Андижон вилоятининг Балиқчи туманида яшовчи 22 ёшли фуқаронинг тўйи муносабати билан тўй кортежи туман марказида гуруҳ бўлиб ҳаракатланган. Бу ҳақда МИБ ахборот хизмати "Дарё"га хабар берди.
Маълум қилинишича, машинадан танасини чиқариб, видеотасвирга олиб кетаётган оператор машинаси вилоят ИИБ ЙҲХБ ҳайдовчи оператори томонидан тўхтатилиб, қонуний чора кўрилиши билдирилган.
Бироқ куёв ва унинг дўстлари бу ҳолатга қаршилик кўрсатиб, хизмат вазифасини ўтаётган ходим билан жанжаллашиб, унга тан жароҳати етказган.
Ҳолат жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман судида кўриб чиқилиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан 27 млн 200 минг сўм миқдорида жарима жазоси қўлланилган.
МИБ Балиқчи туман бўлими ходимлари томонидан куёвдан 27 млн 200 минг сўм миқдоридаги жарима пуллари ундирилган.
Аввалроқ Қорақалпоғистондаги тўйда танасини машинадан чиқариб тасвирга олган операторлар ва ҳайдовчи жаримага тортилган эди.
Шунингдек, Андижонда 20 ёшли қиз машинадан танасини чиқариб ҳаракатланганди.
Шу билан бирга, Самарқандда ҳаракатланаётган Gentra'дан танасини чиқариб, сохта доллар сочган йигитларга чора кўрилгани тўғрисида хабар берилганди.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистонда тўй кортежи ҳайдовчилари 200 доллар учун йўл талашиб, бир-бири билан тўқнашганди.
Изоҳ (0)