Асл касби биолог, иккинчи мутахассислиги журналист бўлган Индира Мифтаҳова бу йил 36 ёшни қаршилади. У stand up йўналишида саҳнага чиққан илк ўзбек аёли. Ижодини “Қувноқлар ва зукколар” жамоасида рус гуруҳлар билан ишлашдан бошлаган Индира “Дугоналар”, “Аскар қизлар” каби қатор телешоулар ва YouTubeдаги “Аёллар клуби” подкасти муаллифи ҳамдир. Индира оилали, ҳозирда Instagram саҳифасида ўз блогини фаол олиб боради.
“Маҳалладошларим масхара қилавергач, ўзгарганман”

— Мен мактабда гапга кирадиган, интизомли ва аълочи қиз эдим. Лекин шундай пайт келди-ки, табиатим тубдан ўзгариб кетди. Ҳаётда кўп адолатсизликларни кўрдим ва дунёда кучли бўлиш кераклигини тушундим.
Маҳалламиздаги қизлар мени доим масхара қилишарди. Болалар кўп муштлашадиган маҳаллада улғайганман. Маҳаллада “рақобат” кучли эди, ҳатто ўзимизнинг “банда”ларимиз ҳам бўлган. Беркинмачоқ ўйинини ўйнасак ҳам, қидирувчи доим мен бўлардим. Бир куни бу жонимга тегди ва ўзимга “Нега доим мен қийналишим керак?” деб савол бердим. Шунда каратэга боришга қарор қилдим. Маҳалладош дугоналаримга раҳмат, 11–12 ёшимда характерим бутунлай ўзгарди, дейди актриса.
“Аввал рақсга, кейин боксга борганман”

— Ёшлигимдан рақсга қизиқардим, кейинчалик бокс ва каратэга ҳам бордим. Қиз бола ўзини ҳимоя қила олиши керак деб ҳисоблардим. Ўшандан кейин ўғил болалар мени асло безовта қилишмаган, дўстлашишга ҳаракат қилишган (кулиб). Ҳозир ҳам спорт залига бораман. Бокс ҳануз менга стрессни йўқотиш ва озишда ёрдам беради. Рақсга узоқ вақт қатнашганман. Эсимда, сальто қилардим, қўлда сакрардим, ҳаттоки бошимда айланишни ҳам ўрганганман. Уйдагилар эса “Бошингда айланаверма, сочинг тўкилиб кетади” деб доим уришишарди. Мен ҳар доим ноодатий иш қилишни зўр деб ҳисоблаганман.
“Тасодифан биолог бўлиб қолганман”
Индира Мифтаҳова хусусий мактабда биология ўқитувчиси бўлиб ишлаганини ҳам айтиб ўтган.

— Биолог бўлишим тасодиф бўлган, лекин тақдиримдан миннатдорман. Дастлаб юрист бўлишни режалагандим. Лекин нимадир бўлиб, бошқа институтга бориб қолдим. Ўша пайт Миллий университетнинг генетика факультети ҳақида эшитдим. Кўпчилик бу факультетни билмасди, атиги 25 киши топширган эди. Имтиҳондан ўтганимда дарров онамга қўнғироқ қилиб, “Онажон, мен ўтдим” деганман. Онам эса ишонмай, “Яхши, хафа бўлма, уйга кел, кўрамиз ҳали”, деди. Унинг бундай реакциясини кутмагандим, чунки мен ўзбек мактабини битирганман, лекин рус тилидаги факультетга ҳужжат топширган эдим, дейди у.
“Ўзбекистондаги илк аёл stand up комикман”

— Мен Ўзбекистонда stand up шоусида иштирок этган биринчи қизман ва бундан фахрланаман. Бу йўлим жуда узоқ ва қизиқарли бўлган. Аввалига “Супер одамлар”даги Камил ва Тимур билан танишдим. Улар танлов ўтказишганда муваффақиятли ўтдим. Бошида болалар театрида концерт берардик, кейинчалик турли жойларда, коворкинг марказларида, “очиқ микрофон”ларда чиқардик. Бир муддатдан сўнг эса Zo‘r TV телеканалидаги stand up шоусининг резиденти бўлдим, дейди Индира Мифтаҳова.
“Энг катта мухлисларим таксистлар”

— Энг катта мухлисларим — таксистлар. Кўп ҳолларда айнан улар менга ҳазил ғояларини беришади. Менталитетга оид муаммолар, шахсий ҳаётимда бўлган воқеаларни саҳнага олиб чиқаман. Ҳар бир stand up комик аввало ўзининг муаммолари ҳақида сўзлайди. Шаҳар муаммоларини ҳам кўтараман — одамларни, қўшниларни кузатаман. Масалан, қўшним нега хавотирда, нега мен ишдан қачон келишимни ўйлайди? (кулиб) Аёлларни кузатаман ва уларни ранжитиб қўймаслик учун уларнинг айрим ҳолатларни худди ўзим билан содир бўлгандек қилиб олиб чиқаман, дейди қизиқчи.
“Мусофирликда яшаб, руҳан дам олдим”
Комик актриса турмушга чиққач, бир муддат хорижда яшагани ва деярли ижтимоий тармоқларда ҳам кўриниши бермагани ҳақида гапирди.

