Перу пойтахти Лимада содир бўлган 5,6 магнитудали зилзила оқибатида камида бир киши ҳалок бўлди, яна беш киши жароҳат олди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Америка Қўшма Штатлари Геология хизмати 15 июнь куни зилзила маҳаллий вақт билан 11:35 да (Гринвич бўйича 16:35) Тинч океанида содир бўлганини, унинг эпимаркази пойтахт Лимадан ғарбда жойлашган порт шаҳри Каллаодан 23 км жануби-ғарбда жойлашганини маълум қилган.
Перу президентлиги маълумотига кўра, зилзила кучи аслида юқори бўлиб 6,1 баллни қайд этган. Зилзила цунами хавфини келтириб чиқармаган. Мамлакат президенти Дина Болуарте зилзиладан кейин қирғоқни кузатиш учун Каллаога кетаётгани айтилган.
Полиция полковниги Рамиро Клауко 36 ёшли эркак Лима шимолида автомобили олдида йўловчи кутиб турганида вафот этганини маълум қилган. Фавқулодда вазиятлар марказига кўра, шифохонада 5 киши даволанмоқда, йўллар ва таълим марказларига зарар етказилгани ҳақида ҳам хабар берилган.
Перу геофизика институти ижрочи президенти Эрнандо Таверага кўра, Лимадаги барча туманларда зилзила кучи сезилган. Маҳаллий радиостанциялар ҳам зилзила Лимада бўлиб ўтиши керак бўлган йирик футбол учрашувининг бекор қилинишига сабаб бўлганини маълум қилган.
Жанубий Америка давлати Тинч океани бўйлаб зилзилалар ва фаол вулқонлар тез-тез содир бўладиган “олов ҳалқаси” деб номланувчи ҳудудда жойлашган бўлиб, Перуда ҳар йили ўртача камида 100 та зилзила содир бўлади.
Сўнгги йирик зилзила 2021 йилда Амазонка минтақасида содир бўлганди. Унда зилзила магнитудаси 7,5 бўлиб, 12 киши жароҳатланган ва 70 дан ортиқ уй вайрон бўлганди. Мамлакатда содир бўлган энг ҳалокатли зилзила 1970 йилда Перунинг Анкас вилоятида содир бўлган ва 70 мингга яқин одамнинг ўлимига олиб келганди.
Изоҳ (0)