Хитойнинг Air China авиакомпаниясига мунтазам авиақатновларни амалга ошириш учун рухсатнома берилди.

“Ўзавиация” агентлигининг хабар беришича, рухсатнома Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ҳаво қатнови тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга асосан берилди.
Парвозлар Тошкент—Пекин ҳам Урумчи—Тошкент—Урумчи йўналишларида Boeing-737-800/8 (МАХ) ва Airbus-330-300/200 самолётларида амалга оширилади.
2024 йил июнида Ўзбекистон ва Хитой авиация ҳукуматлари ўртасида ҳаво қатнови тўғрисидаги икки томонлама ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш, икки давлат ўртасида амалга оширилаётган авиақатновлар сонини кескин ошириш, янги ҳаво йўлакларини очиш масалалари муҳокама қилинганди.
Ўзбекистон томонидан битимдаги авиакомпаниялар сонига ва парвоз манзилларига қўйилган чекловларни олиб ташлаш, амалдаги авиақатновлар сонини ҳар бир томондан ҳафтасига 50 тадан жами 100 тага ошириш, парвозлар географиясини кенгайтириш ҳамда янги ҳаво йўлакларини очиш таклиф этилганди. Музокаралар натижасига кўра икки давлат авиация маъмуриятлари ўртасида тегишли ҳужжат имзоланганди.
Air China — Хитойдаги энг йирик авиакомпаниялардан бири бўлиб, 1988 йилда ташкил этилган. Компания дунёнинг 200 га яқин шаҳарига рейсларни амалга оширади. Унинг ҳаво кемалари паркида 500 дан ортиқ самолёт бор.
Изоҳ (0)