5G тармоқлари сўнгги йилларда энг кўп муҳокама қилинган технологик трендлардан бири бўлиб қолмоқда. Мамлакатимизнинг АКТ соҳасидаги энг йирик тадбири - ICТ WEEK UZBEKISTAN 2024 бўлиб ўтганини инобатга олган ҳолда Ўзбекистонда бешинчи авлод тармоқларининг ривожланиш тарихи билан танишишни таклиф этамиз.
5G технологияси нимадан иборат ва олдинги авлод тармоқларидан нимаси билан фарқ қилади?
5G технологияси (мобил алоқанинг бешинчи авлоди) симсиз алоқанинг янги стандарти бўлиб, маълумотлар узатиш тезлиги, кечикиш, тармоқ сиғими ва бошқа кўрсаткичлар бўйича олдинги авлодлар — 4G ва 3G дан устун туради. 5G нафақат мавжуд алоқа технологияларининг эволюцияси, балки мобил тармоқлардан фойдаланиш учун янги имкониятларни очади, тиббиёт ва транспортдан тортиб саноат ва одамларнинг кундалик ҳаётигача бўлган кўплаб соҳаларда сифат жиҳатидан яхшиланиш имконини тақдим этади.
Мамлакат раҳбарияти ва Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар Вазирлиги мамлакатда тармоқларни рақамли ўзгартириш йўлидаги муҳим элемент сифатида янги технологияларни ривожлантиришни фаол қўллаб-қувватламоқда. 2021 йилдан бошлаб маҳаллий алоқа операторлари 5G тармоқларини янада кенгайтириш учун асос яратишга сезиларли ҳисса қўшдилар ва бешинчи авлод "миллий" тармоғини яратишга салмоқли маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб этдилар.
5G технологиясининг қандай асосий устунлик жиҳатларини ажратиб кўрсатиш мумкин?
Биринчидан, бу маълумотларни узатишнинг анча юқори тезлигидир. 4G 1 Гбит/с гача юклаш тезлигини таъминлаши мумкин бўлса, 5G 10 Гбит/с ва ундан юқори — 10-100 баравар тезроқ бўлган тезликни ваъда қилади . Бу катта ҳажмдаги файлларни деярли бир зумда юклаб олиш, видеони юқори сифатли стриминг қилиш ва виртуал ҳамда кенгайтирилган реаллик каби энг янги технологиялардан фойдаланиш имкониятини англатади.
Иккинчидан, кечикишнинг пастлиги. 5G маълумотларни узатишда кечикишни (латентликни) сезиларли даражада камайтиради — 1 миллисониягача, 4Gда 30-50 миллисонияга нисбатан. Бу, айниқса, автоном транспорт воситалари, мураккаб тизимларни масофадан бошқариш ва тиббий телеметрия каби тезкор жавоб талаб этиладиган иловалар учун муҳимдир.
Шунингдек, афзалликлар орасида қуйидагиларни ҳам ажратиб кўрсатиш мумкин:
Тармоқ сиғими. 5G ҳар квадрат километрга миллионлаб қурилмаларни қўллаб-қувватлаб, анча юқори уланиш зичлигини таъминлайди. Бу буюмларнинг Интернет (IoT) концепцияси доирасида қурилмаларни оммавий улаш имконини беради, бу ерда ақлли уйлардан тортиб саноат сенсорларигача бўлган ҳар бир қурилма тармоққа уланиши мумкин.
Ишончлилик ва барқарорлик. Янги частота диапазонларидан фойдаланиш ва такомиллаштирилган маълумот узатиш технологиялари туфайли 5G тармоқнинг юқори юкланганлиги ёки кўплаб уланган қурилмалар мавжудлиги шароитида ҳам янада барқарор ва ишончли уланишни таъминлайди.
Ҳаммаси қай тарзда бошланган? Алоқа операторлари билан қандай лойиҳалар амалга оширилди?
