Қозоғистон Олий суди мамлакат фуқаросига экология қонунчилигини бузганлиги учун 73 миллион доллар (37 миллиард тенге) миқдорида мисли кўрилмаган жарима қўллаш тўғрисидаги ишни кўриб чиқади. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.

Олий суд жараёни яқин кунларда бошланиб, шов-шувли ишга нуқта қўйиши кутилмоқда. Маълум қилинишича, “Oxygenator” МЧЖнинг Атирау вилояти Экология бошқармасига нисбатан кассация шикояти бўйича суд мажлиси 17 июнга белгиланган. Компания текширув далолатномаси ва 2023 йил 12 сентябрдаги қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги буйруққа эътироз билдирмоқда.
2023 йилда атираулик тадбиркор экологик қонунларни бузгани учун мисли кўрилмаган жарима тўлашга мажбур бўлган. 42 ёшли Мурат Ниязов нефть чиқиндиларини утилизация қилувчи кичик бизнес эгаси ҳисобланади.
Биринчи суди “Oxygenator” МЧЖ хавфли нефть чиқиндиларини тегишли рухсатномасиз йиғиб, экология қонунчилигини бузган деб топган. Оқибатда компания 328-модда “Атроф-муҳитга йўл қўйиладиган антропоген таъсир кўрсатиш стандартларини бузиш” бўйича 73 миллион доллар (37,4 миллиард тенге) миқдорида жаримага тортилган.
Жарима миқдорига изоҳ берар экан, эркак йилига кўпи билан 19,5 минг доллар (10 миллион тенге) тўлаши мумкинлигини айтган. 73 миллион долларни тўлаш учун, тахминий ҳисоб-китобларга кўра, унга 3700 йил керак бўлади.
Аввалроқ Экология ва табиий ресурслар вазирлиги 2023 йилда ўтказилган текширувда Атирау вилояти экологлари жиддий қоидабузарликни аниқлаганини маълум қилган эди. 2022 йилдан буён корхоналардан бирида очиқ майдонларда 13 минг тоннадан ортиқ зарарли нефть ва бошқа чиқиндилар тўпланган. Текширув табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси талабига биноан амалга оширилган.
“2022 йилдан бугунги кунга қадар тўпланиб қолган чиқиндилар утилизация қилинмаган. Аниқланган экологик меъёрларнинг бузилиши муносабати билан “Oxygenator” МЧЖга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди. Уларнинг бир қисмини компания тан олган ва ихтиёрий равишда тўлаган. Аниқланган асосий қоидабузарлик экологик рухсатномасиз хавфли чиқиндиларни тўплаш бўлиб, бунинг учун биринчи инстанция суди томонидан 37,4 миллиард тенге миқдорида маъмурий жарима қўлланилди”, дея тасдиқлаган Экология вазирлиги.
Жарима жазосини тайинлашда суд атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатганлик учун тўлов ставкаларини ифлослантирувчи моддаларнинг ортиқча миқдорига нисбатан фоизларда ҳисоблаб чиққан. Бу ҳуқуқбузарлик содир этилган пайтда амалда бўлган энг кам иш ҳақи миқдорини ҳисобга олган ҳолда 37 495 296 527,4 тенгени ташкил этган.
Изоҳ (0)