— Турмуш ўртоғим саккиз йил Жанубий Кореяда яшаган. Тўйдан аввал “Мен ҳам ўша ерда яшагим келяпти”, деганимда, албатта, бир кун олиб боришга ваъда берганди. Орадан беш йил ўтиб, орзуларимиз амалга ошди. Турмуш ўртоғимнинг ўқишга қабул қилиниши сабаб биз у ерда яшашимизга тўғри келди. Олти ой мусофирчиликда яшаб, жуда кўп нарсаларни ўргандим. Ватаннинг, яқинларнинг, ҳамюртларимизнинг қадрига етдим. Ижодкор бир лойиҳада иккинчисига ўтаётганда албатта, бир оз тин олиши керак. Шу боис анча камнамо бўлиб қолдим. Шунчаки одамларни кузатиб, руҳан дам олдим, дейди Индира Мифтаҳова.
“Баъзиларнинг қилаётган ишидан уяламан”
Индира Мифтаҳова Instagramда анча фаол. У карантин даврида вайнерлар Озод Шукруллоев, Ислом Каримов, Мафтуна Шокирова, Азиза Абдуллаевалар билан олган видеолари орқали янада танила бошлаган. Ўз жамоаси билан Туркистон санъат саройида концерт дастурини ҳам тақдим этган.

— Вайнерлик ҳам бир ижод аслида. Ўнта юмор ёзилса, ҳаммаси ҳам савияли бўлади, деёлмайман. Орада ўхшамагани бўлиши табиий. Аммо енгил-елпи контенти ортидан миллионлаб кузатувчиларга эга бўлганлар ҳам йўқ эмас. Энг оғриқлиси, маркетингчилар ҳақиқий ижод қиладиганларга эмас, ана ўшандай контентчиларга реклама топиб беришади. Уларнинг бозори юришганидан сўнг ёшларда “Демак, шунақа қилиб ҳам пул топса бўларкан-да”, деган тушунча ҳосил бўлади.

Instagramъда мени 800 мингдан ортиқ инсон кузатади. Мен уларнинг ҳаётига акс таъсир этиб қўймаслигим ва даромад олишим учун исталган маҳсулотни уларга реклама қилмаслигим керак. Қиморни, ўзим фойдаланиб кўрмаган маҳсулотни реклама қилмайман. Кейин ҳеч бир вайн аёллар зўравонлигига хизмат қилмаслиги керак деб ҳисоблайман. Оддий мисол, вайнда эр хотинининг юзига бир тарсаки туширади, аёл қувониб, “Қандай яхши, яна битта бўлсин”, дейди. Балки бу ким учундир кулгилидир, аммо бу зўравонликнинг бир кўриниши. Чекка қишлоқларда эри томонидан зўравонликка учраган, ҳатто, занжирга боғлаб қўйилган аёллар ҳақида эшитганман. Буни ҳеч қачон оқлаб бўлмайди. Ундан кейин уй-жойлар боғлиқ рекламаларни жойлаштиришга ҳам ҳайиқаман. Чунки алданиб қолган одамлар ҳақида кўп эшитяпмиз. “Индира реклама қилгани учун олгандим”, деган гап керак эмас. Катта аудиторияни жамлаган инсон мана шу жиҳатларга эътибор бериши керак, дейди Индира Мифтаҳова.
“Вақтида “уйғонмаганимда”, вазним 160 килограммга етар эди”

— Озиш — дардим, шу боис ҳам бу мавзуни кўп оммага олиб чиқаман. Мен юмор орқали вазн билан муаммоси бор одамлар ҳам севишга муносиблиги ва уларнинг ҳам қалби борлигини кўрсатишга ҳаракат қиламан. Баъзи инсонлар: “Шунча ҳаракат қилдингиз, нега озмаяпсиз?” деб сўрашади. Инсон бирдан семириб қолмайди, беш йилда тўпланган 30 килограмм вазндан бирдан қутилиш, носоғлом озиш ҳисобланади. Агар ҳаракат қилмаганимда, ҳозирги вазним 160 га етиб қолган бўларди. Яширмайман, вазним 100 килограммга етганда, “уйғонганман” ва тезда ортга қайтишим кераклигини тушунганман, дейди Индира Мифтаҳова.
“Онам вафот этганини Озод Шукруллоевдан эшитганман”

