Швейцариянинг Лозанна шаҳрида ҳайдовчи белгиланган тезликдан 27 километр соат тезроқ ҳаракатлангани учун 90 минг Швейцария франки миқдорида (тахминан 110 минг доллар) жаримага тортилди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.

Билдирилишича, ушбу сумма ҳайдовчига унча қийинчилик туғдирмайди — у мамлакатнинг энг бой одамлардан бири саналади. Ҳозирги тартибга кўра, мамлакатда даромади паст одамлар жарима ўрнига бир кеча ҳибсда қолиши мумкин, энг бой қатлам эса ўн минглаб франк тўлашга мажбур бўлади. Бошқача айтганда, жарима миқдори ҳайдовчининг даромади, мол-мулки ва оилавий молиявий аҳволидан келиб чиқиб белгиланади. Бундай тизим Германия, Франция, Австрия ва айрим Скандинавия давлатларида ҳам амал қилади.
Швейцария суди қоидабузарга дастлаб 10 минг франк (12,3 минг доллар) жаримани, қолган 80 мингини эса кейинги 3 йил ичида шунга ўхшаш қоидабузарлик содир этган тақдирда тўлашини белгилаган. Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, француз фуқароси бўлган бу ҳайдовчи Швейцариянинг энг бой 300 нафар кишиси рўйхатида бўлиб, бойлиги юз миллионлаб долларга тенг. Радар уни 50 километр/соат тезлик рухсат этилган кўчада 77 километр/соат тезликда ҳайдаб кетаётганда суратга олган. У бундан 8 йил олдин ҳам тезликни оширгани учун 10 минг франк жарима тўлаган ва агар 2 йил ичида яна шундай ҳолат такрорланса, қўшимча 60 минг франк тўлаш шарти қўйилганди.
Швейцарияда ҳатто полициячилар ҳам бундай жазолардан четда қолмайди — 2016 йилда Женевада бир офицер банкоматни портлатган талончиларни қувиб кетаётиб, тезлик меъёрини икки баробар оширгани учун жаримага тортилган.
Юқоридаги 110 минг долларлик жарима Швейцария тарихидаги энг катта миқдор эмас. 2010 йилда миллионер Ferrari ҳайдовчиси тезлик оширгани учун 290 минг долларлик жаримага тортилганди. Бундай қатъий чоралар 2007 йилда швейсариялик сайловчилар жарималарни ҳайдовчининг даромади ва бойлигига қараб белгилашга рухсат берганидан кейин жорий этилган.
Изоҳ (0)