Pixar студиясининг янги “Бошқотирма-2” анимацион фильми жаҳон прокатларида ажойиб кўрсаткичларни намойиш этмоқда. Премьерадан кейинги дастлабки 11 кун ичида лойиҳа касса тушумлари бўйича барча фильмларни ортда қолдирди. “Бошқотирма-2” фильми йилнинг энг юқори даромад келтирган фильми мақомини сақлаб қолади, дейишга барча асослар бор.
Ушбу мақолада сиз учун ўз даврида барча учун севимли ва ҳозирда ҳам турли ёшдаги томошабинлар томонидан катта қизиқиш билан кўриладиган муваффақиятли мультфильмларни тўпладик.
2024 йил — “Бошқотирма-2” (ҳозирги вақтда)
Касса тушумлари (11 кун ичида): 728 миллион доллар
Мультфильм премьераси АҚШда 13 июнь куни бўлиб ўтган. Мутахассисларнинг фикрича, фильминг иккинчи қисми бир қатор касса кўрсаткичлари бўйича “Дюна-2” ва “Барби”ни ортда қолдирди.
Мультфильмнинг биринчи қисми 2015 йилда намойиш этилган, унда Райли исмли қизалоқнинг миясида яшайдиган бешта ҳиссиёт: Қувонч, Қайғу, Қўрқув, Ғазаб ва Хавотир ҳақида ҳикоя қилинади.
2013 йил — “Музюрак”
Даромад: 1,2 миллиард доллар
Disney’нинг энг кўзга кўринган анимацион франшизаларидан бири бўлган “Музюрак” ўзининг жозибали қўшиқлари, самимий ҳис-туйғулари ва кучли персонажлари билан томошабинларни ўзига мафтун қилди. Мультфильмда опа-сингил маликалар Анна ва Элза ҳақида ҳикоя қилинади, Элза ҳаммадан яширган сеҳрли кучга эга.
2010 йил — “Ўйинчоқлар тарихи: буюк қочиш”
Даромад: 1,066 миллиард доллар
Тарихдаги биринчи миллиардер мультфильм бўлиб, лойиҳа ниҳоятда муваффақиятли чиқди ва режиссёр Жон Лассетер бу учун махсус “Оскар” ҳам олди. Лойиҳа “Энг яхши мослаштирилган сценарий” ва “Йилнинг энг яхши фильми” номинациясида ҳам номзод бўлган.
2004 йил — “Шрек-2”
Даромад: 923 миллион доллар
XXI асрнинг энг нуфузли ва таниқли анимацион франшизаларидан бири бўлган “Шрек” 3D анимация ва сатирик поп-маданият комедиясининг янги даврини бошлаб берди. “Шрек-2” прокатда 923 миллион доллар ишлаб топди ва 2004 йилнинг энг юқори даромад келтирган фильмига айланиб, “Ўргимчак одам-2” ва “Гарри Поттер ва Азкабан маҳбуси” каби фильмларни ортда қолдирди.
1995 йил — “Ўйинчоқлар тарихи”
Даромад: 394 миллион доллар
“Ўйинчоқлар тарихи” 3D компьютер анимацияси ёрдамида яратилган биринчи тўлиқ метражли картина ҳам ҳисобланади. Эндиликда рўйхатимизда Pixar мультфильмлари тугайди.
1994 йил — “Қирол шер”
Даромад: 968 миллион доллар
Афсонавий 1994 йилги асар ва 2019 йилги ремейкдан иборат “Қирол шер” Disney томонидан яратилган энг йирик ва энг машҳур анимацион франшизалардан биридир. Фильм болакай шер Симба ҳақида ҳикоя қилади, у отасининг ўлимида айбланиб, водийдан сургун қилинади, оиласи ва дўстларидан узоқда улғаяди.
Мультфильм ўз вақтида “Форрест Гамп”ни ортда қолдирди ва деярли уч баробар кўпроқ молиявий фойда кўрди.
1992 йил — “Алоуддин”
Даромад: 504 миллион доллар
Томошабинлар ва кинотанқидчилардан жуда юқори баҳо олган “Алоуддин” мультфильмида Аграба шаҳридан келган хушчақчақ кўча ўғриси ҳақида ҳикоя қилинади. Дўстлари — маймун Абу, малика Ясмин ва Жин билан биргаликда у хиёнаткор вазир Жафарни бутун дунё устидан ҳокимиятни қўлга киритишини тўхтатади..
1961 йил — “101 та далматин”
Даромад: 215 миллион доллар
Disney’нинг 1959 йилги “Уйқудаги гўзал” мультфильмининг муваффақиятсизлигидан сўнг “101 та далматин” лойиҳаси кутилмаган муваффақиятга эришди. Ушбу мультфильм дунёга энг эсда қоларли ёвуз образлардан бирини — шафқатсиз мода рамзи Круэлла де Вилни берди. 2021 йилда ҳатто ушбу персонажга атаб алоҳида фильм ҳам ишланди. Ҳозирда у классик Disney қўл анимациясининг энг яхши намуналаридан биридир.
1955 йил — “Леди ва дайди ит”
Даромад: 93 миллион доллар
Disney’нинг 15-сонли тўлиқ метражли анимацион фильми компанияга катта даромад келтирди ва Disney тарихида биринчи марта севишганлар саҳнаси олиб чиқилди.
1953 йил — “Питер Пен”
Даромад: 87 миллион доллар
Disney дастлаб ушбу мультфильмни қўрқинчли ва болаларни жалб эта олмайдиган, дея ҳисоблади. Лойиҳа жамоатчиликка маъқул бўлгач, мультфильм асосида ҳатто бир нечта тўлиқ сюжетли фильмлар ҳам ишланди.
Изоҳ (0)