Солиқ қўмитаси 100 миллиард сўмдан ортиқ айланма амалга ошириб, бир сўм ҳам солиқ тўланмаган корхоналар тўғрисида хабар қилди.
Маълум бўлишича, 2025 йил июнь ойида ихтисослашмаган улгуржи савдо фаолияти билан шуғулланиш учун ташкил этилган корхоналардан бири 111,5 миллиард сўм миқдорида ҳар хил юқори ликвидли товарлар сотгани тўғрисида электрон ҳисобварақ-фактура расмийлаштирган, аммо 12 миллиард сўмга яқин солиқ қарзини тўлаб бермаган. Ушбу йирик сотув амалга оширилган вақтда тадбиркорлик субъектининг на ижарада ёки эгалигида кўчмас мулки, на фаол ишчилар сони мавжуд бўлмаган.

Бошқа бир ҳолатда эса 2022 йил июнь ойида улгуржи савдо фаолияти билан шуғулланиш учун ташкил этилган корхона жорий йилнинг июль—август ойларида эгалигида кўчмас мулки ҳам, фаол ишчилари мавжуд бўлмай туриб, 29,6 миллиард сўмлик озиқ-овқат, эҳтиёт қисмлар, қурилиш маҳсулотлари каби маҳсулотлар сотуви бўйича ЭҲФ расмийлаштирган. Юзага келган 17 миллиард сўмлик солиқ қарзи эса тўланмаган.
Қўмита ушбу ҳолатлар юзасидан бугунга қадар ҳеч қандай чора-тадбирлар кўрилмаганини билдирди.
Изоҳ (0)