Ўзбекистонда 5G технологиясининг биринчи синовлари 2018 йилда бошланган бўлиб, юқори маълумот узатиш тезлиги ва кечикишнинг пастлигини намойиш этган. Ушбу синовлар 5Gни жорий этишга техник тайёрликни тасдиқлади ва технологияни янада ривожлантиришга замин яратди. 2019 йилда давлатимиз раҳбарининг Huawei компаниясининг Хитойдаги бош қароргоҳига ташрифи чоғида Ўзбекистонда барча соҳаларни янги босқичга олиб чиқадиган 5-авлод тармоғини ишга тушириш бўйича кенг имкониятлар тақдим этилган эди. 2021-2022 йилларда операторлар бешинчи авлод тармоқларини ривожлантириш ва янги технологияларни қўллаб-қувватлаш учун инфратузилмани яратиш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этдилар. Хусусан, йирик шаҳарлар марказларида ускуналарни ўрнатиш ва созлаш ишлари амалга оширилди, бу эса 5G қўллаб-қувватланадиган қурилмаларнинг корпоратив мижозлари ва фойдаланувчиларига биринчи 5G тижорат хизматларини тақдим этиш имконини берди.
5G миллий тармоғини кенгайтириш бўйича UZTELECOM лойиҳаси.
Миллий алоқа оператори UZTELECOM 2022 йилда Тошкент ва Самарқандда, ишга туширилган 5G тармоқларини кенгайтириш лойиҳасини амалга оширишга киришди ва жорий йилнинг сентябрь ойида тармоқ республиканинг барча вилоят марказларида ишга туширилди. Ҳозирги вақтда компания алоқа сифатини яхшилаш учун ечимларни ишлаб чиқиш ва жорий этишни давом эттирмоқда, шунингдек, тижорат фаолиятида янги технологияларни синовдан ўтказиш имкониятларини тақдим этмоқда. ICTWEEK 2024 кўргазмасида UZTELECOM ўз абонентлари учун 5.5G стандартини намойиш этди.
Mobiuzънинг 5G ни жорий этиш бўйича инновацион ечимлари.
Ўзбекистонда етакчи мобил алоқа операторларидан бири Mobiuz 5G ни жорий этиш бўйича Huawei билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Ушбу ташаббуслар доирасида 2022 йилда Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида 5G база станциялари ўрнатилди ва ишга туширилди. Бундай ташаббуслар Самарқанд шаҳри учун, айниқса, 2022 йил 15-16-сентябрь кунлари бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти конференцияси иштирокчиларининг юқори тезликдаги алоқа хизматлари билан таъминланишини ҳисобга олган ҳолда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Mobiuz компанияси ишлаб чиқариш ва истеъмол сегментларида ишончли, сифатли ва юқори тезликдаги хизматларни тақдим этишга қаратилган энг илғор ва инновацион ечимларни ишлаб чиқишни давом эттирмоқда.
Beeline Uzbekistan ва Huawei нинг Тошкентда 5G ни синовдан ўтказиш бўйича лойиҳаси.
Beeline Uzbekistan 2018 йилда Huawei компанияси билан ҳамкорликда Тошкентда бўлиб ўтган МобиCон мобил анжумани доирасида бешинчи авлод мобил алоқасининг биринчи оммавий синовини ўтказди. Huawei қарори 5G технологияларини стандартлаштириш ҳали тугалланмагунча 4.5G тармоқларида 5G технологиясидан фойдаланиш имконини берди. Синов давомида 1 Гбит/с дан юқори тезликда маълумот узатиш имконияти намойиш этилди.
Ucell ва Huawei компаниясининг Ўзбекистонда 5G тармоғини яратиш бўйича қўшма лойиҳаси.
2021 йил май ойида Ucell мобил оператори Huawei билан ҳамкорликда Tashkent City Park майдонида 5G интернети тест-драйви ўтказилди ва 2022 йилда Самарқандда 5G тармоғини кенгайтириш бўйича тижорат лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошланди. Ушбу лойиҳа доирасида илк 5G таянч станциялари ўрнатилди, шунингдек, бизнес ва аҳоли учун янги технологиянинг имкониятларини кўрсатиш мақсадида намойиш тадбирлари ҳам ўтказилди. Лойиҳа тармоқни оптималлаштириш бўйича ечимларни интеграциялашни ўз ичига олган бўлиб, бу маълумотларни узатишнинг юқори тезлигига эришиш ҳамда истеъмолчилар, бизнес ва саноат учун 5G салоҳиятини намойиш этиш имконини берди.
Ушбу лойиҳалар Ўзбекистон мобил алоқа операторларининг мамлакат телекоммуникация инфратузилмасини яхшилаш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш шунингдек, бизнес ва аҳоли учун янги имкониятлар яратишга қаратилган 5G технологиясини жорий этиш бўйича сезиларли саъй-ҳаракатларини яққол намойиш этди.