— Онам узоқ йил полиартрит касаллиги билан курашди. Ҳар доим “Суякларим ўпкамни сиқса, нафас ололмай қолсам” деб кўп ўйларди. Бунинг оғриғи жуда даҳшатли. Аммо ҳеч қачон касалликка енгилмадик ва даволаш учун ҳамма муолажаларни қўллаб кўрдик. Ҳамиша онамга кўпроқ вақт ажратишга, шунчаки сайр қилиш ва суҳбатлашиб ўтиришга вақт топардим. Чунки онам касалликдан қийналишини яхши билардим. Уй-рўзғор, ишдаги муаммолар ҳаммада бор. Аммо уларнинг ҳеч бири ота-онанинг ёнида бўлмаслигимизга арзимайди. Улар омонат, борида қадрига етиш керак.
Онам касалхонанинг жонлантириш бўлимида даволанаётганди. Ишонасизми, касалхонага борган кунимиз “Мени жума куни олиб кетасан қизим”, деб қайта-қайта гапирди. “Соғайсангиз, албатта, олиб кетаман”, дедим. Ишонасизми, жума куни эрталаб 10 да қўнғироқ қилиб “Келасанми, уйимга кетмоқчиман”, дедилар. “Сизни зўр хонага олишади, яна озигина даволанишингиз керак”, деб хайрлашдим. Ёнларидаги бемор опага “Яхшиям набираларимни кўриб олганим”, деб қарши томонга ёнбошлабдилар-у, жонлари узилибди. Бу хабарни эшитганда шок ҳолатига тушдим, аммо барибир умидимни узмадим. Озод Шукуруллоев онамни кўриб “Индира, сабрли бўл”, деганидан кейин бошқа чора қолмаганлигини билдим. Кейин билсам, шифокорлар уч кун аввал онамнинг аҳволи оғирлашаётгани ҳақида Озод акага айтишган экан, дейди Индира Мифтаҳова.
“Фарзандсизлигим катта давраларда мавзу бўлади”

— Онам вафот этганидан кейин кўпчилик “Агар фарзандинг бўлганида, овунардинг”, деб тасалли беришди. Аммо ота-она ва боланинг ўрни бошқа-бошқа. Оила қурганимизга беш йил бўлди, ишонаман, бир кун Аллоҳ, албатта, бизга ҳам фарзанд беради. Лекин кунига бу ҳақда эллик марта гапиришса, охири кўзга ёш оларкансиз. Бу ҳақида ўйлашаётгани учун раҳмат, аммо фарзандни Аллоҳ беради. Дуо қилинглар, аммо қайта-қайта эслатавериш шарт эмас. Олдин бу ҳақда ўйламасдим, муҳими турмуш ўртоғим вазиятни тушуняпти, умидимиз бор дердим. Аммо баъзи одамлар бахтли эканини исботлаш учун мени шу нуқтамга уряпти. Бу худди одамнинг камчилигини юзига айтишдек гап. Ҳатто душманимнинг ҳам дилини оғритишни истамайман. Баъзан ўзимни тутолмай йиғлаганимда шу даражада бешафқатмисизлар, дегим келади. Менга ҳам оғир, аммо на илож, дейди у.
Баъзи мухлислар чин дилдан дуо қилиб “Сизга фарзанд тилайман”, дейишади. Уларнинг кўрсатаётган меҳридан қувонаман, аммо уни ҳам пинҳона сўрашларини истайман. Чунки энди унутдим, чалғидим деганимда яна кимдир эслаца, ҳаммаси қайталангандек бўлади.
Яқинда турмуш ўртоғим билан бир тадбирга бордик, у ерда 100 га яқин шоу-бизнес вакиллари бор эди. Ишонасизми, тадбир якунлангунига қадар асосий мавзу биз бўлдик. Бу жуда ёқимсиз ҳолат, қанчалик кулиб туришга ҳаракат қилмай барибир юрагим оғриди. Ота-онам ҳамма нарсадан бахтли бўлишни ўргатган. Фарзандим йўқ тўғри, аммо бахтли бўлишимнинг бошқа сабаблари кўп, дейди Индира Мифтаҳова.
Индира Мифтаҳова вайнлардан топган даромади сабаб қайнонасига уй совға қилгани ростми?

— Аслида уйни мен эмас, турмуш ўртоғим олди. Реклама асосида уй беришди, турмуш ўртоғим ёнидаги яна бир уйга тўлов қилди. Аввал ҳам рекламага уй бериш бўйича жуда кўп таклифлар бўлган. Доим рад этардим, боиси бунинг масъулияти жуда катта. Мен реклама қилсам-у, аммо у вақтида топширилмаса ёки бошқа муаммолари юзага чиқса, ўзимни айбдор ҳис қиламан, дейди Индира Мифтаҳова.
Изоҳ (0)