Ўзбекистонда йил бошидан солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида 63 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси маълумотларида келтирилган.

Унга кўра, 2025 йилнинг январь—июль ойларида “Солиқ” мобил иловасининг “Солиқ ҳамкор” тизими орқали солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида 63 988 та мурожаат келиб тушган.
Шундан:
- 57 672 таси харид чеки бермаслик;
- 2 278 таси тўловни пластик карта орқали қабул қилмаслик;
- 145 таси пластик карта учун харид суммасини ошириш;
- 3 893 таси бошқа турдаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича.
Мурожаатларнинг 31 423 таси такрорий бўлганлиги ёки шикоят келиб тушган тадбиркорлик субъектида текширув давом этаётганлиги сабабли кўриб чиқилмаган. Мурожаатлар асосида 25 924 та сайёр солиқ текшируви ўтказилиб, 98,9 фоиз ҳолатда ҳуқуқбузарлик тасдиқланган.
Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича хабар берган фуқароларга 27 451 та ҳолат бўйича (ундирилган жарима суммасидан 20 фоизи) 19,7 млрд сўм мукофот тўланган.

Энг кўп мукофот пули Тошкент шаҳрида келиб тушган мурожаатчиларга берилган — 4 миллиард 855 миллион 500 минг сўм. Энг ками эса мурожаатлар сони ҳам кам бўлган Жиззах вилояти аҳолисига тўланган — 574,5 миллион сўм.
Ўзбекистонда солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берган шахсларни пул билан рағбатлантириш амалиёти 2022 йил бошидан бошлаб жорий этилган.
Изоҳ (0)