Янги технологияларни жорий этиш мамлакат, бизнес ва аҳоли учун қандай афзалликларга эга?
5G жорий этилиши, шубҳасиз, Ўзбекистон иқтисодиётини янада рақобатбардош қилишга ёрдам бериб, рақамли трансформацияни тезлаштириш ҳамда асосий тармоқларда унумдорликни ошириш имконини тақдим этади. Юқори тезликдаги ва ишончли алоқа рақамли хизматлар ва инновацияларнинг ривожланишини рағбатлантириш орқали ишбилармонлик муҳитини яхшилайди, бу эса ўз навбатида Ўзбекистон компаниялари учун экспортнинг ўсиши ҳамда савдо бозорларининг кенгайишига ёрдам беради. Бу мамлакатга қўшилган қиймат яратишнинг глобал занжирларида янада муҳим ўрин эгаллаш, янги ҳамкорлар ва инвесторларни жалб қилиш имконини беради.
5G виртуал ва қўшимча реаллик, телемедицина, масофавий таълим, ақлли шаҳарлар, рақамли қишлоқ хўжалиги, рақамли соғлиқни сақлаш ва бошқалар каби янги соҳа ва хизматларни ривожлантиришга замин яратмоқда. Масалан, қишлоқ хўжалигида 5G дан фойдаланиш ҳосилдорликни мониторинг қилиш ва бошқаришнинг илғор усулларини қўллаш, саноатда эса реал вақт режимида ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш ҳамда бошқариш бўйича ечимларни жорий этиш имконини беради. Шу тарзда, Huawei “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети ва UZTELECOM миллий алоқа оператори билан ҳамкорликда 2021 йилда “ақлли қишлоқ хўжалиги” лойиҳасини амалга оширди, унинг доирасида 5G тармоғи ва дронлар ёрдамида қишлоқ хўжалиги ерларини мониторинг қилиш амалга оширилди. Буларнинг барчаси нафақат рақамли ўзгаришларга, иқтисодиётни янгилашга ёрдам беради, балки унинг ташқи иқтисодий омилларга бардошлилигини ҳам оширади.
Бу борада 5G тармоқлари Ўзбекистонда «ақлли шаҳарлар»ни яратиш ва ривожлантиришга замин яратади, бу ерда шаҳар тизимларини бошқариш самарадорлигини ошириш ҳамда одамларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш учун Интернет буюмлари (IoT), сунъий интеллект (АI) ва булутли ҳисоблаш технологиялари қўлланилади. Йўл ҳаракатини бошқаришнинг интеллектуал тизимлари, экологик вазиятни мониторинг қилиш, ёритиш ва қувват самарадорлигини автоматлаштирилган тарзда бошқариш, шунингдек, масофадан туриб тиббий ва таълим хизматларини жорий этиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон давлати, бизнеси ва аҳолиси учун бир қатор аниқ асосий устунликларни ажратиб кўрсатиш мумкин:
- Рақамли иқтисодиёт ва инновацион секторларни ривожлантириш.
5G технологияси иқтисодиётнинг янги рақамли секторларини ривожлантириш учун катализатор бўлади. Яқин йилларда виртуал ва кенгайтирилган реаллик, булутли ўйин хизматлари, телемедицина, масофавий ўқитиш ва саноат объектларини масофадан бошқариш каби 5Gга асосланган хизматлар соҳасининг ўсиши кутилмоқда. Шунингдек, бу стартаплар, кичик ва ўрта бизнес учун янги имкониятлар очиб, мамлакатда тадбиркорлик фаоллигини ривожлантиришга ҳисса қўшади.
- Халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва инвестицияларни жалб этиш.
5G жорий этилиши Ўзбекистонда инновацион лойиҳаларни ривожлантиришдан манфаатдор етакчи технологик компаниялар ва инвесторлар билан халқаро ҳамкорликни фаоллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда. Бу хорижий инвестициялар оқими ва юқори технологиялар соҳасидаги шерикликнинг кўпайишига олиб келади, бу эса ўз навбатида иқтисодиётнинг ўсиши ва модернизациясини жадаллаштиради.
- 6G эволюцияси ва янги стандартларга тайёргарлик.
