Ўзбекистонда жорий йилнинг 20 июнидан умумтаълим мактабларига қабул бошланган. Жараён 31 июлгача давом этади. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Эркин Муродов “Дарё” мухбири билан суҳбатда қабул қандай кечаётгани, янги ўқув йилидаги ўзгаришлар ва бошқа масалалардаги саволларга жавоб берди.
— Мактабларга қабул жараёни қандай кетяпти? Янги ўқув йили учун 1-синфга қанча ўқувчи олинади?
— Ҳозир Ўзбекистонда 10 182 та давлат, 400 тадан ортиқ нодавлат мактаблар фаолият юритмоқда. Янги ўқув йили учун 719 000 нафардан ортиқ болани 1-синфга қабул қилиш режалаштирилган. Жорий йил 15 июль ҳолатига 521 000 нафардан ортиқ болалар бошланғич синфга олинди. Хусусий мактабларга эса 25 кун ичида 4 000 нафардан кўп ўқувчи қабул қилинди.
Ҳар бир мактабга маҳаллий ҳокимликлар томонидан бириктирилган микроҳудудлар доирасида қабул амалга оширилмоқда. 1 августдан кейин ота-оналар истак ва танловига кўра, микроҳудуддан ташқари қабуллар бўлади. Болалар мактабга яшаш манзиллари бириктирилган ҳудудлар орқали, ота-она берган аризаси бўйича автоматик олинади. Айнан микроҳудудга ариза топшириш мажбурий эмас.
Биринчи галда микроҳудуд киритилганига сабаб, авваллари ота-оналар уйининг ёнида мактаб бўла туриб, унга болаларини бера олмай қолган. Бошланғичда уйга яқин мактаб қулай бўлади. Шунинг учун биринчи галда бириктирилган микроҳудуд доирасида шароит қилинади. Биз қабул жараёнларини рақамлаштирдик. Эндиликда онлайн навбат асосида ҳам мактабга қабуллар давом эттирилмоқда.
— Нечта мактабда 2 сменали дарслар ўтилади? Аксарият инсонларда 1 сменали дарслар бола ривожланиши учун яхшироқ, деган қараш бор, бунга қандай муносабатдасиз?
— Бугунги кунда давлат мактабларида 6,4 миллион нафар бола таҳсил олади. Шундан 60 фоиздан ортиғи 2 сменада ўқийди. Айни пайтда мактабларда 5 миллионтадан ортиқ ўқувчи ўрни мавжуд. Ўртадаги фарқ қарийб 1 миллиондан ортиқ.
Бу фарқни қисқартириш учун инвестиция дастурлари асосида мактаблар қуриш, қўшимча ўқувчи ўринлари яратиш ишлари амалга оширилмоқда. Масалан, 2023 йилда 582 та мактабда қурилиш-таъминлаш ишлари бажарилиб, 172 мингта ўқувчи ўрни яратилган. Жорий йилда ҳам 520 дан ортиқ мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, 182 мингта қўшимча ўқувчи ўрни яратиш мақсад қилинган.
Нодавлат таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш орқали ҳам ўқувчи ўрни ташкил этилмоқда. Тўрт йил олдин республикада 100 тага яқин нодавлат мактаблар бўлган. Ҳозир уларнинг сони 400 тадан ошди. Давлат-хусусий шерикчилиги асосида мактаблар очиш тармоғи йўлга қўйилган. Бу ҳам қўшимча ўқувчи ўринларини кўпайтиришга ёрдам беради.
Дарслар 2 сменада ўтилиши болалар давлат таълим стандартларини ўзлаштиришига салбий таъсир қилмайди. Бир сменали таълимнинг қулай томонлари дарсдан кейин қолиб, қўшимча тўгараклар ташкил этиш имконияти бўлади. Лекин ҳозирда 2 сменали мактабларда ҳам дарс жадваллари шундай ташкил қилинганки, болаларни тўгаракларга жалб қилиш имконияти бор.
Бугун синфларда ўртача ўқувчиларни тўлдириш меъёри 25 нафарни ташкил этади. Битта синфда ўқувчилар сони 35 нафардан ошмаслиги белгиланган. Республикадаги давлат мактабларида жами 245 мингта синфлар мавжуд. Шундан атиги 2 мингтасида ўқувчилар сони 35 нафардан ошади. Бу ҳолат Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказлари, янги қурилаётган массивларда, яъни аҳоли сони кўп ҳудудлардаги мактабларда учрайди. Синфда 35 нафар ўқувчи ўқиши барча фанларга тааллуқли эмас. Бизда 10 дан ортиқ фанлар икки гуруҳга бўлиб ўқитилади.
