Перуда зудлик билан президент сайловини ўтказиш талаби билан оммавий норозиликлар давом этмоқда. Андауайлас шаҳрида намойишчилар аэропортни эгаллаб олиб, бир нечта терминалларга ўт қўйди. Норозиликлар чоғида бир киши ҳалок бўлиб, камида ўн киши жабрланди.
Намойишлар туфайли, аэропортни ёпишга тўғри келди, деб хабар берди уни бошқарувчи Cопраc давлат компанияси. Унинг маълумотларига кўра, акция иштирокчилари передатчиклар залига ва ёнилғи омборига ўт қўйиб, аэровокзални қуршаб олган, у ерда эса Перу полициясининг 50 нафар ходими ва Cопраc ишчилари бўлиб турибди. «Гаровда қолганлар» полициядан ёрдам сўради, дейилади компания хабарида.
Перу полицияси маълум қилишича, аэропортда норозиликлар чоғида намойишчилардан бири ҳалок бўлган. Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот органларининг бир ходими яраланган. «Тартиб ва жамоат хотиржамлигини кафолатлаш учун қўмондонлик аэропортга қўшимча куч юборди, дейилади полиция хабарида.
Намойишлар Лима, Апуримак, Кахамарка, Арекипа, Ламбаеке, Ика шаҳарларида давом этмоқда. Маҳаллий ОАВлар маълумотларига кўра, норозиликлар оқибатида камида ўн киши жабрланган.
Тартибсизликлар 7 декабрь куни Перу парламенти президент Педро Кастилёга нисбатан импичмент эълон қилганидан кейин бошланди. Ундан бир неча соат аввал Кастилё парламентни тарқатиб юбориб, мамлакатда комендантлик соатини жорий этишни буюрганди, бироқ ҳарбийлар унга бўйсунишдан бош тортди. У исёнда ва ўз ваколатларини суиистеъмол қилишда айбланиб, қўлга олинди. Унинг лавозими вице-президент Дина Болуартега топширилди. 8 декабрь куни у қасамёд қабул қилиб, Перунинг биринчи аёл президентига айланди. У ўз лавозимида 2026 йил 26 июлгача қолиши тахмин қилинмоқда. 10 декабрь куни у ҳукуматнинг янги таркибини эълон қилди. Прокуратура Педро Кастилё учун токсикологик экспертиза тайинлади, аммо у экспертизадан ўтишдан бош тортди.