Конго Демократик Республикасида юз берган сув тошқинлари оқибатида 100 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Бу ҳақда расмийларга таяниб Al Jazeera хабар берди.

Маълум қилинишича, кечаси юз берган кучли сув тошқинлари бир нечта қишлоқни ювиб кетган. Табиий офатга кучли ёғингарчилик сабаб бўлган.
Шиддат билан оқаётган сув йўлидаги барча нарсаларни — йирик тошлар, улкан дарахтлар ва лойни ўзи билан олиб кетиб, кўл бўйидаги уйларни вайрон қилган. Ҳалок бўлганлар асосан болалар ва кексалардир, дейди расмийлар.
Табиий офат оқибатида 28 киши жароҳатланган ва 150 га яқин уй бузилган. Тошқин “жуда катта моддий зарар” етказган. Қутқарув ишларига хизматлар етишмаслиги ва алоқа узилиши халал бермоқда.
Конго Демократик Республикасининг шарқий қисмида ҳукумат қўшинлари ва исёнчилар ўртасида ўн йиллар давомида тўқнашувлар бўлиб келмоқда. Январь ойи охирида Руанда қўллаб-қувватлаётган М23 исёнчи гуруҳи Гома шаҳрига кутилмаганда ҳужум қилиб, уни эгаллаб олди. Шундан кейин можаро янада кучайди.
Изоҳ (0)