— Бугун Ўзбекистонда нечта мактабга ёки ўқувчи ўрнига эҳтиёж бор?
— Аниқ мактаб сонини айтиб бўлмайди. Чунки мактаблар лойиҳалари, ўринлари турлича. Бу ўқувчи ўрнига қараб белгиланади. Ҳозирги тенденцияда мактабларни реконструкция қилиш ҳисобига қўшимча ўқувчи ўрни яратилади. Бугун қайсидир мактабда дарслар икки сменали бўлса, ўшанга қўшимча бино қуриш ҳисобига ўқувчи ўрни яратилиб, бир сменага туширилади. Ҳозир янги мактаб қурилиши бўйича статистика чиқариш мантиқан тўғри эмас.
Ўрта ҳисобда республикада 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрнига эҳтиёж мавжуд. “Ўзбекистон-2030” стратегиясида янги мактаблар барпо этиш ҳисобига ушбу эҳтиёжни қисқартириб бориш белгиланган. Жорий йилда 30 тадан ортиқ янги давлат мактаблари қурилади. Юқорида айтганимдек, 182 мингта қўшимча ўқувчи ўрни яратилади. Шу билан бирга, хусусий мактабларда ҳам, ДХШ мактабларида ҳам ўқувчи ўрнига бўлган эҳтиёж қисқартириб борилади.
— Ўқувчилар мактабга максимал қанча узоқликдан қатнашлари керак? Бу бўйича аниқ норма борми?
— Албатта, мактаб ўқувчиларни энг узоғи билан икки километрлик радиусда қамраб олиши керак. Бунда уйдан мактабгача бўлган масофа яёв бориладиган ҳудудда 500 метр, жамоат транспортида қатнаш имконияти бор жойларда икки километргача етиши лозим. Микроҳудудлар ҳам шундан келиб чиқиб белгиланади.
— Олис ҳудудлардаги ўқувчилар учун бепул мактаб автобуслари йўлга қўйилиши маълум қилинганди. Бу бўйича қандай янгилик бор?
— Янги ўқув йилидан бошлаб Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудларида 100 та мактабга бепул автобуслар йўлга қўйиш устида иш олиб борилмоқда. Бу тизим аутсорсинг асосида ишлайди. Автобуслар ўқувчиларни мактабга ўз вақтида боришларига ёрдам беради. Шу билан бирга, болаларни таълим жараёнига қамраб олиш имкониятини оширади. Ҳозирда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг маҳаллий ҳокимиятлари ва Транспорт вазирлиги билан ҳамкорликда тизимни йўлга қўйиш ишларини олиб бормоқдамиз.
— Давлат мактабларида фаолият юритаётган ўқитувчилар сони қанча? Уларнинг билим ва маҳоратини ошириш учун нималар қилинмоқда?
— Бугунги кунда давлат мактабларида жами 525 минг нафардан ортиқ педагог дарс беради. Умумий ҳисобда бир нафар ўқитувчига 12 нафар ўқувчи тўғри келади.
Ўқитувчилар касбий маҳоратини кучайтириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Биринчи галда малака ошириш тизими тубдан ўзгарди. Энди ўқитувчи мажбурий эмас, ўз эҳтиёжидан келиб чиқиб малака оширади. Ўқув дастури ҳам, унга бўлган ёндашув ҳам ўзгарди.
Иккинчидан, сифатли ўқитувчини таъминлаш учун ўтган ўқув йилидан бошлаб стажёр-ўқитувчи тизими жорий этилди. Эндиликда олий таълимни битириб келганлар бирданига тўлақонли ўқитувчи бўлмайди. Олдин мактабга мослашади. Бир йил давомида стажёр-ўқитувчи сифатида ишлайди. Кейин касбий сертификатни олсагина ўқитувчи бўлади.
Учинчидан, педагог кадрларнинг аттестация жараёнларини очиқ ва шаффоф тарзда ўтказдик. Бунда ҳам ёндашув бошқача бўлди. Ўқитувчиларнинг фақатгина билими эмас, касбий-педагогик маҳорати ҳам аниқланди.
