Мадриднинг “Реал” клуби расмий сайтида баёнот эълон қилиб, Ла Лига доирасидаги “Вильярреал” – “Барселона” учрашувини АҚШда ўтказиш режасини кескин танқид қилди.

“Реал Мадрид” футбол ишқибозларига мурожаат қилиб, Испания чемпионатининг 17-тури доирасидаги “Вильярреал” – “Барселона” учрашувини мамлакат ҳудудидан ташқарида ўтказиш таклифини қатъиян рад этишини билдирган.
Клуб баёнотида таъкидланишича, бу қарор иштирокчи жамоалар билан олдиндан маслаҳатлашмасдан қабул қилинган ва икки даврали лига тизимида амал қиладиган ҳудудий тенглик тамойилини бузади. Бу ҳолат мусобақа мувозанатини издан чиқариб, айрим жамоаларга адолатсиз устунлик беради.
Мусобақанинг ҳалоллиги шуни талаб қиладики, барча учрашувлар бир хил шароитда ўтказилиши керак. Буни бир томонлама ўзгартириш рақиблар ўртасидаги тенгликка путур етказади, натижаларнинг қонунийлигига шубҳа уйғотади ва шаффофликни очиқдан-очиқ чеклайди. Бу эса натижаларни сохталаштириш хавфини юзага келтирадиган, қабул қилиб бўлмас ҳолатга йўл очади, — дейилади “қироллик клуби” баёнотида.
Маълумот учун, “Барселона” ва “Вильярреал” жамоалари Ла Лига учрашувини хорижда ўтказишни режалаштирмоқда ҳамда бу орқали тарихда қолишмоқчи. 11 август куни Испания Қироллик футбол федерацияси (RFEF) ушбу ғояни маъқуллаган. Ҳозирда томонлар УЕФАнинг ушбу баҳсга “яшил чироқ” ёқишини кутмоқда.
Изоҳ (0)