Хоразм вилоятининг Гурлан туманида пул эвазига “меҳнат стажи қилиб берувчи” мутахассис ушланди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Гурлан туманидаги “Солиқ сервис” давлат унитар корхонаси бош мутахассиси ўз мавқейидан фойдаланган ҳолда солиқ идораларидаги танишлари орқали икки нафар маҳаллий фуқарога улар муқаддам ҳеч қаерда ишламаган бўлса-да, 2025 йил январь ойидан июнь ойига қадар бўлган даврда уларга иш ҳақи ҳисоблаб, бу ҳақида маълумотнома расмийлаштириб беришини айтган.
ДХХнинг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси томонидан Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мутахассис ўз хизмати эвазига 12 миллион 500 минг сўм олган вақтида ушланган.
Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракати олиб борилмоқда. Жиноят кодексининг 228-моддасига кўра, ҳужжатларни қалбакилаштириш, сотиш БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Бундан бир неча кун аввал Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда ўзини Давлат хавфсизлик хизмати ходими сифатида таништирган Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро қўлга олинганди.
Изоҳ (0)