Кейинги ўқув йилидан касбий ривожлантириш соатлари ва кунлари бўйича тизим жорий қилинади. Бунда ўқитувчи узлуксиз малака оширишга жалб этилади. Ҳар ҳафта бир маротаба ўзининг фанидан маълум мактабда малакасини ошириб боради. Бундан ташқари, ўзининг мактабида ҳам касбий ривожлантириш соатлари бўлади. Барча ўқитувчиларга ўз устида ишлашга имконият яратилмоқда. Шу орқали босқичма-босқич сифатли таълимга эришиш мумкин.
— Янги ўқув йилидан мактаблардаги чет тили фани ўқитувчиларидан B2 даражадаги сертификатга эга бўлиш талаб этилиши белгиланган. Бу талаб қай даражада бажарилмоқда?
Ҳукумат қарори бўйича янги ўқув йилидан бошлаб B2 сертификати бўлмаган ўқитувчи мактабда инглиз тилидан дарс бера олмаслиги керак эди. Лекин бу талаб енгиллаштирилади. Ҳали расмий қарор чиқмагани учун тафсилотларни тўлиқ айта олмайман.
Аслида бундай талаб қўйилишига сабаб сифатли таълимга эришиш учун сифатли ўқитувчи кераклиги билан боғлиқ. Хорижий тилда дарс берувчи ўқитувчи чет тилини энг камида B2 — олий таълимни битирганда бакалаврга қўйилган даражада билиши керак. Бу хорижий тилларни ўргатишда сифатга эришиш учун қўйилган талаб ва мақсадлардан ҳисобланади.
— Мактабларда талабаларга дарс ўтиш ҳуқуқи берилган. Бугун талаба-ўқитувчилар сони қанча, уларда педагогик маҳорат етарли даражадами?
— Икки йил илгари олий таълимда “4+2” тизими жорий қилинган. Яъни 6 кунлик ўқиш ҳафтасининг 4 куни олий таълимда, икки куни мактабда. Бунда 2-босқичдан бошлаб талабалар мактаб билан боғланади.
Талаба 4 йил ўқиб, дарс беришга яна бир йил мослашишга вақт сарфлагандан кўра, 3-4-курслардаёқ мактабга келиб, маҳоратини оширгани яхшироқ.
Олис ва чекка ҳудудларимизда ўқитувчига бўлган эҳтиёж бор. Уларни шу юқори босқич талабалари ҳисобига қоплаш имконияти бўлади. Талаба мактабга келгани амалда ишлаб турган ўқитувчининг ўрнини эгаллаб олади дегани эмас. У фақат вакант бўлган ва ўқитувчига эҳтиёж мавжуд жойларга қабул қилинади. Бугун мактабларимизда 525 минг нафар ўқитувчилар бўлса, шундан 40 минг нафардан ортиғи талаба. Бунинг унчалик ёмон томони йўқ. Улар эртага мактабга мослашиб, бўлажак ўқитувчилик касбини шарафи ва машаққатини тушуниб борса, фақат яхши томонга бўлади.
— Мактаб таълими тизимида рақамлаштириш ишлари қандай кетяпти? Натижалар ҳақида маълумот берсангиз.
— Таълим жараёнини рақамлаштириш орқали биринчи галда очиқлик ва шаффофлик таъминланмоқда. Ҳозиргача тизимда бир неча давлат хизматлари жорий этилди. Масалан, 1-синфга қабул ҳам онлайн шаклга ўтказилмоқда. Бугунги кунда 43 та туман ва шаҳарлардаги 1200 тадан ортиқ мактабларда онлайн қабул амалга ошириляпти. Бу йил мактабларга 521 минг боладан 50 минг нафари онлайн шаклда қабул қилинган. Янги ўқув йили бошлангунча мазкур кўрсаткични 150 мингтагача етиши кутилмоқда. 2027 йилгача бутун республикада мактабларга қабуллар тўлиқ онлайн шаклга ўтказишни режа қилганмиз. Онлайн қабул очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, инсон омилини камайтириш, ортиқча бюрократия, мактабга қабул жараёнларида турли кўринишдаги тамагирлик ҳолатларининг олдини олади.
Болани мактабдан мактабга ўтказиш ота-оналарни қийнайдиган жараёнлардан бири эди. Бу фақат 1-синф эмас, юқори синфга ўтказишда ҳам мураккаб бўлган. Яқинда ўқувчини бир мактабдан иккинчисига ўтказиш давлат хизматини жорий қилганимиз. Мазкур тизим ҳозирча онлайн қабул бўлаётган мактабларда ишламоқда. Бу хизматдан фойдаланиш учун ота-оналар мактабга электрон платформа орқали ариза беради. Аризаси уч иш кунида кўриб чиқилиб, қабул жараёни амалга оширилади.
