Хитой жаҳон антифашистик урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан режиссёр Чжао Линшаннинг империалистик Япониянинг биологик лабораториялари ҳақидаги “731” номли тарихий фильмини суратга олади. Бу ҳақда Sinxua ахборот агентлиги хабар берди.

Агентлик маълумотларига кўра, фильм 18 сентябрда - 1931 йилда Япония Шимоли-Шарқий Хитойни босиб олишни бошлаган санада (Мукден ҳодисаси) кенг экранларга чиқади. Фильм ўтган асрнинг биринчи ярмида Япониянинг 731-сонли отряди томонидан биологик қурол яратиш мақсадида одамлар устида ўтказилган тажрибалар ҳақидаги ҳақиқий воқеаларга асосланади.
Таъкидланишича, ушбу киноасарнинг мақсади тинчликни сақлаш зарурлигини эслатишдир. Унда Япония босқинчи армиясининг ваҳшийликлари ва хитой халқининг фашизмга қарши курашдаги матонати акс эттирилган.
731-сонли отряд Япония қуролли кучларининг махсус бўлинмаси бўлиб, биологик қурол соҳасида тадқиқотлар олиб борган, ҳарбий асирлар, ўғирланган ва маҳкум этилган одамлар устида тажрибалар ўтказган. Отряд 1936 йилда ташкил этилган бўлиб, “Камо қисми” номи билан ҳам танилган. Унга япон микробиологи ва ҳарбий жарроҳи, Япония армияси генерал-лейтенанти Сиро Ишии (1892-1959) раҳбарлик қилган. Олимлар вабонинг барча турлари, куйдирги, газли гангрена, тепкили ва қорин тифи, ичбуруғ, вабо ва бошқа касалликлар билан тажрибалар ўтказган.
Изоҳ (0)