Гепатолог Тея Розина қайси аломатлар ҳақиқатан ҳам жигар касалликларини кўрсатиши мумкинлигини ва қайсилари шунчаки кенг тарқалган янглиш тушунчалар эканлигини тушунтирди.

Ташқи белгилар муаммолардан қачон дарак беради
Жигар камдан кам ҳолларда касалликлар ҳақида аниқ ташқи аломатлар билан сигнал беради. Сариқлик (терининг сарғайиши) фақат ўткир ҳолатларда, масалан, вирусли гепатит ёки дорилар таъсирида жигарнинг зарарланишида учрайди, аммо бу ҳолатларда ҳам у ҳар доим кузатилмайди.
Қуйидагилар хавотирли белгилар бўлиши мумкин:
- оёқлардаги шишлар;
- суюқлик тўпланиши туфайли қориннинг катталашиши (ассит);
- оёқлардаги геморрагик тошмалар (сурункали гепатит C билан бирга кечиши мумкин бўлган васкулитга хос бўлган болдирдаги майда қизил қонталашлар);
- қон томир “юлдузчалари” (циррознинг белгиларидан бири, гарчи улар соғлом одамларда ҳам, ҳомиладорлик пайтида ҳам учраса-да).
Жигар билан боғлиқ бўлмаган қандай аломатлар мавжуд?
- Ҳолсизлик — жуда ноаниқ аломат бўлиб, уни ҳар қандай нарса келтириб чиқариши мумкин.
- Тошмалар, папилломалар — жигар касалликларини англатмайди.
“Терида пайдо бўладиган ҳамма нарса — ҳуснбузар, папилломалар, кератомалар аниқ жигар билан боғлиқ, деган гаплар ҳақиқатга тўғри келмайди”.
- Ўнг қовурға остидаги оғриқ — жигарнинг ўзи оғримайди, чунки унда оғриқ рецепторлари йўқ. Бу соҳада ноқулайлик жигар капсуласи таъсирланганда юзага келиши мумкин. Аммо кўпинча нохуш сезгилар ўт пуфаги, ичак, мушаклар ва бошқа аъзолардаги муаммолар билан боғлиқ бўлади.
Жигарни қачон текширтириш керак
Муаммони аниқлашнинг ягона ишончли усули — қоннинг биокимёвий таҳлили (АLT, АСТ, билирубин) ва ултратовуш текширувидир. Агар аниқ белгилар бўлмаса-ю, хавф омиллари (спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш, семизлик, гепатитлар) мавжуд бўлса, мунтазам равишда текширувдан ўтиб туриш лозим.
Изоҳ (0)