Охирги бир йил давомида 200 минг нафардан ортиқ ота-оналар ушбу хизматдан фойдаланди. Улар ортиқча оворагарчиликсиз, бюрократик тўсиқларсиз фарзандини бир мактабдан иккинчисига кўчириш имконига эга бўлди. Ҳозир бу тизим 43 та туман ва шаҳарда ишлаётган бўлса, кейинги ўқув йили якунига қадар 100 та туман ва шаҳарда амалга ошириш учун тайёргарлик кўряпмиз.
Авваллари фуқаролар айрим сабабларга кўра дубликат шаҳодатномаларини йўқотганда, уни олиш учун бир ойдан уч ойгача вақт сарфлаган. Яъни дубликат аттестация йўқолса, мактабга бориб, архив ҳужжати билан “справка” олинган. Кейин махсус идорадан маълумот олиб, шаҳодатнома йўқолгани бўйича газетага эълон берилган. Барча ҳужжат ва маълумотлар йиғилиб, мактабга берилган. Мактаб уни туманга, туман вилоятга, у эса республикага чиқарган. Бундан 4-5 йил олдин йўқотган дубликат шаҳодатномасини қайтадан олиш учун Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманидаги фуқаро Тошкентга келиб, кетган. Ҳозир дубликат шаҳодатнома олмоқчи бўлсангиз, уйдан чиқмаган ҳолда my.gov.uz орқали ариза берасиз, энг кечи билан етти кунда электрон шаҳодатномангизни оласиз.
Икки йил илгари битирувчилар шаҳодатномасини электрон форматга ўтказганмиз. Ҳозиргача бир миллион нафарга яқин ўқувчиларимизга электрон шаҳодатнома берилди. Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб электрон шаҳодатнома тизимига ўтган. Олдингидек шаҳодатномани тўлдириш учун мактабда ойлаб вақт кетмайди. Қолаверса, электрон шаҳодатномаларни исталган вақтда онлайн юклаб олиш имконияти яратилган.
Иккинчидан, тизим битирувчи бирор иш ёки ўқишга кирмоқчи бўлса, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги, ОТМларига ҳам интеграция қилинган. ОТМларига ҳужжатлар бевосита ушбу база орқали топширилади. Аввалгига ўхшаб шаҳодатномани қоғозга чиқариб, институтга олиб боришига ҳожат қолмайди.
Таълим жараёнида 3-4 йил олдин мактабда 10 тадан ортиқ ҳужжатлар юритилган. Мен ўқитувчиларни айтаётганим йўқ. Педагогик кенгаш ва буйруқлар дафтари бўлган. Янги ўқув йилидан бошлаб бирорта ҳужжат мактабларда қоғоз шаклида юритилмайди. Ўтган йили қоғозда тўлдирилаётган битта ҳужжат — баҳолар табели қолганди. Бу йилдан бошлаб у ҳам электрон шаклга ўтказилди. Эндиликда олти миллион нафардан ортиқ ўқувчи ўзлаштириш табелини онлайн кундалик тизимида электрон шаклда олади. Мактаб ҳам, ўқитувчи ҳам қоғоз шаклида ҳужжат юритмайди. Бунда ўқитувчининг асосий вақти қоғоз тўлдиришга эмас, сифатга, таълим жараёнига, дарсга сарфланиши таъминланади.
Керакциз бўлган ҳужжатлардан воз кечганмиз. Қайсидир ҳужжатларни қоғозда тўлдирилган бўлса, электрон тизимга ўтилгач, у ҳужжатларга зарурат қолмади. Масалан, шаҳодатномани электрон тизимга ўтказдик. Илгари шаҳодатномаларни рўйхатга олиш китоби бўларди. Уни ҳар йили тўлдириш, расмларини ёпиштириб чиқиш керак эди. Шу ҳужжатдан воз кечдик. Ёки ўқувчиларни қабул қилишда “ўқувчилар ҳаракати” дафтари бўлган. Унга буйруқдан ташқари, келди-кетдилар ёзиб борилган. Бундан ҳам воз кечилди. Рақамлаштириш ҳисобига таълим жараёнини бошқаришни соддалаштириш, тизимда очиқликни таъминлашга ҳаракат қиляпмиз.
Исломбек Умаралиев суҳбатлашди
Изоҳ (0)