Ҳиндистон Россия нефтини қайта сотишдан фойда олаётгани сабабли АҚШ томонидан тарифлар оширилишига дуч келади. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.

“Ҳиндистон нафақат катта миқдорда Россия нефтини сотиб олмоқда, балки ушбу харидларнинг салмоқли қисмини очиқ бозорда қайта сотиб, катта фойда кўрмоқда”, -деб ёзди Трамп.
Унинг фикрича, Ҳиндистонни Украинада ҳалок бўлганлар сони қизиқтирмаяпти.
Шу сабабли у тарифни “сезиларли даражада” оширишга ваъда берган, аммо қанчага оширилишини аниқлаштирмаган. Сўнгги ҳафталарда у Нью-Деҳлига Россия нефти туфайли санкциялар билан бир неча бор таҳдид қилган эди. Июль ойи охирида Америка президенти Ҳиндистонга нисбатан 25 фоизлик бож жорий этилишини, шунингдек, уни Россиядан нефть ва ҳарбий техника сотиб олгани учун “жарима” кутаётганини маълум қилганди. АҚШ бу тарифни 7 августдан жорий этмоқчи.
Оқ уй аппарати раҳбари ўринбосари Стивен Миллер аввалроқ Трампнинг Ҳиндистон Украинадаги можарони “Россиядан нефть сотиб олиш орқали молиялаштиришни давом эттираётганини” номақбул деб ҳисоблашини таъкидлаган.
Мутахассисларнинг та`кидлашича, Ҳиндистонга 100 ёки 500 фоизлик бож солиш хавфи мавжуд. Бундай миқдорлар АҚШда Россиядан углеводородлар сотиб олувчи мамлакатлар учун муҳокама қилинган. Трамп Москва ва Киев ўртасидаги ярашув муддатини 8 августга белгилади, шундан сўнг божлар жорий этилади.
Бундан аввал Ҳиндистон АҚШ ва Европа иттифоқи босими остида Россия нефть импортини тўхтатадиган бўлса, мамлакат йилига 9–11 миллиард доллар атрофида иқтисодий зарар кўриши мумкинлиги ма`лум қилинганди.
Изоҳ (0)