Афғонистон пойтахти Қобул 2030 йилгача бутунлай сувсиз қоладиган биринчи шаҳар бўлиши мумкин. Бу ҳақда Afghanistan International хабар берди.

Ҳисоботларга кўра, сўнгги 10 йил ичида кенг кўламли шаҳарлаштириш ва иқлим ўзгариши туфайли Қобулдаги сув сатҳи 30 метрга пасайган.
The Guardianʼга кўра, ҳозирда йилига 44 миллион куб метр деб баҳоланган ерости сувларини қазиб олиш ҳажми ошиб кетмоқда. Агар бу ҳол давом этса, шаҳарнинг ерости захиралари 5 йилдан камроқ вақт ичида тугаб, Қобулнинг 7 миллион аҳолиси учун хавф туғдириши мумкин.
Афғонистондаги “Меҳр-шафқат корпуси”нинг мамлакат бўйича директори Дейн Карри вазиятнинг долзарблигини таъкидлаб шундай деди:
“Бу муаммони халқаро ҳамжамият эътиборига ҳавола этиб инқирозга қарши курашишга жиддий бел боғлаш зарур”.
Каррининг айтишича, Афғонистоннинг сув инфратузилмаси халқаро ёрдамга боғлиқ бўлиб, “Толибон” ҳокимиятга келганидан кейин сиёсий хавотирлар туфайли молиялаштириш музлатиб қўйилган.
Таъкидланишича, Қобулдаги ерости сувларининг 80 фоизи ичиш учун яроқли эмас. Канализация сувларининг ифлосланиш даражаси жуда юқори. Сув таъминоти аҳоли учун кундалик муаммога айланган. Баъзи оилалар даромадининг 30 фоизини сувга сарфлайди, 2/3 қисмидан кўпроғи эса сув билан боғлиқ харажатлар туфайли қарзга ботган.
Қобул аҳолиси 2001 йилда 1 миллиондан кам бўлган бўлса, бугунги кунда 7 миллиондан ошган. Бу эса сувга бўлган талабни кескин ошириб юборган. Самарали бошқарув, тартибга солиш ва назоратнинг йўқлиги сўнгги 20 йил ичида вазиятни янада ёмонлаштирган
Изоҳ (0)