Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов Италия А Сериясининг “Рома” клубидан Туркия Суперлигасидаги “Башакшеҳир” жамоасига ўтди. Истанбул клуби матбуот хизмати хабарига кўра, футболчи 2025/26 йилги мавсум охиригача ижарага олинди. Шартномада 2,7 миллион евро эвазига мажбурий сотиб олиш банди ҳам мавжуд.

Шомуродов — “Башакшеҳир”даги энг қиммат футболчилардан бири
Transfermarkt портали маълумотларига кўра, Элдор Шомуродовнинг ҳозирги трансфер қиймати 5 миллион еврога тенг. Бу кўрсаткич билан у “Башакшеҳир” таркибидаги энг қиммат футболчилардан бирига айланди. Ганалик ҳимоячи Жером Опоку ҳам шунча қийматга эга. Шунингдек, Фейси Эбоселе ва Берат Ўздемир каби футболчиларнинг нархи ҳам 4 миллион евродан юқори баҳоланган.
“Башакшеҳир” жамоасининг умумий трансфер қиймати 55,2 миллион еврога тенг бўлиб, бу кўрсаткич билан клуб Туркия Суперлигасидаги энг қиммат бешта жамоа қаторига киради. Ундан олдинги ўринларни эса қуйидаги клублар эгаллаган:
- “Галатасарой” – 248,8 млн евро
- “Фенербаҳче” – 237,6 млн евро
- “Бешиктош” – 146,2 млн евро
- “Трабзонспор” – 91,3 млн евро
Туркия Суперлигасидаги энг қиммат футболчилар
Элдор Шомуродов айни дамда лига доирасидаги энг қиммат 55-футболчи ҳисобланади. Энг қиммат футболчи эса — “Фенербаҳче”га “Ан-Насср”дан келган колумбиялик Жон Дюран бўлиб, унинг қиймати 35 миллион еврога баҳоланган. Иккинчи ўринда “Галатасарой” футболчиси Лерой Сане (32 млн евро), учинчи ўринда эса “Фенербаҳче” ҳужумчиси Юсуф Эн-Несири (24 млн евро) жойлашган.
“Башакшеҳир” — қисқача тарих ва Европадаги иштирок
“Башакшеҳир” илк бор 2006/07 йилги мавсумда Туркия Суперлигасида тўп суриш ҳуқуқини қўлга киритган. 2012/13 йил мавсумда биринчи лигага тушиб кетган клуб, орадан бир йил ўтиб яна олий дивизионга қайтди ва ўшандан бери Суперлигада доимий иштирок этиб келмоқда.
Жамоа 2017/18 йилги мавсумда илк бор Европа Лигасининг гуруҳ босқичида қатнашди. 2019/20 йилги мавсумда эса тарихидаги илк чемпионликни қўлга киритиб, кейинги мавсумда Европа Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида иштирок этди. Ўша пайтда Туркия чемпионатида “Галатасарой”, “Фенербаҳче” ва “Бешиктош” навбатма-навбат чемпионликни қўлга киритиб келаётган эди. “Башакшеҳир”нинг бош совринни қўлга киритиши ҳақиқий сенсация бўлди, чунки ўша йилларда Туркия жамоалари орасида мавсум охирида кўпинча “Галатасарой” ёки “Фенербаҳче” чемпион бўлиши кутиларди. “Башакшеҳир” эса ушбу стереотипларни синдириб, олтин медалларга эга чиқди.
Улар сўнгги бор 2022/23 йилги мавсум Европа миқёсидаги мусобақада қатнашган. Ўшанда “Башакшеҳир” Конференциялар Лигасининг гуруҳ босқичида муносиб иштирок этган ва плей-офф йўлланмасини қўлга киритган. Бироқ улар 1/32 финал босқичига Швэтсариянинг “Базел” клубига икки ўйин натижасига кўра 1:2 ҳисобида мағлуб бўлиб, турнирдаги иштирокини якунлаган.

2024/25 йилги мавсумни Суперлигада 5-ўрин билан якунлаган “Башакшеҳир” 2025/26 йилги мавсум Конференциялар Лигаси 2-саралаш босқичида иштирок этади. Клуб саралашдаги илк ўйинларини 24 ва 31 июль кунлари Болгариянинг “Черно Море” жамоасига қарши ўтказади.
Жамоа ва стадион ҳақида
“Башакшеҳир” ўз уй учрашувларини Истанбулдаги “Фотиҳ Терим” стадионида ўтказади. 2024 йилда фойдаланишга топширилган ушбу арена 17 минг томошабинга мўлжалланган.

Жамоа таркибида Шомуродовдан ташқари яна 13 нафар легионер тўп суради. Улар орасида энг таниқлиси — бразилиялик собиқ “Милан” футболчиси Лео Дуарте. Шунингдек, Жером Опоку, Усейн Ба ва Френсис Нзаба каби хорижлик футболчилар ҳам “Башакшеҳир” сафида ҳаракат қилмоқда.
Изоҳ (0)