Эквадорда тошбақани уриб юборган ҳайдовчи 13 минг доллардан ортиқ жаримага тортилди. Бу ҳақда Primicias хабар берди.
Воқеа 10 декабрь куни Санта Крус оролида содир бўлган. Тошбақа транспорт воситаси босиб кетганидан кейин тирик қолмаган. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳайдовчи томонидан ноёб ҳайвонларга нисбатан тегишли хавфсизлик чоралари бузилганини аниқлаган. Миллий боғ дирексияси ҳайдовчига 13 248 долларга тенг миқдорда жарима солган.
Эквадорда тошбақаларни, айниқса, Галапагос оролларининг гигант тошбақаларини ўлдириш қатъиян тақиқланган. Ушбу тошбақалар халқаро табиатни муҳофаза қилиш шартномалари билан ҳимояланган. Уларни ўлдириш ёки жароҳат етказиш оғир жарималар ва қонуний оқибатларга олиб келиши мумкин.
Мамлакатда йўқолиб кетиш хавфи остидаги ҳайвонларни ўлдириш 1933 йилдан бери тақиқланган. Тошбақа гўшти бир вақтлар лаззатли таом ҳисобланган, аммо энди уларни овлаганлар 3 йилгача қамоқ жазосига тортилиши мумкин.
2019 йилда тошбақани босиб кетиб, унинг чиғаноғини шикастлаган одам 11 минг доллар жаримага тортилганди. Ўша йили яна бир ҳайдовчи худди шундай ҳуқуқбузарлик учун 15 000 доллардан ортиқ тўлашга мажбур бўлган. Бундан ташқари, 2022 йилда Эквадор тўртта Галапагос гигант тошбақасининг ўлдирилиши бўйича тергов бошлади. Прокурорлар бу тошбақалар овлангани ва истеъмол қилинганини тахмин қилганди.
Изоҳ (0)