Гарчи 5G жорий этилиши кейинги 7-10 йил давомида устувор бўлиб қолса-да, ушбу даврнинг охирида олтинчи авлод (6G) алоқа стандартларига ўтишга тайёргарлик бошланади. Ўзбекистон Халқаро Электралоқаси Иттифоқининг (ХЕI) фаол аъзоси сифатида келажакда 6G ни жорий этишга тайёрлигини таъминлашга интилиб, янги технологияларни ўрганиш ҳамда уларни синовдан ўтказишда фаол иштирок этиши мумкин.
- Рақамли саводхонликни ошириш ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш.
Мамлакатда 5G тарқалиши билан янги авлод тармоқларини бошқариш, киберхавфсизлик, маълумотларни таҳлил қилиш ва илғор технологияларни жорий этиш билан боғлиқ янги кўникма ва малакаларга эҳтиёж пайдо бўлади. Яқин йилларда таълим ва кадрлар тайёрлашга катта эътибор бериш давом эттирилиши, бунинг натижасида ахборот технологиялари соҳасида барқарор ва малакали меҳнат бозорини яратиш имконини берилиши кутилмоқда. Ундан ташқари, АКТ-иқтидорларни ривожлантиришнинг ушбу вектори 2030 йилгача бўлган Ўзбекистон стратегиясида аниқ белгилаб ўтилган.
Айтиш жоизки, Huawei ушбу кўрсатмани амалга оширишни фаол қўллаб-қувватламоқда. Масалан, шу йилнинг ўзида Ўзбекистонда Seeds for the Future АКТ-иқтидорларни тайёрлаш дастурининг 10 йиллиги нишонланди. Ушбу тадбир доирасида Ўзбекистонда Яқин Шарқ ва Марказий Осиёнинг 14 та давлатидан 150 дан ортиқ иштирокчи иштирок этди.
5G ни жорий этиш йўлида қандай муаммолар юзага келиши мумкин?
5G технологияси Ўзбекистон иқтисодиёти ва жамиятига келтириши мумкин бўлган сезиларли афзалликларга қарамай, уни жорий этиш бир қатор муаммоларга дуч келмоқда. 4G/LTE тармоқларининг амалдаги оммабоплиги ва умуман истеъмолчиларнинг талабини қондириш билан бир қаторда, 5G тармоқларининг ривожланиши 2025 йил охиригача паст ва ўртача суръатлар билан давом этади. Ўзбекистонда 5G нинг жадал ривожланиш даври 2026-2028 йилларда бўлиши кутилмоқда. Бу, айниқса, мамлакат алоқаларнинг янги авлодига муваффақиятли ўтиш учун бир қатор асосий тўсиқларни енгиб ўтиши учун муҳим бўлади.
5G ни жорий этиш ҳам мобил алоқа операторлари, ҳам давлат томонидан катта капитал сармояларини талаб этади. Операторлар янги инфратузилмани ривожлантириш ва мавжуд тармоқларни модернизация қилиш учун зарур маблағларни жалб қилишда қийинчиликларга дуч келиши мумкин. Бундан ташқари, 5G ни муваффақиятли жорий этиш учун спектрни, хавфсизлик стандартларини самарали тартибга солиш имконини берадиган меъёрий-ҳуқуқий асосни ҳам мутаносиблаштириш зарур.
5G технологиясини жорий этиш йўлидаги яна бир муҳим тўсиқ терминал қурилмалари экотизимининг тайёрлигидир. Ҳозирда мамлакат бўйлаб 5G қўллаб-қувватланадиган терминалларнинг кириб бориш даражаси 10-12% атрофида. Технологиянинг жадал ривожланиши учун бу кўрсаткич 20% дан ошиши лозим.
