ботлаштиряпти”.
Яқинда Проспеcт нашрида эълон қилган “Атрофда тирик жон борми?” сарлавҳали мақолада бу ёқимсиз феномен шундай изоҳланади:
Онлайн платформаларнинг тижорий стратегияси сизни имкон қадар кўпроқ ушлаб турадиган контент узатишни тақозо этади, диққатингиз эса, табиийки, пулга конвертация қилинади. Шилимшиқ контент билан параллел равишда оқадиган рекламани қанча кўп кўрсангиз, компанияларга шунча кўп фойда келтирасиз.
Табиийки, миллиардлаб одамни сифатсиз озуқа билан “таъминлаш”нинг ўзи бўлмайди. Шунинг учун Мета ёки бошқа компаниялар медиаахлат яратувчиларни рағбатлантириш тизимини йўлга қўйган. Ҳозир кимдир юқори фаоллик кўрсаткичларига, дейлик, катта аудиторияга эга, постлари минглаб лайк йиғадиган аккаунт яраца, платформалар реклама даромадининг бир қисмини унга беради.
Яъни, техногигантлар “сунъий интеллект хизматингизда, аккаунтларни фаоллаштиринг, кўнгилочар контент билан тўлдиринг, трендга чиқиши учун бот-аккаунтлар ёрдамида лайкларни қалаштириб ташланг, бизнинг алгоритм уларни одамлар қизиқишига қараб, танлаб-танлаб тортиқ этади, реклама пули — ўртада” қабилида иш тутади.
Нима учун Instagram-рилслар, умуман, ижтимоий тармоқлардаги тавсиявий ленталар асосан турли аноним (эгаси номаълум) ёки ажнабий номдаги аккаунтлар жойлаштирадиган Бобурнинг эски вайнлари, “Миллион” ёки “Браво” концертидан лавҳалар билан тўлиб-тошишини энди тушуняпсизми?
Тўртинчи симптом: “чурналистика”
Тадқиқотлардан маълум бўлишича, дунё оммавий ахборот воситаларида оригинал контент йўқолиб боряпти. Масалан, британиялик журналист Ник Дэвис 2008 йилда Буюк Британия нашрлари саҳифаларининг атиги 12 фоизини оригинал материаллар ташкил этгани, ахборот бозори жонли репортаж ёки интервью-суҳбатлардан кўра, интернетдан олинган, ясама медиа маҳсулотлар билан тўлаётганидан ташвиш билдирди.
Дэвиснинг фикрича, таҳририятлар реклама даромади кўпроқ бўлиши учун сифат эмас, сонга эътибор қилишни афзал кўряпти, натижада ҳақиқий ижодий журналистика ўз ўрнини “чурнализм”, яъни “сифатсиз журналистика”га бўшатиб бераётир.
Бундай сайтларни, эгаларига реклама кўришларидан даромад олиши учун мўлжалланганидан бўлса керак, тадқиқотчилар “безарар паразитлар” деб атайди. Аслида, ундай эмас, фожиалар ҳам бор. Покистонда яратилган бўтқа сайтлардан бири Channel3Ноwъда “Тейлор Свифтнинг рақс дарсида уйсиз бир мусулмон қизларга ҳужум қилди” сарлавҳали ёлғон нейро-хабар Британияда кенг кўламли тартибсизликлар келтириб чиқаргани кўпчиликнинг ёдида.
— Ҳақиқий одамлар ва уларнинг эҳтиёжлари замонавий интернет бизнес модели учун мутлақо аҳамиятсиз. Дейлик, сизнинг қайсидир сайтга кирганингиздан олинадиган даромад билан клик-фермаларнинг сунъий ташрифи келтирадиган суммада фарқ йўқ.
Шу боис яхши, сифатли контент тез яратиладиган арзон нейро-маҳсулот фонида иккинчи планга ўтиб қоляпти, оригинал журналистик яратиқлар фақат “тозаси” учун пул тўлашга қодир кишиларга тақдим этиляпти. Бошқалар эса автоматлаштирилган тизимлар конвееридан чиқаётган медиаахлат истеъмолига мажбур, чунки уларга яхшироқ нарса тақдим этишнинг ҳеч қандай қиймати йўқ, — дейди Жеймс Болл ўзининг “Атрофда тирик жон борми?” сарлавҳали мақоласида.
Хулоса: Интернет ноинсонийлашмоқда
Тўғри, ҳали интернет том маънода ўлгани йўқ. Унда сиз-у мен каби қорақошлар ҳам, улар яратган яхши, сифатли, ижодий, креатив контент ҳам ҳеч қаерга кетмаган. Аммо унинг тобора ноинсонийлашиб бораётгани шубҳасиз. Бутунжаҳон ўргимчак тўри асосчиси Тим Бернерс-Ли охирги интервьюларида ўз яратиғининг бугунги ҳолидан ўкиниб: “Ҳозирги Веб — биз том маънода кўришни истаган тармоқ эмас”, дегани ҳам шундан.
Агар вазият ўзгармаса, йирик онлайн платформалар фақат “соққа қилиш”га қаратилган менталитетидан воз кечмаса, сунъий интеллект жилови қўлга олинмаса, халқаро ташкилот ва ҳукуматлар тегишли чоралар ишлаб чиқмаса, интернет кутилганидан ҳам тез виртуал мағзавага тўлади, дипфейклар, киберфирибгарлар, аккаунтлар армияси тафаккурингизни забт этади, чўнтагингизни ғорат қилади ва ҳоказо.
— Биз хавфли нуқтада турибмиз, деган эди илмий коммуникация бўйича эксперт, ютубер Кайл Ҳилл яқинда жойлаштирган “Сунъий идрок интернет қотилими?” номли ҳужжатли фильмида. — Генератив сунъий интеллект ахборот асрининг ядро бомбасидир. Бу икки технология ҳам дунёни бир зумда ўзгартириб юборди. Иккиси ҳам жамоатчилик розилиги олинмай синовдан ўтказилди. Иккиси ҳам улкан ҳокимиятни бир неча кишининг қўлига топширди. Иккиси ҳам жисмоний ёки рақамли бўлишидан қатъи назар, бутун бошли аҳолини йўқ қилиш қудратига эга.
Бу назария сизга яна бир ҳақиқатни уқтиради: интернетда қайсидир маҳсулот ёки хизмат кўкка кўтарилган, минглаб ижобий изоҳлар билдирилган, лайклар қалашиб кетган бўлса, дарров ўшанга ўзингизни урманг, “ҳов анави ерда кофир иккита мусулмонни бўғизлабди” деган хабар чиқса, жон ҳалпида пичоқ олиб югурманг, Алишер Усмонов ўтирволиб пул тарқатаётгани ҳақида ўқисангиз, охирги чақангизни ҳам чиқариб берманг.
Аввал ўйланг, балки экран ортида сизга ўхшаган тирик одам эмас, бежон бот тургандир.
Изоҳ (0)