Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида ҳунармандчилик соҳасида мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими бўйича таклифларни шакллантириш мақсадида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Учрашувда Тошкентнинг Яшнобод туманида тикувчилик фаолияти билан шуғулланувчи Дилноза Расулова ўз маҳсулотларини Америка ва Европадаги маркетплейсларга жойлаш, шунингдек, солиқ тизими билан кузатиладиган муаммо хусусида фикр билдирди.
Менга икки ҳафта ёки бир ой аввал телефон қилишди. “Америка ва Европадаги маркетплейсларга маҳсулотларингизни жойлаб берамиз. Ҳунарманд сизларга 8,5 млн сўм субсидия беради, сизлар бизларга уни ўтказиб берасизлар, биз эса жойлаб берамиз”, дейишди. Кейин нима бўлишини сўрасак, яна шуни айтишди, “кейин ҳам 8,5 млн тўлайверасизлар, биз жойлаб бораверамиз”, деб. Нимага шу нарсани ҳунармандларнинг ўзи қилмайди? Нимага биз ҳар доим катта сумма тўлашимиз керак? Қурбимиз етмайди, дейди у.
Ҳунарманднинг айтишича, у турли кўргазмаларда қатнашган.
Менга ҳам “нарсаларинг зўр, туристлар оладиган экан”, дейишди. Лекин мен туристлар борадиган эмас, ўзбеклар борадиган, томоша қилиб кетиладиган жойга бордим. Чет элга чиқишга қурбим етмайди. Ўша ерда суриштирдим, “майли, амаллаб чиқаман, қанча пул кетади”, дедим. 3-4 минг доллар кетишини айтишди. “Борсанг бориб, сота олсанг сотасан. Айримлар бориб сотиб келяпти. Сотолмасанг, яна багажга пул тўлаб қайтариб олиб келасан”, дейишди. Мен қўрқдим. Ошиб-тошиб ётганида қилиб кўрардим ҳавас учун. Менинг қурбим етмайди, грантларга биз боролмаймиз, дейди у.
Дилноза Расулова масъуллардан маҳсулотларини маркетплейсларга жойлаб бериш масаласини сўради. Унга кўра, тўланадиган суммани субсидия қилиш лозим.
“Қолганини биз тўлайлик. Шу бўйича ёрдам беринглар. 8,5 млн эмас фақат”, дейди ҳунарманд.
Қўшимча қилинишича, ҳар йили ҳунармандларнинг солиқ билан муаммоси бўлади.
Менинг ҳозир қарзим йўқ, лекин машинам, уйим тақиқда турибди. МИБдан менга ҳар куни турли хабарномалар келади. Ҳамма нарса онлайн бўлган замонда ҳунарманд бўлиб якка тартибдаги тадбиркор чиқмаяпти. Нимага мени МИБ тиқиб қўйяпти, тақиқ бўлиб турибди. Ҳар йили гапиравериб чарчадик”, дейди Дилноза Расулова.
Яна бир ҳунарманд — шаҳрихонлик Музаффар Умаровнинг айтишича, Ҳунармандлар уюшмасининг гувоҳномаси нусхаси солиқ идораларига олиб борилса, қабул қилинмайди.
Менинг таклифим, хориждан харидоримиз бор. Эксперт муаммоси мавжуд. Мисол учун, бугунги кунда фақат Россияга жўната оламиз. Аввал Россиядан бошқа давлатга чиқарар эдик, ҳозир Европаларга етказиб бериш қийинлашиб кетди”, дейди ҳунарманд.
Аввалроқ электротехника ва автомобилсозлик соҳаларидаги тадбиркорлар билан бўлган давра суҳбатида Жиззах аккумулятор заводининг техник директори Шуҳрат Умаров хориждан Ўзбекистонга кириб келаётган аккумуляторлар учун утилизация йиғимини жорий қилишни таклиф қилган эди.
Шунингдек, ADM Jizzakh электромобиллар импорти учун божларни қайтаришни таклиф қилганди.
Изоҳ (0)