Эътибор қаратилиши лозим бўлган яна бир муҳим жиҳат бор. 5G тармоқларини икки йўл билан кенгайтириш мумкин. Биринчи йўл эволюцион, 5G тармоғи мавжуд 4G/LTE инфратузилмаси асосида қурилади. Бу тармоқлар кўпинча 5G НСА (Non-Standalnone) тармоқлари деб аталади. Эволюцион йўл дунёда энг оммабоп ҳисобланади. Дунёдаги аксарият операторлар (80% дан ортиғи) айнан 5G НСА тармоқларини қуради. Биринчидан, бундай ёндашув тармоқнинг баъзи элементларидан ортиқча фойдаланиш ҳисобига иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди, иккинчидан, 5G НСА тармоқлари учун қурилмалар экотизимининг тайёрлик даражаси юқори, яъни 5G НСА қўллаб-қувватлайдиган кенг турдаги мавжуд смартфонлар мавжуд. Агар 5G СА (Standalnone) тармоғини қуришни назарда тутувчи иккинчи йўл ҳақида гапирадиган бўлсак, бундай сценарийда инфратузилмани нолдан қуриш кераклиги сабабли тармоқни қуриш харажатлари сезиларли даражада ортади. Бундан ташқари, ҳозирги вақтда 5G СА технологиясини қўллаб-қувватлайдиган смартфон ёки бошқа қурилмани сотиб олиш тижоратда мавжуд бўлган қурилмалар сони камлиги сабабли анча мушкулдир.
5G тармоқлари янги имкониятларни тақдим этишдан ташқари, шу билан бирга кибер таҳдидлар хавфи ҳам ортиб бораётганини ҳисобга олиш муҳимдир. 5G тармоғи орқали узатилаётган маълумотлар ҳажмининг жадал суръатлар билан ортиб бориши шароитида маълумотлар ҳимояси ва фойдаланувчиларнинг махфийлигини таъминлаш вазифалари янада долзарблашиб бормоқда.
Юқорида айтиб ўтилганларга қўшимча тарзда, 5G муваффақиятли жорий этилиши тармоқ муҳандислигидан тортиб киберхавфсизликкача бўлган турли соҳаларда малакали мутахассисларни талаб этади. Бу борада Ўзбекистонда зарур кўникма ва янги технологиялар билан ишлаш тажрибасига эга бўлган кадрларни мунтазам тайёрлашни давом эттириш ниҳоятда зарур. Келгуси беш йиллик давр янги рақамли ландшафт шароитида ишлай оладиган мутахассисларни ўқитиш ва тайёрлаш дастурларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Одамлар 5G нима эканлигини ва инновацион технологиялар нима учун кераклигини тушуниши учун қандай чоралар кўрилмоқда?
Гарчи 5G сезиларли афзалликларни ваъда қилса-да, Ўзбекистондаги кўплаб фойдаланувчилар ва корхоналар янги технологияларнинг салоҳияти ва уларнинг кундалик ҳаёт ва бизнесга таъсирини тўлиқ тушуниб етмаслиги ҳам мумкин. 5G ҳақида маълумот бериш ва тарғиб қилиш, шу жумладан кенг аудитория учун ўқув дастурлари ҳамда намойиш тадбирларини ўтказиш бўйича биргаликдаги фаол саъй-ҳаракатлар зарур.
5G технологиясини оммалаштириш ва аҳолининг унинг устуликлари ҳақида хабардорлилигини ошириш учун Ўзбекистонда кўргазмалар, анжуманлар ва намойишлар ўтказилиб, уларда Huawei, алоқа операторлари ва бошқа валикиллар 5G имкониятларини намойиш этмоқда.
Ўзбекистонда яқин йилларда 5G ривожланиш истиқболлари қандай?
Ўзбекистонда 5G жорий этилиши мамлакатда рақамли ўзгаришларнинг муҳим босқичига айланишини, иқтисодий ўсиш ва технологик ривожланиш учун янги имкониятлар яратишини ваъда қилмоқда. Келгуси йилларда Ўзбекистонда 5G тармоқларини сезиларли даражада кенгайтириш ва уларнинг иқтисодиётнинг турли тармоқларига таъсирини оширишни кутиш мумкин.
2028—2030 йилларга келиб 5G мамлакатда янги қурилмалар учун асосий стандартга айланиши кутилмоқда, бу эса соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт ва ишлаб чиқариш каби турли соҳаларда илғор рақамли ечимларни жорий этишни янада жадаллаштиради.
Яқин 5-10 йил ичида Ўзбекистонда 5G тармоқларини ривожлантириш иқтисодий ўсиш, технологик инновациялар ва аҳоли турмуш сифатини яхшилашнинг асосий драйверларидан бирига айланади. 5G асосидаги янги технологиялар ва хизматларни жорий этиш мамлакатнинг глобал рақамли иқтисодиётга янада чуқурроқ интеграциялашувини таъминлайди ва барқарор ривожланиш учун қулай шарт-шароитлар яратади.
Реклама ҳуқуқи асосида.
Изоҳ (0)